“Олмалиқ” – “Бунёдкор” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “қалдирғочлар” устози қатнашди.
- Миллий чемпионатимизнинг ҳар бир учрашуви худди бугунгидек тезкор, шддатли ва кескин курашларга бой бўлса биринчи навбатда бундан терма жамоамиз фойда кўради. Ўйинга келадиган бўлсак, жуда қизиқарли ва курашларга бой баҳс бўлди. Эришилган ҳақли ғалаба билан “Олмалиқ” жамоаси аъзоларини ва дўстим Игорь Шквиринни табрикламоқчиман, - деди Миржалол Қўшоқович.
- Кейинги ҳафтада Осиё Чемпионлар лигасининг чорак финали доирасида Авсралиянинг “Аделаида Юнайтед” клубига қарши меҳмонда ўйнайсизлар. Айтингчи, бугунги баҳсда ўша ўйинда қўлланиладиган тактикани синаб кўрдингизми?
- Йўқ. Агар таркибимизга эътибор қаратган бўлсангиз куни кеча миллий терма жамоа сафида тўп тепишган ўйинчиларнинг баъзилари захирада қолдирилганда яна бошқалари эса умуман таркибга киритилмаганди. Мақсад уларнинг жисмоний ҳолатига ортиқча юклама бериб зарар етказмаслик эди. Ҳозирги кунда миллий чемпионат ўйинларига ҳам жиддий ёндашиш керак. Ҳеч бир ўйин осон ўтмаяпти. Австралиядаги баҳсга тўхталадиган бўлсам, у ўйинда умуман бошқача услубда ўйнаймиз ва таркибимиз ҳам ўзгача кўринишда бўлади.
- Эштимизга қараганда, “Бунёдкор” футбол клуби ОЧЛ финалини Тошкентга олиб келиш учун жиддий курашга киришган экан...
- Аввал чорак финал тўсиғидан эсон-омон ўтиб олайлик, кейин ярим финал бор. Ундан кейин финал...