«ПСЖ» голеадори зилзиладан жабр чеккан болаларга ёрдам бериш учун тузилган жамғарма акциясига қўшилди. Бу ташаббус айни кунларда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда.
Февраль ойида Туркия ва Сурияда рўй берган +7 баллик зилзила 45 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди, яна 100 минглаб одам бошпанасиз қолди. Ҳозирда ҳар икки мамлакатда гуманитар фалокат оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Жумладан, Туркия футбол федерацияси дунёнинг энг машҳур спортчиларини бирлаштирган OmuzOmuza («Елкама-елка») акциясини бошлаб юборди.
«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе эса биринчилар қаторида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади, унга қўшилишини маълум қилди.
«Чиндан ҳам, ҳаммани ларзага солган катта фалокат юз берди, - деди франциялик футболчи beIN SPORTS Turkiye эфирида. - Инсон хаёлига сиғмайдиган даражадаги катта фожиа. Турклар қандай кўргиликка юз тутишганини баҳолаш жуда қийин. Бугунги вазифа мен учун фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Туркияни қўллаб-қувватлаш учун бутун жаҳон футбол жамоатчилиги ҳам бирлашиши керак. Шундай акция жуда зарур эди ва унинг бир қисмига айланишдан фахрланаман. Жабрдийда болаларга ёрдам қўлини чўзиш учун бор имкониятлар ва воситаларни ишга соламан. Инсон сифатида ҳамиша ёрдам бериш, Туркияга қандайдир наф келтириш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Умидворманки, мамлакатда ҳаммаси яқин орада ўз изига тушади ва турк болаларини юзида яна табассум кўрамиз».
OmuzOmuza акциясига Килиан Мбаппедан ташқари, Элиф Элмаз, Неймар, Жорже Жезуш, Фотиҳ Терим каби машҳур футбол кишилари қўшилишди. «ПСЖ» ҳужумчиси Лионель Месси эса Туркияга ўз жамғармаси орқали инсонпарварлик ёрдами юборди.