Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўзбекистон терма жамоаси Қувайтни йирик ҳисобда мағлуб этди

Баҳо:
+ | -

Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон терма жамоаси бугун Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида Қувайт терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, йирик – 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинда Александр Гейнрих дубль қайд этган бўлса, яна бир гол Санжар Турсунов номига ёзилди.

Ўзбекистон терма жамоаси учун бу ўйин яна беш кундан кейин Жанубий Кореяга қарши бўлиб ўтадиган ЖЧ-2014 саралаш ўйинига тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши керак эди. Бош мураббий Миржалол Қосимов бош репетицияга қуйидаги футболчиларни асосий таркибда майдонга туширди: дарвозада Игнатий Нестеров, ҳимояда Шохрух Гадоев, Анзур Исмаилов, Акмал Шорахмедов, Артём Филипосян, ярим ҳимояда Вагиз Галиулин, Санжар Турсунов, Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Фозил Мусаев ва хужумда Александр Гейнрих.

Дастлабки дақиқалар ҳамюртларимиз ташаббуси остида ўтсада, хавфли вазиятлар деярли содир этилмади. Футболчиларимиз рақибга юқори тезликдаги ўйин таклиф қилишди. Қувайт бунга тайёр эканини намойиш этиб, хужумларимизни совуққонлик билан қайтаришга муваффақ бўла олди.
Илк эсда қоладиган вазият 14-дақиқада содир бўлди. Сервер Жепаров узоқ масофадан рақиб дарвозасини ўққа тутишга уриниб кўрди, лекин зарба ноаниқ кетди.

Ниҳоят 17-дақиқада ҳисоб очилди. Рақиб ҳимоячиларининг хатосидан кейин тўпни эгаллаб олган Гейнрих уни ўнг қанотга – Шорахмедовга етказди. Акмал эса тезлик билан тўпни жарима майдони ичига оширди. Ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Санжар Турсунов эса жарима майдони марказидан туриб, боши билан зарба бериб, ўзига хос бўлмаган чиройли гол кирита олди.

Голдан кейин ҳам ўйин сурати ўзгармади. Қувайт хеч нима бўлмагандек кўпчилик бўлиб ҳимояланишда давом этди. Футболчиларимиз эса хужум уюштирсаларда, уларни мантиқий якун – зарбагача етказа олмай қийналдилар.

Бўлимнинг иккинчи ярмига келиб рақибимиз ўйинни бироз тенглаштира олди ва дадиллик билан хужумга ўта бошлади. Лекин ҳимоячиларимиз рақиб футболчиларига зарба беришга имконият қолдирмадилар. Бундай вазиятда қарши хужумларга таянган футболчиларимиз эса узоқ масофалардан зарба беришга уриниб кўрдилар. 25-дақиқада Тимур Кападзенинг шундай зарбаси ноаниқ кетган бўлса, 32-дақиқада Сервер Жепаровнинг кучли зарбасини дарвозабон Рашидий қийинчилик билан қайтара олди.

Ҳакам томонидан биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса ҳамюртларимиз ҳисобдаги фарқни оширишга эришдилар. Яна Акмал Шорахмедов ўнг қанотдан жарима майдонига оширган тўпга бу сафар ёлғиз қолдирилган Александр Гейнрих қайчи услубида зарба бериб, чиройли гол киритди.

Иккинчи бўлим ҳам биз учун қувончли тарзда бошланди. Илк хужумдаёқ Санжар Турсунов ўнг қанотга тўп ошириб, Сервер Жепаровни қулай вазиятга чиқарди. Сардоримиз эса тўпни тезлик билан жарима майдони ичига ошириб, Гейнрихни дарвозабон билан яккама-якка чиқарди. Ушбу вазиятда хужумчимиз ўз имкониятидан тўлиқ фойдалана олиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Рақибнинг эсанкирашидан фойдаланган футболчиларимиз тўртинчи голни ҳам киритишлари мумкин эди. 52-дақиқада Гейнрих тўпни чиройли тарзда узатиб, Кападзени дарвозабон билан юзма-юз чиқара олди. Лекин Тимурнинг зарбаси яхши чиқмади ва дарвозабон тўпни осонлик билан ушлаб қолди.

