Якунига етган ҳафта миллий чемпионатлар доирасида айрим топ клублар учун омадсиз келди. Кеча бўлиб ўтган учрашувларда бир қанча сенсацион натижалар қайд этилди.
"Наполи" ўз уйида "Милан"ни қабул қилиб, кутилмаганда 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Мазкур баҳсда мезбонлар етакчиси Виктор Осимхен жамоасига ёрдам беролмади. Натижада Хвича ҳужумда ўзини ёлғиз ҳис қилди. У билан тандем сифатида ҳаракат қилган Симеоне ҳамда иккинчи таймда майдонга туширилган Распадори ҳам Осимхеннинг ўрнини боса олмади. Шунингдек, мезбонларнинг ҳимоясида ҳам анча муаммолар борлиги бугунги учрашувда яққол билиниб қолди. Оқибатда, жавобсиз 4 та гол қабул қилиб олишга мажбур бўлди.
Тўғри, "Милан" ҳам ғалабага ўзидан-ўзи эришгани йўқ. Меҳмонлар реализацияда майдон эгаларидан кўра анча устунлик қилди, яъни вазиятлардан максимал даражада фойдаланиб, бу борада рақибига ўзига хос мастер-класс кўрсатиб берди. "Россонерилар" таркибида Тео, Леау ҳамда Жиру каби футболчиларнинг даражаси ҳам ўйин натижасига анча таъсир кўрсатди.
"Наполи" таркибида айнан Осимхеннинг ўрнини эгаллайдиган футболчи топилмади. На Симеоне ва на Распадори унинг ролида ўйнай олди.
Энди Франция тарафларга назар ташлаймиз. Лига 1 доирасида пешқадам ПСЖ ўз уйида "Лион"ни қабул қилиб сенсацион тарзда мағлуб бўлди. Ҳисоб - 0:1.
Ўйин тўлиқ парижликлар назоратида ўтган бўлса-да, вазиятлардан фойдаланишда меҳмонлар ажойиб натижа кўрсатишди. Париж клуби сафида Неймарнинг йўқлиги ҳам сезилди. Хабарингиз бор, бразилиялик футболчи жароҳат олиб, мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборишга мажбур. Шунингдек, "Наполи"да ҳам ПСЖда ҳам етакчи футболчилар FIFA кунларида терма жамоасига ёрдам бериш учун жўнаб кетишганди. Қайтиши биланоқ икки клуб ўз чемпионатларида марказий учрашувда майдонга тушди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳам мазкур баҳсларда анча панд бергани аён бўлди. Лидерларнинг ўрнини босиш керак бўлган футболчиларнинг даражаси эса уларчалик эмас.
Икки клуб ҳам ўз чемпионатида етакчилик қилаётганди. Уларнинг бу мағлубиятини FIFA кунларидан кейинги чарчоқ аломатлари билан боғлаб турамиз. Бироқ кейинги учрашувларда бу сабаб бўла олмаслиги аниқ.