Англия чемпионатининг 26-туридан ўрин олган баҳсда “Ливерпуль” “Манчестер Юнайтед” устидан 7:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мерсисайдликлар “қизил иблислар” билан ўзаро ўйинларнинг сўнгги 5 тасидан 4 тасида зафар қучди. Шундан 3 та ўйинда Юрген Клопп шогирдлари йирик ҳисобда ғалаба қозонган: 2022 йил апрель ойида (4:0) ва 2021 йил октябрь ойида (5:0).
Шунингдек, “қизиллар” АПЛдаги мағлубиятсиз сериясини 5 тага етказди. Сўнгги 5 та ўйиннинг 4 тасида ғалаба ва биттасида дуранг натижа қайд этган. Тўплар нисбати — 13:0.
Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль”нинг АПЛдаги голлари бўйича тўпурарга айланди. Мисрлик футболчи мерсисайдликлар сафида АПЛдаги голларини 129 тага етказди ва жамоа афсонаси Ронни Фаулернинг рекордини янгилади. Салоҳ Премьер лига доирасида “Манчестер Юнайтед”га урилган голлар бўйича Алан Ширерга етиб олди. Иккала футболчи ҳам манкунианликлар дарвозасига 10 тадан гол урган.
“Манчестер Юнайтед” АПЛда 4-бор 0:7 ҳисобида мағлубиятга учради. Шу вақтга қадар Манчестер клуби 3 марта 0:7 ҳисобида мағлуб бўлган эди. 1926 йилда “Блекберн”, 1930 йилда “Астон Вилла” ва 1931 йилда “Вулверҳэмптон” “Манчестер Юнайтед” дарвозасига жавобсиз 7 та гол урган.
“Ливерпуль”га қарши ўйиндан сўнг Эрик тен Ҳаг шогирдларининг 11 ўйинлик мағлубиятсиз серияси ўз якунига етди. “Манчестер Юнайтед” сўнгги бор 22 январь куни “Арсенал”га 2:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Ундан кейин 9 та ғалаба ва 2 та дуранг натижа қайд этган.
“Ливерпуль” бош мураббийи Юрген Клопп ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан бўлишди:
“Гап-сўзга ҳожат йўқ. Фантастик ўйин бўлди. Яхши формада бўлиб турган жамоага қарши топ-футбол кўрсатдик. Иккинчи бўлимни яхши бошладик, якун эса ёмон бўлмади. Бу футбол, унда шундай воқеалар бўлиб туради.
Ушбу ғалаба биз хоҳлаган турткини берди. У бизни тўғри йўлга бошлайди. Биз ҳамон жойимизда турганимизни барча билиши лозим. Олдинда 13 та ўйин бор”.
“Манчестер Юнайтед” устози тен Ҳаг эса жамоа ўйинидан норози бўлди:
“Иккинчи бўлимда ўйнаган биз эмас эдик. Бу бизнинг стандартларга тўғри келмайди. Жамоа сифатида яхши ўйин кўрсатмадик. Жаҳлим чиқдими? Албатта!
Ҳайрон қолдим, чунки сўнгги ҳафталарда жамоа ғалабага чанқоқлигини намойиш этганди. Иккинчи бўлимда ғолиблик кайфияти йўқ эди йигитларда. Ўз ишимизни бажармадик.
Афсус, бу ҳақиқат. Уни қабул қилишимиз керак”.