2014 йилдан буён «МЮ» сафида тўп суриб келаётган замонавий футболдаги энг кучли чап қанот ҳимоячиларидан бири Люк Шоу яқинда амалдаги шартномаси муддатини яна бир бора узайтирди.
Хорватиялик толмас жангчи янги келишувга асосан, 2027 йилнинг ёзига қадар «Олд Траффорд»да қолади. Люк ҳамкорлик битими остига расман имзо чекканидан сўнг клуб матбуот хизмати уни дарҳол суҳбатга тортди. Футболчи шу тариқа «қизил иблис»га айлангани сабабига тўхталди, келгуси мавсумлар учун амбициялари ҳақида гапирди: «Эрик тен Хаг бошқарувидаги илк мавсумда «МЮ»нинг ривожланиш йўлини кўргач, янги битим тузишга қарор қилдим. Ўйлайманки, бугунги «МЮ»ни олдинда равон йўл ва катта зафарлар кутмоқда».
- Люк, аввало, янги шартнома билан табриклаймиз. Бундан нечоғли хурсандсиз ва келажакда сизни ва ҳозирги жамоани нималар кутмоқда?
- Табрик учун раҳмат. «Олд Траффорд»да яна бир бора шартнома тузиш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман ва клубдан бағоят миннатдорман. Ҳозир «МЮ» либосида 9-мавсумни ўтказяпман, табиийки, бу кичик давр эмас, айниқса, клуб даражасини ҳисобга олганда. Тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, клуб ҳозирда тўғри йўналиш бўйича олдинга ҳаракатланмоқда ва ишончим комил, ҳали ҳамма барчасига гувоҳ бўлади. Қисқаси, бу ерда қолиш учун катта амбицияларга эгаман. Бинобарин, янги бош мураббийимиз шунчаки, ажойиб ғояларга эга. Ўйлайманки, биз у билан кўплаб совринларни қўлга киритамиз, катта марраларни забт этамиз.
- Айни пайт худди жамоа каби ажойиб ҳолатдасиз. Ҳозирги ўйинингиздан қанчалик қониқяпсиз?
- Албатта, хурсандман, лекин ҳамиша яхшиланиши талаб этиладиган жиҳатлар топилади. Табиийки, чўққига чиқишни хоҳлайман ва бунинг учун ҳали кўп тер тўкишим, ўз устимда ишлашдан тинмаслигим кераклигини яхши биламан. Асосийси, ҳозир Эрик тен Хаг қўл остида ўйнашдан ўзгача завқланяпман. Айтгандимдек, у клубга янги ғоялар билан келди. Дейлик, менинг майдондаги позициям ҳам ўзгариб турибди. Алоҳида айтишим керак, менга майдонда айнан турли ролларни бажариш ёқади.
- Ҳа, мураббий сизга айниқса, чап қанот ҳимоячиси ва марказий ярим ҳимоячи нуқталарида катта ишонч билдирмоқда. Бу қўшимча туртки бергани тайин. Умуман, ҳимоячи сифатида қобилиятингиз ривожланганини сезяпсизми?
- Ҳа, албатта. Мураббий қаерда ўйнашимни хоҳласа, шунга тайёрман. Такрорлайман, майдонда янги ролни мамнуният билан бажараман. Ўйлашимча, турли позицияда ўйнаш, ўйиннинг ўзгача томонларини ўрганиш футболча фикрлаш даражасини оширади. Мана, 3 нафар марказий ҳимоячи тактик схемасида ўйнаб кўрдим. Илгари орқа чизиқ марказида ўйнаганман, лекин чизма бошқача эди - икки ҳимоя тактикаси. Асосийси, бунда ўзимни жуда қулай ҳис қилардим. Агар мураббий лозим топса, бундай чизмада нималар қила олишим мумкинлигини кўрсатишдан хурсанд бўлардим.
- Шартномангизни янгилаш билан «қизил иблислар» сафида 10 йилдан ортиқ фаолият юритишингизни тасдиқлатдингиз. Бундай давомийлик ҳаммага ҳам насиб этмайди, айниқса, «Олд Траффорд»да...
