"Сурхон" бош мураббийи Сергей Арсланов Суперлиганинг 4-тури доирасида бўлиб ўтган "Бухоро"га қарши ўйин (2:0) борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
— Бугунги ўйин эмоцияларга бой бўлди. Нафақат ўйин темпи, ҳаракатлар, балки ҳиссиётларни ҳам бошқара билиш керак. Менимча, биз буни уддаладик ва керакли натижага эришдик. Барчага раҳмат.
— «Сурхон» ўйиндан ўйинга яхши ўйин кўрсатиб бормоқда.
— Келинг, буни шундай тушунтирай. Биз ўзимиз учун керакли расмни аста-секинлик билан чизиб боряпмиз. Мураббийлар штабининг ўзи истаган ўйин услуби бор. Бу йўналиш эса натижасини бермоқда. Демак, биз тўғри йўлдамиз.
— Силванус Нимелининг тезлиги яхши экан, бироқ барибир унда ранг-баранглик этишмаётгандек.
— Тўғри пайқабсиз, унинг старт тезлиги жуда катта. Замонавий футболда бу жуда муҳим сифат. Чунки доимо рақибдан 2-3 қадам олдинда бўлиш керак. У бу сифатидан этарлича фойдалана олади. Унга нимадирлар этишмаяти, дейиш бироз нотўғри. Чунки у ўйиндан ўйинга вазиятларни ўзи яратишга ҳаракат қилмоқда. Ҳа, у олдинги чизиқдаги ҳужумчи саналади. Биз Индзагини барча ҳужумчиларга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бироқ у Инзагичалик техникага эга эмас, бироқ керакли пайтда керакли жойда пайдо бўлмоқда. Унинг асосий сифатлари — бўш ҳудудда бўлиш ва бундан фойдаланиш. Бу сифатлар ҳозирги кунда ҳужумчиларга энг кераклиси бўлмоқда.
— Биринчи голдан кейин рақибларингизда яхши вазият бўлди. Тўп тўсинга тегди. Шундан кейин жамоа асосан ҳимояда ўйнади. Бу мураббийларнинг қароримиди?
— Аслида мураббийларнинг режасида бу йўқ эди. Биринчи бўлиб гол урган ўйинларимизда ёпиқ ўйин намойиш қилмаганмиз. Асосан очиқ ва жанговор футбол намойиш қилишга ҳаракат қидамиз. Ҳа, балки ўша вазиятда бироз ортга чекингандирмиз. Тан оламан, иккинчи бўлимнинг биринчи ярмида тўпни дарвозамизга яқин жойдан кўп бора қайтардик, аслида буни унчалик хушламаймиз. Кейинчалик эса ўйинни ўртага кўчирдик. Ўйиннинг якунига яқин эса яна агрессив ва ҳужумкор футбол намойиш қилдик. Бундай ҳолат иккинчи бўлимнинг дастлабки ярмида бўлмаганди.
— Тамирлан Жамалутдинов қизил карточкага қадар майдондаги энг яхшиларидан бири эди, балки энг яхшиси ҳам. У билан суҳбатлар бўладими? Чунки у фаолияти давомида илк марта қизил карточка олди.
— Аслида у дипломатик ва хотиржам футболчилардан бири. У ўз хиссиётларини доимо бошқариб кела олган. Шу сабабли у фаолияти давомида қизил карточка олмаганди. Сўрадик, бунга хос сабаблар борлигини айтди. Аммо бу қизил карточка учун олиб келмаслиги керак эди. Жамоавий спорт турларида у бошқа шерикларини ҳам ўйлаши керак. Қачонки жамоа ғалаба қозонаётган пайтда футболчининг қизил карточкаси кечирилади. Албатта, у билан суҳбат ўтказамиз. У яхши техникага, футболча фикрлашга эга бўлган футболчи. Бу унинг учун ҳам ўзига хос сабоқ бўлади.