Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўзбекистон - Жанубий Корея. ОАВ ходимларининг ўйинолди фикрлари

Баҳо:
+ | -

Бугун терма жамоамиз ЖЧ-2014 сўнги саралаш босқичи 3-тур учрашувини Жанубий Кореяга қарши ўтказади. Бу учрашув термамиз учун жуда муҳим баҳс саналади. ОАВ ходимларидан ушбу учрашув хусусидаги фикр ва мулоҳазалари билан қизиқдик.

Саволлар:
1.Ўзбекистон – Жанубий Корея ўйини ҳақидаги фикрларингиз?
2.Термамизнинг ғалабасига ишонасизми?
3.Миржалол Қосимов термамизни қийин вазиятда бўлишига қарамай, ЖЧга олиб чиқоладими?
4.Ўзбекистон – Кувайт баҳсида термамизнинг кўрсатган ўйини ҳақидаги хулосангиз?

Санжар Ризаев ЎФФ матбуот котиби.
1.Қийин ўйин бўлади. Корея кучли жамоа, лекин биз ЖЧга чиқиш мақсадида эканмиз, Кореяни ютишимиз керак. Ҳозирги ҳолатда ҳам уйимизда, ҳам сафарда ғалаба қозонишимиз шарт.

2. Албатта. Ҳар қандай жамоани ютса бўлади.

3. Бунинг учун биз ҳам ишлаймиз, ҳам ёрдам берамиз, ҳам дуода бўламиз.

4. Ўйинни тўлиқ кўрмадим. Стадионда ташкилий ишлар билан банд эдим. Аммо, учала голни ҳам кўрдим. Гейнрихнинг голи жуда ҳам ёқди. Бу ғалаба бизга жуда ҳам керак эди. Айниқса, Кореяга қарши ўйин олдидан.
Twitterдаги саҳифаси: @sanjarrizayev

Фарҳод Норбўтаев “FutGOL” газетаси муҳаррири
1.Терма жамоамиз Жанубий Корея билан ўйинда ғалаба қозонмаса, яна бир бор ЖЧ армонга айланади. Бевосита бугунги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, терма жамоамиз ютиши қийин. Чунки йигитларимизда бирикиш кўринмаяпти. Икки-уч нафар футболчимиз бир-бирини тушуниши ғалабага асос бўла олмайди.

2. Жанубий Корея билан ўйинда дуранг ҳам ғалаба билан тенг. Аммо ютишимиз шарт. Умид қиламанки, футболчилар бизларни уялтиришмайди.

3. Бу жуда қийин масала. Чунки, Қосимовга болаларни имкониятини тўлиқ билиши, уларни бир ёқадан бош чиқариб ишлашлари учун вақт камлик қилади. Бу якунда сезилиб қолмаса бўлгани. Ҳар ҳолда яхши ният қилиб Бразилияга боришни орзу қиламиз.

4.Кувайт билан ўйин ҳеч қандай аҳамият касб этмади. Боиси, рақибларимиз ёш футболчиларни олиб келди. Бу эса ўз-ўзидан бизни тўлиқ кучимизни кўрсатиб беролмади. Биз хурсанд бўлган ўртоқлик ўйини аслида, умуман бошқача бўлиши керак эди.
Twitterдаги саҳифаси: @Samarqandiy

Баҳодир Мирзаев “Бунёдкор” матбуот хизмати ходими.
1.Ўзбекистонни кичик ҳисобдаги ғалабасига ишонаман. Балки ҳисоб 1:0 бўлар. Терма жамоадаги йўқотишлар у қадар сезилади деб ўйламайман. Ахир Ватан жамоаси шарафини ҳимоя қилиш учун ҳар ким максимал кучини сарфлайди. Термадаги янги номлар – Шораҳмедов, Гадоев, Мусаев, Филипосян ўзларини бош жамоамизга муносиб эканликларини исботлашларига шубҳам йўқ. Туғри, корейслар анча тезкор жамоа. Аммо баҳс бизнинг сценарийимиз остида ўтади.

2. Ха, ғалаба албатта Тошкентда қолади.

3. ЖЧга чиқишимиз ҳақида Қатар билан ўйинлардан кейин гаплашганимиз маъқул.

4. Йигитлар бор кучларини сарфлашгани йук. Потенциал Жанубий Корея билан баҳга асраб қўйилди, деб ўйлайман. Лекин стадионга келган мухлислар хаққи-ҳурмати чиройли ўйнашга ҳаракат қилишди. Термамизнинг ўнг қаноти ва шу жойда ўйнашган Акмал Шораҳмедов ва Санжар Турсуновнинг ўйинлари жудаям ёқди.
Twitterдаги саҳифаси: @Bahodirmirzo

Шаҳбоз Беғамов “Насаф” клуби матбуот хизмати ходими ва “FutGOL” газетаси мухбири.
1.Бизни жуда жиддий ва муросасиз баҳс кутиб турибди. Ушбу учрашув амалда кўп нарсага ойдинлик киритиб бериши аниқ. Таркибимиздаги йўқотишлар Миржалол Қўшоқовични анча қийин вазиятга солиб қўйгани аниқ. Барча бу учрашувдан фақатгина битта нарсани кутмоқда, яъни ғалабани. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Лекин, шуни унутмаслик керакки, рақиб оддий терма жамоа эмас!

