Суперкомпьютер АПЛнинг якуний жадвалини тахмин қилди. Бундан маълум бўлдики, "Арсенал" ўз оёғига ўзи болта урган. "Манчестер Сити" 4-1 ҳисобида ғалаба қозониш орқали, лондонликларнинг умидларига якун ясаган эди. Ушбу натижани ҳам ҳисобга олган ҳолда, алгоритм машинасининг хулосалари, Микель Артета жамоаси учун ўта ачинарли бўлди. "Шаҳарликлар" айни дамда "Арсенал"дан 2 очко кам тўплаган ҳолда иккинчи ўринни банд этган. Аммо Гвардиола жамоасида иккита захирадаги ўйин мавжуд.
Англиянинг амалдаги чемпионлари ЕЧЛ доирасида ярим финалга етиб келган. Уларни олдинда "Реал" тўсиғи кутиб турибди. Англия кубоги финали ҳам манчестерликларсиз ўтмайди. У ерда икки қўшнилар, "МЮ" ва шаҳарнинг "мовий" тарафи тўқнаш келади. Шундай қилиб, "Манчестер Сити" жорий мавсумда требл қайд этиш учун қулай имконият ҳосил қилди. Суперкомпьютер эса уларни аллақачон АПЛда чемпион деб ҳисобламоқда. Пеп Гвардиола жамоаси 38 турдан кейин иккинчи ўриндаги "Арсенал"дан 5 очко олдинда мавсумни якунлайди.
Рақамли қурилманинг тахминларида айтилишича, кучли тўртлик ҳозирги кўринишида бўлади. Яъни, "Ньюкасл" ва "Манчестер Юнайтед" мавсум якунида Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритади.
"Ливерпул"нинг яқин орада тикланган спорт формаси эса жамоага катта ёрдам беради деб ҳисонланмоқда. Бу орқали мерсисайдликлар бешинчи ўрингача кўтарилиб олиб, Европа лигаси йўлланмасини нақд қилади. Иккинчи ЕЛ "чипта"си "Брайтон" томонидан эгалланиши эҳтимол қилинган. Конференсиялар лигасига эса "Тоттенхэм" чиқишга муваффақ бўлади.
АПЛнинг энг пастки соҳасида зичлик анча юқори. Тахминларга таянилса, "Саутгемптон" қолган ўйинлар мобайнида яна олти очко жамғара олади холос. Бу эса "авлиёлар"нинг ҳозирги позициясида қолаверишини англатади. "Эвертон" ҳали ҳам Чемпионшипга равона бўладиганлар сафидан чиқа олмади. Хусусан, мерсисайд клуби мавсумни 19 ўринда, 33 очко билан якунлайди. Бу эса АПЛ учун етарли эмас албатта. Башоратда учинчи бахти қаро жамоа номи ҳам аниқ айтилган. Унга кўра, "Ноттингем Форест" клуби бир мавсумдан кейин элита билан хайрлашади. "Ўрмончилар" 38 турда 34 очко жамғариб, қуйига равона бўлади. Улардан бир очко кўп тўплаган "Лидс" эса лигада жон сақлаб қолиши айтилган.
Сўнгги тур натижалари бизга шундай ўзгаришларни тақдим этган эди.
ИСМАТОВ Ж.