- Албатта, бу натижа фахрланишга арзийди. Ўйлайманки, «МЮ» нафақат ўзим, балки оилам учун ҳам дунёдаги энг катта ва энг яхши клубдир. Бу ерда узоқ вақт бўлиш, «қизил иблислар» футболкасида «Олд Траффорд»да тез-тез ўйнаш - чинакам шараф. Янги шартнома мен учун ҳақиқий имтиёздир, демак, жамоам учун боримни беришда давом этаман. Мақсад битта - «МЮ»га АПЛ ва ЧЛ кубокларини ютишда имкон борича ёрдам бериш.
- Ҳозир 27 ёшдасиз, шунга қарамай, жамоанинг фахрий футболчиларидан ва кийиниш хонаси етакчиларидан бирисиз. Фахрий бўлиш қандай экан?
- Фахрийларнинг ёшларга ниманидир ўргатиб боришлари жуда муҳим. «Олд Траффорд»га келганимда, ёш йигитча эдим ва катталар даврасида шуғулланиш, ўйнаш мутлақо бошқача эканлигини яхши биламан. Яъни бундай ҳолатдан ўтганман ва жамоада фахрийлар роли нақадар катталигини яхши биламан. Оддий айтганда, ўз йўлимни унутмаган ҳолда, тажрибамни ёш йигитлар билан баҳам кўришга мойилман. Фикримча, мураббий зиммамга юклаётган вазифалардан бири ҳам шу - ёшларни олдинга бошлаш.
- Бугунги Люк Шоу бўлиш йўлида кўп муаммоларга йўлиққанингиз айни ҳақиқат. Мураккабликлар сизни нечоғли шакллантирди?
- Ҳа, футболда етарлича кўтарилиш ва пасайишларни бошдан кечирдим. Алоҳида айтишим керак, майдондаги қийинчиликлар ортидан нафақат футболчи, балки шахс сифатида ҳам ўзим хоҳлаган даражада шаклландим, тобландим. Бундай буюк клуб таркибидамисиз, тинмай ўсишингиз шарт, акс ҳолда, асосий гуруҳдан тушиб қоласиз. «МЮ»да ўйнашнинг энг яхши томони шу - ўсиш, шаклланиш! Бу ерда хоҳласангиз-хоҳламасангиз, юксалиш, етуклик сари интилишга мажбурсиз.
- Ҳозирги етуклик жамоани ҳар доим ўзингиздан устун қўйишингизда яққол намоён бўлади...
- Ҳа. Менимча, бу ҳам бир мактаб. Футболда жамоа ҳар қандай юлдуздан устун ҳамиша. Бинобарин, ҳаммамиз бир катта жамоа ичидамиз, шундай экан, асос биринчи ўринда туради, барибир! Табиийки, ҳар бир футболчи мудом ўйинларда ғалаба қозониш, совринлар ютишга интилади, бунда ҳам жамоа манфаати 1-ўринда! Дейлик, жароҳатланаманми ёки йўқ, ҳар бир курашда боримни беришим шарт - жамоани устун қўйиш шу.
- «МЮ»» мухлислари сизни ҳамиша ўзгача қўллаб-қувватлашади. Уларга айтар сўзларингиз...
- Қўллаб-қувватлов учун катта раҳмат! Буни юксак қадрлайман. Фанатлар айниқса, жорий мавсум қўллаб-қувватлаш даражасини кескин оширишди ва энди бунга катта совринлар ютиш билан жавоб беришдан умидвормиз. Мухлисларга яна нима дейишим мумкин? Бизни қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин. Шахсан мен уларни қувонтириш йўлида клуб учун боримни бераман ҳамиша.
- Мана, 2027 йиллагача мўлжалланган шартномангиз нақд. Буёғига нима қилмоқчисиз?
- Ҳозир хотиржам тортиш вақти эмас. Ҳаммамиз қаттиқ ишлашимиз керак. Эрик тен Хагнинг энг яхши жиҳати шуки, у лоқайдлик ёки хотиржамликка асло йўл қўймайди. Кимдадир стандарт талаблар пасайдими, дарҳол бу борада чора кўради, аниқ кўрсатмалар беради. Қисқаси, ҳар бир футболчи ўз даражасини ошириб бориши, кўрсаткичларни изчил яхшилаши шарт. Менимча, бундай талаб аввало, футболчилар учун муҳим.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади