Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Садио Мане: «Йўқ, ҳеч қачон ютқазмайман!»

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсумнинг каттагина қисмини турли сабаблар туфайли ўтказиб юборган сенегаллик ҳужумчи Садио Мане энг муҳим паллада спорт формасини деярли тиклаб олди ва энди «Бавария»га кутилган даражада наф келтиришга шайланмоқда.

 «Ливерпул»нинг собиқ вакили Германия ОАВга берган интервьюсида асосан ЕЧЛнинг ўзи учун унутилмас кечаларини эсга олди, мураббий Юрген Клопп билан муносабатига тўхталди. Садио шунинг баробарида ўша ажойиб оқшомларни роса соғинганини алоҳида таъкидлаб, «Бавария»да ҳам шундай ғалабага умидвор эканлигини яширмади.

- Садио, Мюнхенда ўз таъбингизга мос яхши сартарош топа олдингизми?

- Қидиришга ҳожат бўлмади - бу иш билан яқин дўстим шуғулланади. Унинг тажрибасига мутлақо ишонаман. Шундай экан, сочимни парваришлаш масаласида кўнглим тўқ. Оддий айтганда, соч турмагим ишончли қўлларда.

- Ёзда «Бавария» билан Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқсангиз, машҳур соч турмагингизни қизил рангга бўяш ҳақида ваъда берганингиз эсингиздами? 

- Ҳа, лекин финишга қадар ҳали узоқ йўл турибди. Йўқ, ташвишланманг, агар «Бавария» билан ҳам «шалпангқулоқ» кубокни қўлга киритсам, ўз сўзим устидан чиқаман, албатта. Айтилган сўз - отилган ўқ!

- Жамоангиз «Пари Сен-Жермен» тўсиғидан жуда енгил ва совуққонлик билан ўтиб олди. Ваҳоланки, Париж гранди жуда даҳшатли ҳужум учлигига эга...

- Ҳа, Лионель Месси бугун ҳам дунё бўйича энг кучли ҳужумчи саналади. У буни ҳар ҳафта намойиш этмоқда. Дейлик, ЖЧ-2022даги ўйини ва ғалабаси барчасига далолат. Шунингдек, Неймар ва Килиан Мбаппе ҳам ўз позицияларида энг яхшилардан ҳисобланишади. Бундай ижрочиларга ҳурматим баланд, шунинг баробарида «Бавария» уларга имкон бермаганидан бағоят хурсандман.

- Қизиқ, «ПСЖ»нинг ҳозирги триоси вақтида «Ливерпуль» ҳужумида ҳаммани титратган Роберто Фирмино - Муҳаммад Салоҳ - Садио Мане учлигидан ҳам кучлироқми?

- Очиғи, бу каби таққослашларга тобим йўқ. Боз устига, биз энг юқори чўққига чиққан даврни ҳозирги вақтга қиёслаш ҳам нотўғри. Қайтараман, барча етук футболчилар ўйин­ларини алоҳида қадрлайман. Муҳими, менга Фирмино ва Салоҳдек ўз ишининг усталари билан елкама-елка ўйнаш насиб этди, бунинг учун тақдиримдан  миннатдорман. Футболда бундай ижрочилар даврасида ўйнаш - бахт! Яна чинакам роҳат!

- 2019 йили ЕЧЛ шоҳсупасига кўтарилишдан бир мавсум олдин финалда «Реал»га ютқазгансизлар. Ўша мағлубият жамоангизга қандай таъсир қилганди, хусусан, «Тоттенхэм»га қарши кечган кейинги финалда?

- Ҳар доим бир гапни айтаман: футболда ҳеч қачон ютқазмайман! Бошқача ифода этганда, ҳар бир мағлубият - бирор янги жиҳатни ўрганиш имконияти. Ҳа, ўша финал «Реал» фойдасига ҳал бўлди, муҳими, мағлубият таъсирида менталитетимиз жамоа шаклида сезиларли даражада кучайди. Хусусан, ЕЧЛда ғалаба қозониш иштиёқи ва бунга интилиш янада кучайди.

- «Реал»га қарши ўша омадсиз финал ҳақида сўз очилса, ҳар бир киши аввало, дарвозабон Льорис Кариус хатоларини кўз ўнгига келтирса керак...

