Кириш Регистрация

Компанига АПЛга қайтиш учун ёрдам берган шогирдлар

Баҳо:
+ | -

«Бёрнли» автоматик равишда АПЛга кўтарилиш учун жума куни «Мидлсбро»га қарши керакли 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Жамоа чемпионшипда бор-йўғи бир йилни ўтказди, клуб эгаси Алан Пейс уларнинг юқори лигага қайта кўтарилиши «икки ёки уч йил» ичида амалга ошиши мумкинлигига ишонган.

Аммо бош мураббий Венсан Компани қўл остида «Бёрнли» ўзгарди, узоқ вақтдан буён лигада етакчилик қилди, шу билан бирга Англия Кубогида кучли ўйин ўтказди. Бу Компани 2022 йил ёзида мураббийликка тайинланганидан кейин мўъжизавий таркибни қайта қуриши туфайли юзага келди.

Қуйида Венсанга катта ёрдами теккан беш футболчи ҳақида гаплашамиз. 

Натан Телла

«Саутгемптон»дан ижарага олинган футболчини «Бёрнли» келаси мавсум учун ушлаб қолишни жуда истайди. Дебют баҳсида иккита гол урган форвард жорий мавсумда 28 та ўйинда 17 та гол урди, шу жумладан иккита хет-трик. У катта нарх билан келиши мумкин, аммо «Саутгемптон»нинг қуйи лигага тушиб қолиш хавфи борлиги сабабли Телла чемпионшипда яна бир мавсум қолишни истамаслиги мумкин.

Яқинда «Уиган» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Телла ҳақида гапирар экан, Компани шундай деди: «Телла аста-секин ўз мақсадига эришмоқда. У ўз салоҳиятининг бир қисмини рўёбга чиқарди. Менимча, у ҳали кўп йўл босиб ўтиши керак, аммо у каби футболчи билан ишлаш жуда ҳаяжонли».

Жош Каллен

«Андерлехт»да икки мавсум ўйнаганидан кейин у Венсан Компани жамоасига келиб қўшилди ва ўтган ёзда жамоа муваффақиятига катта ҳисса қўшди. Жош мураббийнинг 1-рақамли мақсадига айланди. Умуман олганда, мураббий Бельгия биринчи дивизионидан саккиз нафар ўйинчи билан шартнома имзолади. Каллен ушбу футболчилар орасида яққол ажралиб туради ҳамда ярим ҳимоянинг муҳим бўғини ҳисобланади. Тўпдан ажойиб фойдаланиши билан ажралиб турувчи Калленни Венсан анча мақтади.

«Жошни таърифлашнинг энг яхши усули шундаки, у «Чарлтон»дан «Андерлехт»га асосий жамоа ўйинчиси сифатида келган ва у менинг жамоамдаги энг муҳим фигурага айланди», - деди Компани йил бошида. Жош илк кундан бошлаб, ўз устида юқори стандартда ишлаб келади. 

Тейлор Харвуд-Беллис

Тейлор 21 ёшгача бўлган Англия терма жамоаси сардори сифатида клубида ҳам ажралмас бўғинга эга эди, аммо январь ойи бошида жароҳат олди, тўлиқ жисмоний ҳолатига қайтганидан сўнг Харвуд-Беллис майдонда яна эркин ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирда «Манчестер Сити»дан ижарага олинган Харвуд-Беллис дастлаб «Этиҳад»да академия ўйинчиси сифатида оз вақт кўриниш берди ва кейинчалик «Андерлехт»га ижарага берилди. Унинг Компани қўл остидаги ўсиши кўзга анча сезиларли бўлди.

«Мен Тейлорни жуда ёш футболчи бўлганидан бери, ҳатто асосий жамоа ўйинчиси бўлгунга қадар ҳам билганман ва унинг бир ажойиб хусусияти - бу унинг ҳар бир ўйинга бўлган муносабатида. Менимча, Тейлор мен кутган нарсани бажарди. У ҳақиқатан ҳам ажойиб хулқ-атворга эга ва у юқори даражадаги мутахассислар эътиборини қозонди. Унинг даражасини ҳамма кўриши мумкин. У «Андерлехт»да бўлганида ҳам шогирдим эди ва ҳозир ҳам яхши ўйинчи. Унга яна бир ёки икки йил беринг, анча яхшиланган ўйинчи бўлади, чунки у барча нарсага тўғри муносабатда. Биз уни тизимнинг бир қисми бўлганидан хурсандмиз», – деди Компани.

Анасс Зарури

Зарури Бельгиянинг Шарлеруа шаҳридан олинган, у чап қанотда катта ўйинлар кўрсатди.  Марокашлик вингер декабрь ойида «Бёрнли»нинг «Бирмингем Сити» устидан қозонилган ғалабасида (3:0) 49 сония ичида чемпионшип мавсумидаги энг тезкор голни киритди.

Жордан Бейер

Яна бир ижарага олинган футболчи, бу сафар Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» жамоасидан, марказий ҳимоячи, узатмалари 92% аниқ ўз манзилига борган, тўпга эгалик қилишда ўткир ва кучли.

Бейер ёзда катта пулга тушиши мумкин, аммо «Бёрнли» уни сотиб олиш имкониятига эга ва шубҳасиз, ҳимоячи хизматларини узоқ муддатда таъминлашга интилади.

Киритилди: 06:43, 08.04.2023.
Ўқилди: 3176 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.