2.Ҳар ким ўз Ватани жамоасидан албатта фақат ғалабани кутади. Жанубий Кореяни Миржалол Қосимов етакчиларимизсиз ҳам мағлуб этиш мумкинлигини амалда исботлайди.

3. Бу саволга жавоб бериш жуда қийин. Миржалол Қосимов сўнги йилларда мураббий сифатида анча тажриба тўплади. “Бунёдкор”ни деярли етакчиларсиз ҳам етакчи жамоага айлантирди ва ОЧЛда бир қатор кучли рақибларни мағлуб этди. Миржалол Қосимов термамизни ҳам муваффақиятли бошқариб боради деб ўйлайман. ЖЧга олиб чиқади деб баралла айтгим келади. Аммо бу футбол. Футболда кутилган ва кутилмаган ҳолатлар кўп бўлади. Миржалол Қосимов термамизни яқиндагина яна ўз бошқарувига олди. Энг қизиғи, Миржалол Қосимов натижа кўрсатадиган мураббий сифатида анча шаклланиб бормоқда. Бунга мисоллар жуда кўп. Умид қиламан ва ишонаманки, Миржалол Қосимов термамизни 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган мундиалда иштирок этишини таъминлай олади.

4.Ушбу баҳс фақатгина Жанубий Корея билан ўйин олдидан “репетиция” вазифасини бажариб берди. Ўйин жуда ҳам аъло даражада ўтди дея олмайман. Миржалол Қосимов ушбу баҳс орқали шогирдларини имкониятларини амалда яна бир бор текширувдан ўтказди.
Twitterдаги саҳифаси: @begamov

Азамат Муродов, Stadion.uz интернет-нашри мухбири
1. Ўзбекистон – Жанубий Корея ўйини ҳақида нима дейиш мумкин? Муҳим учрашув. Ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини кескин пасайтириб юборади. Ғалаба эса имкониятни сақлаб қолишга ёрдам беради. Шундан ҳам бу ўйиннинг аҳамияти нечоғлик эканини билиш мумкин.

2. Шу юрт, шу мамлакат фуқаросига бу саволни беришнинг ўзи нотўғри, менимча. Сабаби ҳар қандай мухлис биринчи навбатда ўз терма жамоасига ишониши керак. Мухлис (журналист ҳам бу ўринда мухлисга айланади. Айланиши шарт!) сифатида олиб қараганда албатта. Умуман реал имкониятларга қараб айтганда эса, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Масалан, Жанубий Кореяга қарши ўйинда Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабасига қанчалик ишонмасам, шунчалик Кореянинг ғалаба қозонишига ҳам ишонмайман. Ёки аксинча. Бу ўйин шунақа кечиши мумкинки, биргина эпизод, биргина вазият барчасини ҳал қилиши мумкин. Ўзбекистон рақибдан кучсиз деб қаралсаю, ўйиннинг бошидан иштиёқ эвазига гол киритиб олса, кейин ўйин чиқиши ҳам, вазиятлар ҳам кўпайиши мумкин. Яна голлар киритиши мумкин. Демоқчи бўлганим, кучсизроқ жамоада ҳам ўйин давомида имконият бўлади. Ва ўша имкониятдан фойдаланиб ғалаба қозона олиш мумкин. Мана Япония билан ўтган саралаш босқичининг сўнгги учрашувини олайлик. Терма жамоамизнинг аралаш таркиб бўлиб ҳам илгари ҳеч қачон эпланмаган иш – ғалаба қозонганини кўрдик. Бу футбол унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳаттоки, Ўзбекистон йирик ҳисобда ҳам ғалаба қозониши ёки йирик ҳисобда ҳам имкониятни бой бериши ҳам мумкин. Лекин ўшанда аслида ўйин воқеалари бир хил кечган бўлиши мумкин. Яъни сценарий бир хил ёзилган-у, фақат ўйин натижаси тескари кўринишда бўлиши мумкин. Саволга битта умумий жавоб берадиган бўлсак: эртага ҳар қандай натижа бўлиши мумкин, лекин бу билан жамоаларнинг даражаси тенглашиб ёки катталашиб қолмайди. Ўзбекистон Жанубий Кореяни йирик ҳисобда ютса бу бизнинг кучайиб кетганимиздан далолат бермайди. Ёки йирик ҳисобда имкониятни бой берсак, бу савиямиз Осиё аутсайдерлари қаторига тушиб қолганимизни ҳам билдирмайди.

3. Мураккаб савол. Бу худдики, ҳавога чиқиб турган булутга қараб "бугун ёмғир ёғадими, ёки йўқ" дегандек гап. Ҳавога булут чиққани бу дегани албатта ёмғир ёғади, дегани эмас. Қосимовнинг зиммасидаги вазият ҳам шунга ўхшаш. Бу борада биттагина факт бор: Терма жамоамизда жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳали имконият бор. Демак, жаҳон чемпионатига чиқишимизни орзу қилсак бўлади. Агар терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқса, бу Қосимовнинг "инқилоби" бўлмайди. Ёки чиқа олмаса, Абрамов бўлганда олиб чиқади, дегани ҳам эмас. Юқоридаги саволга берган жавобимда ҳам айтиб ўтдим. Футболда барчасини биргина вазият ҳал қилиб қўйиши мумкин. Агар бугун Жанубий Кореяга қарши ёмон ўйнаб биргина гол киритиб ғалаба қозонсак, кўпчилик Қосимовни қаҳрамонга айлантиради. Лекин чиройли ўйнаб, лекин гол кирита олмай, ютқазиб қўйса, бунда Қосимовнинг яхши мураббий эмаслиги ҳақида бонг ура бошлашади. 2009 йилги Мисрдаги жаҳон чемпионатини эсланг. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ёшлар терма жамоамиз 1:0 ҳисобида олдинда бораётган ва Кенжа Тўраев қулай имкониятга чиқиб бориб зарба берган, сўнгги сониялардагина дарвозабон катта қийинчилик билан тўпни қайтариб қолганди. Кейин... гол ўтказиб юоборгандик. Агар ўша вазиятда Тўраев гол урганда, ҳисоб 2:0га етган, терма жамоамиз плей-офф босиқчига чиққан ва ҳеч ким Убайдуллаевнинг «қўрқоқ» тактикаси ҳақида гапирмаган бўларди. Мусобақа ҳақида гап борганда муваффақият сўзи бирга қўшиб ишлатилган бўларди. Кўряпсизми, ўша биргина вазият қанчалик ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин эди. (Аслида эса ўша мусобақада ёшларимиз гуруҳдан чиқишга муносиб ўйнамаган). Қосимовнинг иши ҳам худди шундай. Ҳаракат қилинади. Ўхшаса, ўхшади. Ўхшамаса – йўқ. Лекин иккала ҳолатда Қосимов бир хил қарорлар қабул қилган, фақатгина майдондаги маълум вазиятлар, эпизодлар барчасини белгилаб берган бўлади.

4. Кувайт терма жамоаси билан ўйин ҳақида фикр билдиришдан кўра, ундан олинган фойдаси ҳақида гапириш ўринли. Биринчи навбатда бу таркиб Кувайтнинг энг кучли таркиби эмасди. Асосий футболчилари ўйнаганда ҳам бу термани ютиб юрган вакилларимизнинг 22 яшар укаларини жўнатган термани ютиши катта воқеилик эмас. Энг асосийси терма жамоамизнинг муҳим учрашув олдидан тайёргарлиги учун бу учрашув керак эди ва терма жамоамиз бундан унумли фойдаланди.
Twitterдаги саҳифаси: @AzamatMurodov

Маъмур Мамадалиев “Локомотив” клуби матбуот хизмати ходими.
1.Терма жамоамиз олдида катта синов турибди. Бу синовдан жамоамиз аъзолари бемалол ўта оладилар. Кучли футболчиларимиз бор. Жароҳат олган футболчиларимизни ўрнини боса оладиган бошқа ўйинчиларимиз бор. Кореяни ютиш пайти келди. Уларга қарши қандай ўйнашни биладиган мураббий бор.

2. Ғалабамизга ишонаман. Куч бирликда. Футболда ҳаммаси бўлиши мумкин. Ютиб бўлмайдиган термани ўзи йўқ. Шундай экан йигитларга омад.

3. Қосимов кучли мураббий. У ҳозирги термадаги футболчилар билан бир пайтлар бирга ўйнаган. У ким қандай кучга эга эканлигини яхши билади. Миржалол Қосимовга ишонаман. У футболчи пайтидаёқ терма жамоа билан Жаҳон чемпионатида иштирок этишни орзу қилган эди. Шу орзуни мураббийликда амалга ошириш пайти келди.

