"Челси" келаётган ёзда саккизтагача футболчисидан қутулишга тайёргарлик кўрмоқда. "Аристократлар" раҳбарияти молиявий соҳани соғломлаштириши лозим. Клуб 2021-22 йилги мавсумда 121.3 миллион фунт зарар кўрган. Агар бу йилги йўқотишларни ҳам қўшадиган бўлсак, бу миқдор 274 миллионгача етади. Энг қизиғи, бу рақам "Челси"нинг трансферлар учун сарфлаган 600 миллион фунтдан ташқарида. Жамоа янги мавсумда еврокубокларда иштирок этмаслиги аниқ бўлиб бормоқда. Айни дамда улар АПЛнинг 11 ўринидан жой олиб турибди. ЕЧЛда эса жамоа олдида 2-0 ҳисобидаги мағлубиятни йўққа чиқариш вазифаси турибди.
Буларнинг ҳаммаси қўшилиб, клубнинг янги эгаси Тодд Боэлига катта босим юклайди. Эндиликда у зарарларни қоплаши керак. Шу билан бирга Молиявий қоидаларга мос ҳаракат қилиши ҳам талаб этилади. Mirror нашрига кўра, бу ишларнинг боши, айрим футболчиларни жамоадан "чопиш"дир. Ушбу футболчилар гуруҳи саккизтани ташкил этади. Жамоадаги тақдири сўроқ остида қолганлар орасида Мейсон Маунт, Матео Ковачич ва Н'Голо Кантелар бор. Шунингдек, академиядан чиққан Конор Галлахер ва Рубен Лофтус-Чик ҳам қурбонлар орасида бўлади. Ҳужумчилар Кристиан Пулишич, Хаким Зиеш ва Пьер-Эмерик Обамеянглардан ҳам ортиқ фойда йўқ деб ҳисобланмоқда.
Кетиши айтилган футболчилар ичида Канте ўзи шундоғам ёзда эркин агентга айланади. Аммо унга янги, уч йиллик битим таклиф этилиши ҳам мумкин. 32 ёшли ярим ҳимоячи эркин агент сифатида жамоадан кетадиган бўлса, у учун асосий даъвогар "Арсенал" бўлиши айтилган.
Маунт, Ковачич, Пулишич, Лофтус-Чик ва Обамеянгларнинг шартномаси бир йил ичида якун топади. Галлахер ва Зиеш эса жамоага 2025 йилгача ёрдам бериши кўзда тутилган. "МЮ" ва "Ливерпуль" Маунт учун даъвогарлик қилиши кутилмоқда. "Манчестер Сити" ва "Бавария" эса Ковачичга чанг солиб кўради.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўтган ёзда Галлахер учун "Эвертон" 45 миллион таклиф қилган ва рад жавобини олганди. Бу сафар, энди "Ливерпуль" 23 ёшли ярим ҳимоячига даъво қила бошлади.
Лофтус-Чикка "Милан" 25 миллион фунт таклиф этгани ҳақида хабарлар бор. Пулишич ҳам "Челси" либосини ечадиган вақтга етиб келди. Зиеш аллақачон Лондондан Парижга кўчиб ўтиши керак эди. Аммо январь ойидаги "ПСЖ"га трансфер амалга ошмай қолган. Шу сабабли марокашлик ҳужумчига ёзда эшиклар яна очилади. Яна бир бахтли кулмаган ҳужумчи Обамеянгдир. У Грэм Поттер томонидан асосий таркибга киритилмаганди. Ёзда габонлик футболчи "Интер" ёки "Барселона"га ўтиши айтилган.
ИСМАТОВ Ж.