13 сентябрь куни ЎФФ Терма жамоалар марказида Мураббийлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда ТЖМ раҳбари Асқар Толибжонов Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Шуҳрат Мақсудов, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев ҳамда Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси бош мураббийи Мавзурхўжа Умархўжаевнинг ҳисоботларини қабул қилди.
МИЛЛИЙ ТЕРМА ЖАМОА
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 11 сентябрь куни ЖЧ-2014 саралаши доирасида Жанубий Корея терма жамоасига қарши ғоят масъулиятли ўйинни ўтказди. Ушбу ўйинга тайёргарлик жараёни, таъбир жоиз бўлса, август ойида бошланган бўлиб, жумладан, 13-15 август кунлари Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоа Иорданияда маҳаллий термага қарши иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.
Шунингдек, Жанубий Кореяга қарши ўйин арафасида яна бир ўртоқлик учрашуви ўтказилди. 7 сентябрь куни «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтган Кувайт терма жамоасига қарши учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси йирик – 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Асосий баҳс – Жанубий Кореяга қарши ўйинда эса ўзбекистонлик футболчилар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, «А» саралаш гуруҳида 2-3-ўринни эгаллаб, ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритиш учун имкониятни сақлаб қолишди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Шуҳрат Мақсудовнинг сўзларига кўра, Кувайт ҳамда Жанубий Кореяга қарши ўйинларда иштирок этган футболчиларнинг барчаси ўз клублари сафига жўнаб кетган. Улар орасида энг сўнгги бўлиб Россия Премьер-лигаси иштирокчиси – Владикавказнинг «Алания» клуби ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов ўз жамоаси сари йўл олган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдида олдинда янада масъулиятли ўйинлар турибди. Хусусан, Қосимов шогирдлари 16 октябрь куни ЖЧ-2014 саралаши доирасида Қатар терма жамоасига қарши ўйинда майдонга тушишади. Ушбу ўйин арафасида, айнан Қатар пойтахтида, Ироқ терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ташкил этилади. Сентябрдаги ўйинларда терма жамоага ёрдам бера олмаган легионер футболчиларнинг бўлажак ўйинларда майдонга тушиши эҳтимоли кундан-кун ошиб бормоқда.
Жумладан, БААнинг «Аш-Шабоб» клуби ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров Германиядаги муолажаларни якунлаб, БААга қайтиб борган. Мақсудовнинг сўзларига кўра, Ҳайдаров аллақачон тикланиш машғулотларини бошлаб юборган, Ироқ ва Қатарга қарши ўйинларда унинг майдонга тушиши эҳтимоли юқори. Шунингдек, Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клубида тўп сураётган ҳимоячи Шавкат Муллажоновнинг саломатлиги ҳам яхшиланиб бормоқда. У ҳам Қатарга борадиганлар рўйхатига киришга тайёр.
Украинанинг «Днепр» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов ҳам аста-секин сафга қайтмоқда. Бош мураббий Миржалол Қосимов билан мулоқотда бўлган тажрибали ҳимоячи бўлажак ўйинларда миллий терма жамоага ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ярим ҳимоячиларидан бири, Россия Премьер-лигасининг «Анжи» клуби вакили Одил Аҳмедовнинг Ироқ ва Қатарга қарши ўйинларда майдонга тушиш эҳтимоли 50га 50 дея баҳоланмоқда.
ЁШЛАР ТЕРМА ЖАМОАСИ
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси август ойи охири – сентябрь ойи бошида Вьетнамда ташкил этилган халқаро – АСЕАН Футбол федерацияси кубоги учун мусобақада иштирок этди. Мусобақанинг гуруҳ босқичида Австралия (2:1), Эрон (1:2) ҳамда Вьетнам (4:0) термаларига қарши майдонга тушган ўзбекистонлик футболчилар финал учрашувида Эрон терма жамоасига имкониятни бой берди (1:2). Бундан ташқари, августнинг 13-15 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳам Эрон ёшлар терма жамоасига қарши назорат учрашувлари ўтказилган эди.
«Вьетнамдаги халқаро мусобақада иштирок этиш имкониятини яратиб берганлиги учун ЎФФ Терма жамоалар марказига ўз миннатдорчилигимни билдираман», - деди Мураббийлар кенгаши мажлисида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев.
Маълумот ўрнида, Мусаев шогирдлари 2012 йилнинг 1-17 ноябрь кунлари БААда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этади. Ўзбекистон мусобақанинг «С» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, унга гуруҳда Шимолий Корея, Вьетнам ҳамда Иордания терма жамоалари рақиблик қилади. Ўзбекистонлик ёшлар мусобақадаги илк учрашувни 4 ноябрь куни Вьетнамга қарши ўтказади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олдига 2013 йили Туркияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифа қилиб қўйилган.
БОШҚАЛАР
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 21 сентябрь куни Осиё чемпионати финал босқичида иштирок этиш учун Эронга жўнаб кетса, ногирон-ампутантлар терма жамоаси эса 6-15 октябрь кунлари Россиянинг Калининград шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.