4. Менга жамоамизнинг ўйини ёқди. Янги футболчилар ишончни оқлашди. Лекин Корея билан ўйинда сал бошқачароқ таркибни кўрсак керак.
Twitterдаги саҳифаси: @mamurjon

Темур АЪЗАМ “Ўзбекистон овози” газетаси мухбири
1. Ўзбекистон терма жамоаси, яьни бизнинг терма жамоамиз ҳозир ўта мураккаб вазиятда турибди. Ғалаба қозонсак мундиалга чиқишимиз эҳтимоли ортади. Аксинча, бўлса Бразилияга боришдан амалда умидимизни узамиз. Лекин бир жиҳатни ҳисобга олишимиз керак, Корея биз учун ноқулай рақиб. Уларнинг футболчилари ўта тезкор ва жисмонан бақувват. Камига асосий футболчилар бўлган Аҳмедов ва Ҳайдаров майдонга туша олмайди. Бу биз учун катта муаммо. Агарда шу футболчиларнинг йўқлигини билдирмай, марказда устунлик ўрната олсак ғалаба қозонишимиз мумкин бўлади.

2. Қанакадир фоизлар нуқтаи назаридан олиб қараганда ишонаман. Лекин айни пайтда терма жамоада муҳит қанақа эканлигини билмаймиз. Абрамов ишдан бўшаган пайтда бу борада муаммолар юзага келгани ҳақида гап чиққанди. Агарда ички муаммолар тўлиқ бартараф этилиб футболчиларимиз ягона мақсад йулида бирлаша олсалар ғалабага ишонса бўлади.

3.Миржалол Қосимов афсонавий футболчи. Энди унинг олдида афсонавий мураббийга айланиш имконияти турибди. Қосимов айнан шу имкониятни қўлдан бой беришига сира ҳам ишонгим келмаяпти. Ўйлайманки, Қосимов бор маҳоратини ишга солади ва вазиятдан чиқиб кетиш йўлини топади. У ўзининг қандай мураббий эканлигини “Бунёдкор”да исботлаб бўлди. Энди навбат терма жамоага.

4. Кувайт билан ўйинни стадионда кўрдим. Футболчиларимиз айниқса биринчи бўлимда яхши ҳаракат килишди. Гейнрих ўзи учун ўта зарур бўлган голларни киритди. Бўлиб хам биттасида шедевр яратди. Терма жамоамиз ўша куни уюшқоқлик билан ҳаракат қилди. Бу ҳам Қосимовнинг ютуғи. Лекин кувайтликлар асосан ёш футболчиларни ўйнатганини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Биз асосий ғалабани расмий ўйинда қўлга киритишимиз шарт!
Twitterдаги саҳифаси: @TemurAzam

Тўлқин Бакирхўжаев “Спорт” канали ходими.
1.Терма жамоамизга Жанубий Корея билан бўладиган ўйин жуда қийин бўлади. Барчага аёнки, корейслар ҳужумкор ўйин намойиш этишади. Бугун биз уйда ўйнасакда фаворит меҳмонлар. Қийин учрашув бўлади. Лекин вакилларимизнинг гол уришига ишонаман. Юқорида меҳмонларнинг ҳужумкор футбол кўрсатишини тилга олдим. Бу билан мураббийларимизга қарши ҳужум тактикасида ҳаракат қилиш керак, ёки бошқа маслаҳат беришдан йироқман. Сабаби, Қосимов қандай тактикада ўйнаш ва таркибдаги футболчилар ҳолатини билади.

2. Ғалаба қозонишимизни жуда ҳоҳлайман. Аммо рақиб ҳам оддий рақиб эмас. Вакилларимизга омад тилайман.

3. Дастлабки 2та учрашувдан кейин турнир жадвалида қийин ҳолат юзага келган бўлсада, Қосимовга ишонаман. Миржалол акани қўллашимиз керак. Ишонч эса, нафақат бош мураббий балки футболчиларни руҳиятини ҳам кучайтиради.

4. Кувайт устидан ғалаба қозондик. Бироқ футболчилар ўзларини тўлиқ имкониятларини намойиш эта олмадилар. Нима бўлганда ҳам яхшиликка бўлсин. Учрашувга тўхталмайман. Сабаби, ўйинни Спорт канали орқали томоша қилиб барча футбол ишқибозлари хулоса чиқарганлари аниқ.
Twitterдаги саҳифаси: @Tolkinjon

Азиз Нурий “Насаф” клуби матбуот котиби.
1. Осон ўйин бўлмаслиги барчага маълум.
2.Ғалабага эришишмизни чин дилдан истайман. Аммо буни амалга ошиши жудаям қийин менимча.
3. Менимча, ЖЧга чиқа олмаймиз.
4. Ўзбекистон – Кувайт ўйинини ТВ орқали кузатдим. Лекин Жанубий Корея билан Кувайтни таққослаб бўлмайди. Энг муҳими ўйин куни йигитларимиз психологик тўсиқларни енга олишса, ғалаба биз томонда бўлади.
Twitterдаги саҳифаси: @Aziz_Nuriy

Манба: FutGOL газетаси
Киритилди: 12:05, 11.09.2012.
Ўқилди: 6140 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.