Англиянинг «Манчестер Сити» клуби бош мураббийи Роберто Манчини Англия премьер-лигасининг 5-туридан ўрин олган «Арсенал»га қарши учрашувдан кейин рақибнинг юқори даражада ўйин кўрсатганини таъкидлаб ўтди.
«Бу мавсумдаги бизда битта муаммо бор. Натижа учун ўйинни «ёпиқ» қила олмаяпмиз. Бугун бизда, иккинчи бўлимда уч ёки тўртта аниқ голга тортадиган вазиятлар юзага келганди. Бироқ биз бундан фойдалана олганимиз йўқ».
«Бугунги натижа мен учун аламли бўлди. Сабаби бизда ғалаба учун имконият бор эди, аммо биз гол ўтказиб юбордик. Энди янада кўпроқ ишлашимиз керак».
«Арсен (Венгер назарда тутиляпти - Stadion.Uz) бу йил жамоаси билан чемпионлик учун курашишига ишончим комил. «Арсенал» жуда яхши жамоа. Аммо Чемпионлар Лигасида ҳам иштирок этаётганига қараб бу ишни жуда қийинлигини ҳам эътироф этиш керак», дея Манчинининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «ВВС» нашри.