Бугун Ўзбекистон футбол ассотсиатсиясида ҳудудларда оммавий, профессионал ҳамда болалар футболини ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган ишлар ва мавжуд камчиликлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоанжуман шаклида ўтказилган йиғилишда ЎФА раҳбарияти, ҳудудий футбол ассоциациялар вице-президентлари, ассоциация тизимидаги масъул мутахассислар, академия раҳбарлари ҳамда клублар вакиллари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов давлатимиз раҳбарининг “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига тўхталиб ўтиб, мазкур ҳужжат барчага катта масъулият юклашини таъкидлади. Футболнинг энг қуйи қисмидан то юқори поғоналаригача барча йўналишларни қамраб олган қарорнинг ижросини таъминлаш, футболни ривожлантиришнинг янги тизимини ишга туширишда барча бирдек фаол ва фидойи бўлиши шартлигини қайд этди.
Кун тартибига кўра, дастлаб қарордан ўрин олган бир қатор йўналишлар, хусусан, инфратузилма, ҳудудий болалар лигалари, мураббийлар таълими, майдонлар, ҳакамлар, аёллар футболи ҳамда медиа ва маркетинг йўналиши бўйича олдинда турган вазифалар ҳақида маълумот берилди. Жойлардаги футбол академиялари фаолияти, турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоалари ва клублар учун футболчиларни тайёрлаб бериш кўрсаткичлари таҳлилий маълумотлар асосида муҳокама этилди.
Бундан ташқари, болалар ва оммавий футболни ривожлантиришда мусобақаларни доимий ўтказиб бориш, бу борада боғча — мактаб — маҳалла — олийгоҳ босқичларида “Чарм тўп”, “Маҳаллада футбол”, “Мактаблар лигаси” ва “Талабалар лигаси” каби турнирларни тизимли ташкил этиб бориш зарурлиги айтилди.
БЎСМ ва академияларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, мураббийларнинг салоҳиятини ошириш, тарбияланувчиларнинг тўғри овқатланиши, фармакалогияси, ҳамда чет тилларини ўрганишлари, санитария юзасидан масъулларга топширилар берилди.
Ҳудудлардаги мутасаддилар ва йиғилиш иштирокчилари ечимини кутиб турган бир қатор масалалар ҳамда айрим вазифалар юзасидан ўз таклифларини билдириб ўтдилар. Учрашув якунида барча йўналишлар бўйича масъуллар белгиланиб, уларга тегишли топшириқлар берилди, ижро назорати эса доимий олиб борилиши маълум қилинди.