Томас Тухель 25 март куни бирдан Мюнхен «Бавария»си бош мураббийи сифатида кенг оммага таништирилди.
Қўққисдан истеъфога чиқарилган Юлиан Нагельсманн ўрнини эгаллаган германиялик мутахассис шундан сўнг «ФК Голливуд» бош директори Оливер Кан ва спорт директори Ҳасан Салихамижич билан қўшма матбуот анжуманида иштирок этди. Якунда Германия матбуоти вакиллари Томас Тухелни турли саволларга «кўмишди» гўё.
- Жаноб Томас, тўғрисини айтинг, «Бавария» билан келишувингиз нечоғли тез амалга ошди? Умуман, клубдан бундай таклиф кутганмидингиз?
- Йўқ, мутлақо кутмагандим. Алоҳида таъкидлашим керак, матбуотда нотўғри хабарлар берилди - «Бавария» билан ўртамизда қандайдир алоқа мавжуд эмасди. Оддий айтганда, шартнома тузишни олдиндан режалаштирмаганмиз. Аксинча, фаолиятимни яна хорижда давом эттириш ҳақида ўйлаётгандим. Мюнхен жамоаси вакиллари илк марта 21 март куни алоқага чиқишди ва кечқурун учрашдик. Ўзи мураббий ҳамиша жиддий қадам ташлаш, катта қарорлар чиқаришга шай туриши шарт. Келишувимизда айнан ҳозирги мураккаблик ҳал қилувчи омил бўлди. «Бавария»ни жуда яхши биламан, жамоага ҳамиша ижобий муносабатда бўлганман. Қолаверса, таклиф тушган паллада ўйлаб кўриш ёки озгина кутиш учун вақт йўқ эди. Чунки клуб кутолмасди ва мендан тезкор жавоб бериш талаб қилинди. Умуман, музокара жараёнида босим остида қолиш яхши эмас. Шу маънода айтсам, ҳаммаси жуда тез ҳал этилгани аввало, мен учун яхши бўлди.
- Хўш, ишни нимадан бошламоқчисиз?
- Ҳозир қандайдир катта ўзгаришларга қўл уриш вақти эмас. Боз устига, аксарият футболчилар миллий жамоалари ихтиёрига кетишган ва улар билан ҳафта охиригача кўришолмаймиз. Асосийси, клубга ажойиб паллада келдим, дейлик, барча мусобақаларда ғалаба қозониш имкониятига эгамиз. «Бавария» тизими барчага маълум ва қандайдир катта ўзгаришлар ортиқча. Шунчаки, ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриб, тўғри ёндашсак, бас. Албатта, миямда қандай ишлаш ва нима қилиш кераклиги хусусида нималардир бор. Ҳозир таркиб тўлиқ жамланишини сабр-сиз ҳолда кутяпман. Эҳтимолки, вақт тиғизлигидан босим кучаяр, лекин ишонаманки, ҳаммаси яхши ривожланади. Ахир муайян тизим ва ўйин чизмасига эга «Бавария»даман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, имкони бор барча совринлар учун охиригача курашишимиз шарт. Келинг, яна озгина сабр қилайлик ва барчасини таҳлил қилиб чиқайлик.
- Қизиқ, жамоанинг заиф жиҳатларини яхшилаш учун қандайдир режаларга эгамисиз?
- Ўхшамаётган нарсаларни гап билан эмас, машғулотлар майдонида тузатиш тарафдориман. Бош мураббийнинг ўзгариши - катта тўнтариш. Айниқса, «Бавария»дек гранд клубларда. Дейлик, баъзи футболчилар ўзгаришдан мутлақ қониқишмайди, айримлари эса яна бир имкониятга эга бўлишдан умидворлар. Тезкор равишда ҳамманинг ишончига киришнинг энг яхши усули - бу тўғридан-тўғри, очиқ-ойдин гапириш. Жумладан, жамоавий муҳокамаларда футболчиларга ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини баралла баён этиш имкониятини бериш керак. Бу масалада кимгадир ортиқча босим юкламоқчи эмасман. Келгуси ҳафтадан ҳар бир йигит билан алоҳида гаплашиб чиқмоқчиман. Шахсий суҳбатлар умумий хулоса чиқаришим учун муҳим. Асосийси, клуб сифатида фақат ва фақат олдинга қараймиз.
- Мураббийлар штаби таркибида олдинги ёрдамчиларингизни кўрамизми ёки...?