60-дақиқада Миржалол Қосимов майдонга янги футболчиларни – Улуғбек Бақоев, Жасур О.Хасанов ва Владимир Шишеловни туширди. Айтиш жоизки, бу ўзгаришлар терма жамоамиз ўйинини кучайтира олмади. Бўлим ўрталарига келиб эса ташаббус рақиб томонига ўтди. Энди ҳимоячиларимиз қўпол хатоларга йўл қўйиб, Қувайт хужумчиларига имконият бера бошладилар. 62-дақиқада Мухаммад Ал-Рашидий дарвозабонимиз билан юзма-юз қолиб, хавфли зарба берганида, Филипосян тўпни дарвоза чизиғидан чиқариб юборди. Орадан уч дақиқа ўтгач, чап қанотдан амалга оширилган жарима тўпидан кейин, Юсуф Сулаймон жуда яқин масофадан боши билан зарба бера олди, яхшиямки тўп Нестеровнинг оёғига тегиб, майдонга қайтди.

Биз эса “энг яхши ҳимоя бу хужум” иборасига амал қилиб, рақибни ўз жарима майдончамиздан узоқлаштиришга уриниб кўрдик ва бунинг натижасида яна гол киритиш учун имкониятга эга бўлдик. 64-дақиқада Жасур Хасановнинг узоқ масофадан зарбаси хавфли чиқди. Орадан сал ўтгач унинг ўзи тўпни жарима майдони ичидаги Улуғбек Бақоевга оширганида, хужумчимизнинг яқин масофадан берган хавфли зарбасини Рашидий қийинчилик билан қайтара олди. 73-дақиқада Владимир Шишеловда ҳам имконият бўлди. У дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борганида, афсуски тўпга тайинли зарба бера олмади.

Қолган дақиқалар лоақал бир гол киритишга уринган Қувайтнинг хужумлари остида ўтди, лекин вазиятлардан унумли фойдаланишда уларга маҳорат етмади. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси рақиб устидан йирик ҳисобдаги ғалабани сақлаб қола олди.

Ўзбекистон – Қувайт 3:0 (2:0). Тошкент. Пахтакор стадиони.
Бош ҳакам: Равшан Эрматов.

Голлар: Санжар Турсунов 17, Александр Гейнрих 45+1, 46.

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Шохрух Гадоев, Анзур Исмаилов, Акмал Шорахмедов (Ислом Иномов 80), Артём Филипосян, Вагиз Галиулин (Ж.О.Хасанов 60), Санжар Турсунов, Сервер Жепаров (Владимир Шишелов 60), Тимур Кападзе (Лутфулла Тўраев 71), Фозил Мусаев (Вадим Афонин 71), Александр Гейнрих (Улуғбек Бақоев 60)
Бош мураббий: Миржалол Қосимов

Қувайт: Холид Ал-Рашидий, Талал Ал-Эназий (Талал Ал-Фазл 83), Азиз Ал-Салимий (Хамад Авад 46), Талал Ал-Амр (Фахад Ал-Рашидий 58), Фахад Шахин, Мухаммад Ал-Рашидий, Дахрий Саид (Мухаммад Санад 50), Юсуф Ал-Сулаймон, Али Ал-Мақсид (Фахад ал-Иброхим 46), Азиз Ал-Эназий (Мухаммад Дахан 70), Фазл Амир.
Бош мураббий: Азиз Хамада

Огохлантиришлар: Филипосян 37, Шорахмедов 65

Манба: uzfootball.uz
Киритилди: 20:44, 07.09.2012.
Ўқилди: 5674 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.