“Интер” бу мавсум Чемпионлар лигасида ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Жамоа қийин гуруҳдан чиқиб, яримфиналгача етиб келди. Бу босқичда уларга ҳамшаҳарлари рақиблик қилади. Финалга бир қадам қолди. Аммо шундай натижаларга қарамай таркиб ўз етакчиларидан айрилиб қолиши мумкин. Қуйида жамоани тарк этиши кутилаётган футболчиларни келтирамиз.
Дензел Дюмфрис (Нидерландия, ярим ҳимоячи, 27 ёш)
Дюмфрис "Интер"да эндигина иккинчи мавсумини ўтказмоқда. Италия нашрларининг ёзишича, 2023 йилнинг ёзида “Манчестер Юнайтед” ва “Астон Вилла” футболчини қўлга киритишга ҳаракат қилади.
Милан Шкриняр (Словакия, ҳимоячи, 28 ёш)
Шкриняр 2017 йилдан бери "Интер" сафида тўп тепади. Унинг клуб билан шартномаси шу ёзда тугайди ва Милан жамоаси уни узайтирмоқчи эмас.
Николо Барелла (Италия, ярим ҳимоячи, 26 ёш)
Барелла 2019 йилнинг ёзида “Каляри”дан “Интер”га ўтганидан бери янги босқичга кўтарилди. Миланликлар Николо билан хайрлашиш ниятида эмас, лекин айни пайтда клубга пул керак. Футболчига "Манчестер Сити" ва "Ливерпуль" клублари қизиқиш билдирмоқда.
Стефан де Врей (Нидерландия, ҳимоячи, 31 ёш)
Де Врей 2018 йилдан буён "Интер"да ўйнаб келмоқда. Миш-мишларга кўра, бу ёзда Стефан эркин агент сифатида "Тоттенхэм"га ўтиши мумкин.
Марсело Брозович (Хорватия, ярим ҳимоячи, 30 ёш)
Брозович 2016 йилдан бери “қора-кўклар” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда, ўтган йили эса унинг шартномаси 2026 йилгача узайтирилганди. Бироқ, бу ёздаёқ футболчи, Италия матбуотига кўра, "Ньюкасл"га ўтиши мумкин.
Ромелу Лукаку (Бельгия, ҳужумчи, 29 ёш)
"Интер" ўтган йили "Челси"дан Лукакуни ижарага олганди. Аммо бельгиялик футболчи жамоа умидларини оқлай олмади ва 2023 йилнинг ёзида Лондон клубига қайтиши кутилмоқда.
Хоакин Корреа (Аргентина, ҳужумчи, 28 ёш)
Бу мавсумда Корреа асосан А Серия ўйинларида захирадан майдонга тушяпти. Миш-мишларга кўра, аргентиналик футболчига бир вақтнинг ўзида учта Премьер-лига клуби қизиқиш билдирмоқда: "Эвертон", "Астон Вилла" ва "Вест Хэм".
Юқорида номи қайд этилган футболчилар жамоанинг ўзаги ҳисобланиши инобатга олсак, улардан бир нечтаси бошқа клубларга кетса, бу йилги натижаларни келаси мавсумда қайтариш қийин бўлади.