Про-лиганинг 4-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Навбаҳор-фарм” (2:2) учрашувидан сўнг, наманганликларнинг фарм жамоаси устози Рашиджон Ғофуров ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. У одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Гувоҳи бўлганинглардек, ўйин қизиқарли тарзда кечди. Лекин бугунги ҳакамлик мени қониқтирмади. “Қўқон-1912” таркибида Суперлига ҳавосини олган футболчилар бор. Шундан келиб чиқсак, уларга ҳакамларнинг ёрдами зарур эмас, деб ўйлайман. Кучли жамоа, ўз олдига Суперлигани мақсад қилган, бироқ бугунги баҳсдаги ҳакамлик бизга ёқмади. Ҳакам майдонда футбол ўйнаш учун қўйиб бериши керак.
Айрим футболчиларимиз “Универсиада” мусобақасига кетганликлари боис, таркибимизга кеч қўшилишди. Иккита гол ҳисоби билан олдинда бораётганимиз учун таваккал қилиб, баъзи футболчиларни захирадан ўйинга туширмадик. Чунки, гол ўтказиб юборсак, ютиб турган таркибни ўзгартиришда мураббийнинг айби бўларди.
- Шогирдларингиз иккинчи бўлимда вақт чўзгандек кўринишди. Бу мураббийлар штабининг кўрсатмаси эдими?
- Йўқ, мен ёки мураббийлар штаби бундай кўрсатма бермадик. Таркибда сон жиҳатдан камроқ бўлганимиз сабабли, футболчилар юкламаси икки ҳисса юқорироқ бўлади. Бунақа холатда оёқ томирлари тортишиб қолиши табиий ҳол. Шифокор уни майдондан олиб чиқиб кетса, бизда яна бир футболчи камаяди. Бундан бизга қандай фойда бор? Аксинча, ўйнагани жамоа учун яхшироқ бўлади.
- Ўтган мавсум Биринчи лигада ғолиб бўлгансизлар. Про-лига ва Биринчи лига ўртасидаги қандай фарқни сездингиз?
- Бу икки лига ўртасида катта фарқ бор. Про-лига бу - салкам Суперлига дегани. Бизнинг аксарият футболчиларимиз ёш, бу лигага мослашиб кетишлари учун бир оз вақт керак.
- Иброҳим Ғанихонов, Ислом Рашидхонов каби футболчиларнинг таркибга кеч қўшилишгани ҳам дастлабки турдаги натижалар салбий бўлишига сабаб бўлди деб ҳисоблайсизми?
- Йўқ, агар улар эртароқ қўшилишганида ҳам натижа шундай бўлиши мумкин эди. Биз ўтган мавсум Биринчи лигада ғолиб бўлдик, таркибдаги футболчиларнинг аксарияти ёшлар. Ғанихонов ва Рашидхонов каби футболчиларнинг ҳам бизнинг жамоага мослашиб кетишларига озроқ вақт талаб этилади" - деди Ғофуров.