Кот-д'Ивуарлик ярим ҳимоячи Франк Кессиэ жорий мавсум якунида "Барселона"ни тарк этиб, Италия чемпионатига қайтиши мумкин. Бу ҳақда Get Italian Football News нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, африкалик футболчининг хизматларига Миланнинг "Интер" клуби қизиқмоқда. "Нерадзуррилар" футболчини кейинги мавсум учун сотиб олиш имконияти билан ижарага олишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Кессиэ ўтган ёзда "Милан"дан "Барселона"га ўтган эди. Испания чемпионатининг жорий мавсумида 26 ёшли футболчи 15 ўйин ўтказиб, голли узатмани амалга оширди ва тўртта сариқ карточка олди.