Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Эрлинг Холанд: «Гол урганимда, деярли ўйламайман»

Баҳо:
+ | -

Кун, ҳафта ва умуман, жорий мавсум суперқаҳрамони. Албатта, гап Эрлинг Холанд ҳақида кетмоқда.

«РБ Лейпциг» дарвозасига 5та гол урган норвегиялик тўпурар ўйиндан сўнг мутлақо хотиржам ҳолатда интервью бериб, ўзини тутиш масаласида ҳам чакки эмаслигини кўрсатди: «ЧЛда ўйнаш имконига эгалигимдан бахтиёрман. Ушбу турнир ўйинида 5та гол уриш, яна мухлисларимиз кўз ўнгида, қолаверса, 7:0 ҳисоби... Тўғриси, барчасини ифодалаш учун тил ожиз».

- 5та голингиздан қайси бирини алоҳида эътироф этасиз?

- Очиғи, ҳозир бошимда қандайдир туман бор ва ўйин лаҳзаларини аниқ эслолмайман. Фақат зарбалар йўллашда ҳеч нарсани ўйламаганимни айта оламан, холос.

- Шубҳасиз, биринчи голдан кейин дарҳол иккинчиси уриш жуда ёқимли... 

- Оҳ, голларни нишонлашдан қанчалик чарчаганим ўзимга аён (кулади). Умуман олганда, жамоа билан прессинг устида кўп ишладик, ҳаттоки, ўйиндан бир кун олдин ҳам. Рақибга прессинг уюштириш айниқса, ўз майдонимиздаги ўйинларда муҳим, лекин ҳар қандай баҳсда кучли босим ўтказиш талаб этилади. Чунки тўп билангина хавфлимиз: Кевин де Брюйне нимадир ўйлаб топади, мен эса унинг узатмаларига тайёр тураман. Ўйлайманки, қолган ўйинларда ҳам прессингни янада кучайтиришимиз керак.

- Суперкучингиз сири борми?

- Суперкуч? «Пента-трик»дан кейин айтмасам бўлмас - гол уриш! Тан оламан, кўпинча гол ургач, ортиқча ўйламайман, аниқроғи, деярли ўйламайман. Шунчаки, кейинги вазиятда тўпни яна дарвоза томон йўллашга уринаман. Ўзи футболда тезкор равишда қарор чиқариш муҳим. Ҳужумчи учун эса тезкор қарор - бу тўпни дарвозабонга мураккаб ҳолатда йўллаш. Албатта, маҳорат ҳам муҳим, лекин кўп нарса мия тезкорлигига боғлиқ.

- Айниқса, ҳимоячилар ортида бўш ҳудуд бўлса, ўзингизни ғоят эркин тутасиз, бирибир. Жамоангизнинг шундай тактикада тез-тез ўйнашига қандай қарайсиз?

- Албатта, бу чизмада рақибнинг кўпроқ ишлашига тўғри келади. Шунинг баробарида биз учун чизиқлар орасида кенгроқ жой қолади. Менимча, «Сити» ўтган мавсумга нисбатан ранг-барангроқ ўйнаш салоҳиятига эга, жумладан, марказий ҳужумчи билан. Жамоага айнан шундай ёрқинлик бериш ҳаракатидаман.

- 5та голдан кейин эҳтимолки, икки карра «хет-трик»­ни кўзлагандирсиз, аммо мураббий сизни алмаштирди...

- Ҳа, ҳа, майдондан чиқиб кетаётиб, Гвардиолага айнан шу ҳақда гапирдим: «Олтинчи голни хоҳлагандим...». Яна нима дердим? Унинг қарорига бўйин эгаман.

- Энди жорий ЧЛнинг бош тўпурарисиз. Барча сиздан «Манчестер Сити»ни турнирда ғалаба сари етаклашингизни кутмоқда. Бунинг ортидан қандайдир босим сезилмаяптими?

- Қийин савол, чунки жавоб бериш билан сизларга осон сарлавҳа беришим мумкин. Албатта, ЧЛда ҳам, бошқа турнирларда ҳам соврин ютишни истаймиз. «Сити» охирги 5 йилда АПЛда 4 бора ғолиб чиқди. Шуни ҳисобга олсак, мени АПЛ тожи учун харид қилмаган. Балки ЧЛ кубоги учундир... Муҳими, клуб янада тезроқ ривожланишига ҳисса қўшишни хоҳлайман, шунда ЧЛнинг биринчи кубоги ўз-ўзидан келиши мумкин.

Эътироф

- Албатта, Холанд ЧЛда Месси ва Луис Адриано ўрнатган рекордни такрорлаганини биламан! Бу ишни 60 дақиқада бажаргани эса ақлга сиғмайди. Эрлинг ҳали ёш, келажакда Мессининг бошқа рекордларини ҳам янгилашига шубҳам йўқ. Агар 22 ёшидаёқ маррага етганида, фаолиятининг қолган қисмида зерикиб қолармиди? Ҳозир эса келажак учун мақсади бор. Эрлингни майдондан олишда, шу жиҳатни ўйладим. Қолаверса, ЧЛ «плей-офф» ўйинларида 5та гол уриш рекорди Мессига тегишли эканлигини билмасдим, бу ҳақда ўйиндан кейин айтишди. Хосеп ГВАРДИОЛА («Манчестер Сити» бош мураббийи).

-------------------------------------------------------------------

ЭРЛИНГ ХОЛАНДНИНГ БЕШ РЕКОРДИ

***    ЧЛда 30та гол маррасига энг қисқа вақтда етган футболчи (бунинг учун унга атиги 25та ўйин кифоя қилди).

***    ЧЛда 30та гол маррасига етган энг ёш футболчи (22 ёш 7 ой 21 кунлик).

***    ЧЛнинг 1та ўйинида энг кўп гол урган футболчи (Луис Адриано ва Месси билан бирга).

***    Бир мавсумда «Манчестер Сити» учун энг кўп гол урган футболчи (42та).

***    Бир мавсумда «Манчестер Сити» учун ЧЛда энг кўп гол урган футболчи (10та).

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 20:20, 28.03.2023.
Ўқилди: 1253 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.