- Тўхтанг, мени ноқулай аҳволга солманг, Кариус хатолари ҳақида асло гапирмайман ва мағлубиятни ҳам бунга боғлаш ниятим йўқ. Зеро, бу ҳаётда ҳаммада қандайдир хатолар бўлади. Жумладан, мен ҳам бундан ҳимояланган эмасман. Албатта, бутун дунё нигоҳи остида шунга ўхшаш хатога йўл қўйиш жуда ачинарли. Мантиқан олсак, Льорис ўша ўйиндан кейин бутунлай «синди». Муҳими, биз қараб турганимиз йўқ, унга имкон қадар далда бериш, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилдик. Ҳар ҳолда, финалга чиқишимизда Кариус ижросидаги ажойиб «сэйв»лар ҳам катта аҳамият касб этганди.

- «Ливерпул»да Юрген Клопп қўл остида мириқиб ўйнагансиз. Муносабатларингиз қандай эди?

- Биринчи учрашувданоқ ўртамизда ўзгача илиқ муносабат шаклланди. Бошқача бўлиши мумкин эмасди: Юрген ўзига хос инсон: жуда қувноқ, айни пайт самимий. У ҳамиша мени табассум улашишга мажбур этарди. Клопп шунинг баробарида қойилмақом мураббий ҳам, албатта.

- Клопп 2014 йили, яъни Дортмунднинг «Боруссия» клуби бош мураббийи сифатида ишлаётган пайтдаёқ сизни ўз шогирдлари қаторида кўришни хоҳлаган экан.

- Ҳа, эсимда, у билан Дортмунддаги машғулотлар майдонида учрашган ва дастлаб фақат футбол ҳақида гаплашгандик. Ўшанда ўз тактикаси ҳақида батафсил гапирди ва унинг тизимида қандай роль ўйнашимни тушунтирди. Шунингдек, мени шахс сифатида ҳам ёқтиришини яширмади. Кейин шахсий масалалар ҳақида гурунглашдик...

- ... Бироқ фаолиятингизда ўзгариш бўлмади, нега?

- Менинг айбим билан эмас, ҳарқалай (кулади). Биламизки, футбол трансфери ҳар доим бир киши розилиги эмас, томонлар ўртасидаги тегишли келишувга ҳам боғлиқ. Қисқаси, ўтиш иши шунчаки, ўхшамаганди.

- «Бавария» билан яқин келажакда Чемпионлар Лигасида Юрген Клопп ва «Ливерпул»га тўқнашишни хоҳлармидингиз?

- Мураккаб савол. Албатта, собиқ клубдошларим ва мураббий билан майдонда қайта кўришиш жуда ёқимли бўлади. Аммо «Ливерпул»га қарши ўйнашга тўғри келмаса, янада яхшироқ.

- «РБ Зальцбург» футболчиси сифатида тез-тез Мюнхенга ташриф буюрганингизни айтган эдингиз. Қизиқ, фақат сайр ёки харид мақсадида сафарга чиқармидингиз ёки қандайдир ўзгариш бўлиши умидида?

- Ўша пайт Англия Премьер-лигаси ҳақида етарли маълумотга эга эмасдим. Бундеслигага эса кўп эътибор қаратардим, ахир Германия мен ўйнаган Австрияга жуда яқин. Шу тариқа Бундеслигада ўйнаш хоҳиши туғилди ва кун келиб Германияга футболчи сифатида ҳам ташриф буюришни дилимга тугиб қўйдим. Ҳаттоки, бу борада маслаҳатчим ва «Бавария» масъуллари билан ҳам учрашгандим бир марта. Аммо тақдир экан, ўшанда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганди. 

— Ўша пайт «Арсенал»га қарши ЧЛ 1|8 финал ўйинини томошабин ролида кузатгандингиз. Энди эса клуб вакилисиз.

- Ҳа, ўша пайт буни тасаввурга ҳам сиғдиролмасдим. Энди «Альянц Арена»да «Барселона», «Интер» ва «ПСЖ»га қарши ажойиб футбол кечаларини бошдан кечирдим. Бу ерда ҳаттоки, «Виктория» Пл. билан баҳсда ҳам тенгсиз муҳит ҳукм сурди.

- Бундеслигадаги дебютингизни Франкфуртда «Айнт-рахт»га қарши баҳсда нишонладингиз ва ғалаба шарафига панжара устига чиқдингиз, мухлислар билан мегафонда қўшиқ куйладингиз...

- Тўғриси, бундай бўлишини умуман кутмагандим. Чунки Англияда бошқача тартиб бор. Бу ерда эса Мануэль Нойер ва Томас Мюллер мени трибуна томон юборишди: «Бор, бор, панжарага бор, сени кутишяпти!»

- Нимани куйлагандингиз?

- Супер «Бавария», супер «Бавария»! Салом! Салом!

- Буни яна такрорлашни хоҳлармидингиз?

- Албатта! Балки бирор куни бунга ўзим журъат этарман...

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 13:02, 04.04.2023.
Ўқилди: 1467 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.