«Динамо» - «Навбаҳор» (2:0) учрашувидан кейин ҳар икки жамоа бош мураббийлари журналистлар саволларига жавоб қайтаришди. Дастлаб, «Динамо» жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи Сергей Арсланов ўйин борасида ўртоқлашди.
- «Биринчи навбатда йигитларнинг ўз кучларига тўлиқ ишонаётганликларидан хурсандман. Биринчи даврада бўлгани каби, иккинчи давранинг бошланишида ҳам очколар йўқотдик ва мана энди жамоа мухлислар кутган ўйинни намойиш этган ҳолда очколар жамламоқда. Ишончли ўйин, ишончли ғалабаларни тақдим этади. Бугун жамоа барча кўрсатмаларни аъло даражада бажарди ва бунинг учун йигитларга раҳмат.
- Бугун икки хил бўлим гувоҳига айландик. Дастлабкисида ҳужумкор «Динамо» кўрган бўлсак, иккинчисида эҳтиёткор «Динамо» намоён бўлди майдонда. Бу сизнинг танаффус пайтидаги кўрсатмангиз эдими ёки йигитлардаги хотиржамлик?
- Йўк, йигитлар асло хотиржамликка берилишгани йўқ. Бундай бўлганида рақиб бизни жазоларди. Кўрганингиздек биз уларга деярли ҳужум қилишга имкон бермадик. Гап шундаки, танаффус пайтида йигитларга энди майдонда иккинчи рақамли жамоа бўлиб тўп суришлари лозимлигини айтгандим. Яъни, рақиб ҳужумга ўтади биз эса икки тезкор ҳужумчи ва тезкор қанотлар орқали уларни қарши ҳужумда «ушлаймиз». Шу боис бу сизга эҳтиёткорона ўйин сифатида кўринган.
- Жадигеров ва Хвостунов сингари тажрибали футболчилар таркибда кўринишмади?
- Албатта, улар жамоада ўз ўринларига эгалар. Аммо, ҳозирда ҳар икки футболчи ҳам жароҳатини даволамоқда. Ўйлайманки, улар кейинги баҳсларда бизга ёрдам бера олишади.
- Жамоанинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир очко «Динамо» учун жуда зарур. Кейинги ўйинда эса сафарда «Динамо»ни осон бўлмаган рақиб «Шўртан» кутиб турибди…
- Барча жамоага қарши тўп суриб очко олса бўлади. Мисол учун сўнгги турда «Бунёдкор»дан бемалол очко тортиб олишимиз мумкин эди. Тўғри, «Шўртан» ҳам кучли жамоа, аммо биринчи даврада биз уларни мағлубиятга учратгандик. Жамоамизда ҳеч қандай муаммо йўқ, йигитларнинг кайфияти аъло даражада. Ўйлайманки, Ғузорда самарқандлик мухлислар ҳам бизни ёлғизлатишмайди. Шундай экан, биз очколар учун курашамиз.