Россия миллий жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин CAFA чемпионатида иштирок этиш масаласига хотиржам қарамоқда.
Умуман, россиялик журналистлар охирги вақтлар уни Осиё футболи масаласида тез-тез безовта қилишмоқда. Чунончи, Россия термаси март ойидаги ФИФА кунлари ҳам ОФК вакиллари (Эрон - 1:1 ва Ироқ - 2:0)га қарши ўйнади.
- Россия термаси июнь ойида Тошкент ва Бишкекда бўладиган CAFA турнирида меҳмон сифатида иштирок этиши маълум қилинди. Бунга қандай қарайсиз?
- Таклиф тушганини айтишди. 40 даражали иссиқ Ўзбекистонда ўйнаш керакми? Бир томондан, бу ҳам керак. Бироқ бошқа тарафдан, турнир вақти ноқулай. Ахир июнда ёзги таътил бошланади, қолаверса, кубок финали шу муддатга қўйилган. Табиийки, финалда ўйнайдиган клублар футболчиларини йиғинга чақиролмаймиз. Лекин энг асосий муаммо - бу таътил бошланиши. Таътил вақтида шуғулланиш... Яна майдонлар масаласи бор. Ҳозирча турнир ўйинлари қаерда бўлишини билмадим. Бишкекдаги майдон ёдингиздами? Агар яна ўша ерда ўйнасак, қўшимчасига 40 даража иссиқда... Билмадим, бу қотиллик бўлади. Олдинги сафар Бишкекда бизни шунчаки, «ўлдиришганди».
- CAFA турнири Осиё томон ташланаётган қадамми?
- Анча олдин ҳаракат бошланган. Мана, фақат Осиё жамоалари билан ўйнаяпмиз. Чунки ҳозир бошқа вариантлар йўқ.
- Осиё футболи даража бўйича Европаникидан нечоғли кучсиз ёки...?
- Бу нима дегани? Қайси жамоа билан солиштирганда? Фикримча, Эрон термаси дейлик, Словения ва Словакия термаларидан кучлироқ. Ўзбекистон термаси? Плюс-минус. Европада кучлироқ жамоалар қатори заифроқлари ҳам бор. Осиёда ҳам худди шундай.
- ОФК зонасидан ЖЧга чиқиш осонроқми?
- Қанча йўлланма борлиги, саралаш қандай бўлишини билмайман. Тўғриси, буни ҳали ўрганиб чиқмадим. Осонроқ ёки қийинроқ бўлишини айтиш қийин. Лекин чиптани курашсиз бериб қўймасликлари аниқ.
МУНОСАБАТ
- ОФКга ўтиш? Агар бу футбол ва спортчиларга фойдали бўлса, нега инкор этиш керак? Қаердадир плюслари бор, худди минуслари каби. Осиё футболи савияси унча паст эмас, ҳали янада олдинга силжийди. Қолаверса, нимадир бўлса, кейинроқ ортга қайтишимиз ҳам, қолишимиз ҳам мумкин. Дмитрий Медведев (Россия Федерацияси Ҳарбий саноат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари).
- Агар Россия ОФКнинг бир қисмига айланса, бу бутун Осиё футболи учун олдинга ташланган қадам бўлади. Ўзгариш, ривожланиш учун - янги туртки. Ироқ футбол федерацияси баёноти.