- Доимий ассистент-ҳамкорларим ҳам бундай кутилмаган бурилишга тайёр эмасдилар. Шунга қарамай, мени қўллаб-қувватлашди. Уларга мослашувчанлик ва эйфория учун катта раҳмат айтишим керак. Ахир оилаларини дарҳол Мюнхен вариантига кўндиришди. Хуллас, Арно Михельс ва Жолт Лёв «Бавария»да ҳам мен билан бирга бўлишади. Ўзаро ҳамкорликда иш бошлаганимизга 10 йилдан ошганини айтишим жоиз. Умид қиламанки, айни пайт «Челси»да фаолият юритаётган Энтони Баррини ҳам яқин орада сафимизга қўшиб оламиз. Ҳар ҳолда, мутлақ хоҳишим шундай.
- Жорий мавсум учун олдингизда қандай марралар бор?
- Жамоа ўзи иштирок этаётган 3та мусобақада ҳам ғолиб чиқиш имкониятига эга. Бу Юлиан яратган ўйин маҳсули, албатта. Шундай экан, бошланғич таркибни кескин ўзгартириш тўғри эмас. Ҳа, бизга қарши бир неча факторлар ҳам йўқ эмас. Дейлик, мураббийлар штабим охирги ойларда бирга ишлагани йўқ. Лекин табиатан босим ва стрессни ёқтираман. Яхши биламанки, ўйинга нисбатан муҳаббатим салбий натижага боғлиқ қўрқувдан анча кучли. Гап вазифага ишонч билан ёндашишда. Демак, ҳар уч фронтда ҳам чемпионликни кўзлаймиз, бошқаси биз учун марра саналмайди.
- Нагельсманн йўлга қўйган ўйин ҳақида нима дейсиз, ундан қандайдир маслаҳат оласизми?
- Ҳозир Юлианга ҳамдард бўлишим мумкин, холос. Лекин унинг ишига баҳо бериш менинг ваколатимга кирмайди, шунинг учун ўз йўлим ва энергиям билан шуғулланишим маъқулроқ. Юлиан билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиб, қандайдир маслаҳам ҳам сўрамайман, чунки вазифамга ўз фикрим билан ёндашишга ўрганганман. Тўғри, қачондир йўлларимиз кесиши мумкин, барибир.
- Дебютингиз асосий рақиб - «Дортмунд» билан ўйинга тўғри келяпти...
- Суҳбатнинг дастлабки сонияларида нисбатан соддароқ кўриндимми? Ишни «Боруссия»га қарши ўйин билан бошлаш? Масъулиятли вазифага бундан юқорироқ нотада киришиш мумкин эмас. Гап немис футболи «классико»си ҳақида кетмоқда. Лекин амалда ҳар қандай мураккаб ўйин ҳам юксакликка интилишимизга тўсқинлик қилолмайди.
- «Бавария» билан биринчи марта қачон танишгансиз?
- Албатта, жамоа таркибини ҳам, ўйинини ҳам биламан. «Челси»дан кетгач, дам олиш баробарида футбол кузатувини канда қилмадим. Чунки томоша кунимга ўзгача мазмун бағишлайди. Қайтараман, таклиф олиш ҳақида бир сония ҳам ўйламагандим, бунга аллақачон кўникканман - футбол мураббийи кутиш ва чидашни ҳам билиши керак. Мана, клуб билан шартнома туздим ва дарҳол ўйин тизими, таркиб ҳақида ўйлай бошладим. ЧЛ «плей-офф» босқичида «ПСЖ»га қарши кечган ўйинлар жуда яхши бўлди. Айниқса, Парижда «Бавария»нинг жуда юқори даражасини кўрдик. Ҳеч қайси рақиб «Бавария»га қарши ўйнашни ёқтирмайди - бу клубнинг катталиги ва қудратидан нишона, шубҳасиз.
- АПЛда ишлаган мураббий сифатида айтингчи, «Бавария» Англия чемпионатида нималарга даъво қила оларди?
- АПЛ Европадаги энг мураккаб лига, албатта. Лекин «Бавария»да Англияда ҳам чемпионлик учун курашиш имконини берадиган катта салоҳияти бор.
- Шартномангиз муддати унча узун эмас, бунга муносабатингиз қандай?
- Муддат унча муҳим эмас. Агар ишимиз ўхшаса, уни узайтиришга уринишади, албатта. Бордию, трибунадагилар қониқиш ҳосил қилишмаса, ҳаммаси ўзгаради. Демоқчиманки, натижа ва ютуқлар муҳим ҳисобланади. Биринчи қадам - ишончни оқлаш!
МУҲАММАДХОН тайёрлади