Хуго Ларссоннинг трансфери ўз мамлакати учун рекорд бўлиши мумкин.
Скандинавия мамлакатлари энг яхши чемпионатларни ўз иқтидорлари билан бойитиб бормоқда: Мартин Эдегор ва Эрлинг Холанднинг бу мавсумдаги ўйинлари бунга яққол мисол! Швециянинг ҳам ўз зумрадлари бор: Деян Кулушевки, Александр Исак ва Энтони Эланга ўша Англияда ўйнашади. Аммо малмёлик 18 ёшли Хуго Ларссон аллақачон икки боп Премьер-лига клубларига ўтишдан бош тортган. У ким ва унда қандай фазилатлар бор - бу материалда танишиб чиқамиз.
Хуго Ларссон - у ҳақида нимани билишингиз керак?
У марказий ярим ҳимоячи позициясида ўйнайди, лекин таянч зонасига яқинроқ ҳаракат қилади. CIES (Халқаро Спорт тадқиқотлари маркази) яқинда уни ҳатто сайёрамизнинг 21 ёшгача бўлган энг истиқболли 10 нафар футболчиси қаторига киритди.
У таянч зонасида ўйнаш учун ҳамма нарсага эга: у тезкор, техникаси кучли, бўйдор (187 см), қисқа (87% аниқ) ва узоқ (65%) масофаларга ажойиб узатмаларни беради, ўз вақтида тўпдан қутулишни ҳам билади. Ўтган мавсум Хуго учун профессионал фаолиятидаги дебют бўлди. Лекин у шунчалик яхши таассурот қолдирдики, у Швеция чемпионатининг энг яхши ёш футболчисига айланди ва шундан сўнг у Швеция терма жамоасида ҳам дебют қилди.
Қизиғи шундаки, Ларссон фаолиятини ҳужумчи позициясида бошлаган: аввалига соф ҳужумчи, кейин эса қанот вингери. Мураббийларнинг фикрича, у зўр эди ва кўп гол урарди. Болалар ўртасидаги турнирларидаги ҳаракатларидан сўнг уни "Челси" ва "Больтон" ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлди, аммо футболчи "Мальмё" академиясида қолишни танлади.
Айнан Швеция клуби таркибида у аста-секин марказга ўтказилди, чунки Ларссон тенгдошларига қараганда секинроқ ўсарди, шу сабабли унинг ҳужумдаги кўрсаткичлар пасайди. Бундай ақлли футболчи ярим ҳимояда ўйнаши керак, деган қарорга келинди.
Академияда Хуго U16 жамоасида узоқ вақт ўйнади ва мураббийлар уни фойда келтиришига ишонтиришди. Ва шундай бўлди: шундан кейин у U19 таркибига, олти ойдан сўнг эса "Мальмё" катталар жамоасида дебют қилди.
Инглиз клубларига рад жавоби
2021 йилда Хуго яна "Челси" эътиборини тортди. У Бельгиядаги ёшлар ўртасидаги турнирда лондонликлар билан ўйнаб, гол урди ва скаутларни ҳайратга солди. Аммо у яна трансфердан бош тортди. У ҳатто нега бундай қарорга келганини тушунтирди.
"Челси" га муваффақиятсиз ўтиш ҳақида: “Челси”га ўтишимга ҳали эрта. Ривожланишни уйда, "Мальмё"да давом эттириш яхшироқ самара беради", - деди.
Ўтган қишда ярим ҳимоячига яна бир АПЛ клуби таклиф билан чиқди. Бу сафар "Борнмут" ярим ҳимоячи учун 12 миллион евро таклиф қилди. Клуб Хугони "Борнмут"га сотишга рози бўлди, бироқ инглиз клуби уни кейин "Лорьян"га ижарага бермоқчи эди. Аммо швед яна рад этди.
У "Борнмут"га муваффақиятсиз трансфери ҳақида шундай дейди: "Лорьян" карьерамни давом эттириш учун жуда мос вариант эмас. Тўғридан-тўғри "Борнмут"га трансфер эса жуда катта қадам"
Эртами-кечми Хуго топ чемпионатда тўп суради. Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, кўплаб гигантлар футболчининг ривожланишини кузатиб бормоқда ва бу трансфер Швеция клублари учун рекорд бўлиши мумкин.