Футбол харитасидан яқиндагина жой олган Медиалига (испанча «Кингз лига») турнири бирдан оммавийлашди:
«Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси Жерар Пике ташаббуси билан йўлга қўйилган ва шу йилнинг 1 январида расман фаолият бошлаган мусобақада 26 март куни «Тўртлик финали» ўтказилди. Диққат қилинг, Медиалига ҳал қилувчи ўйинига оз эмас, кўп эмас, нақ 92522 мухлис ташриф буюрди. «Кингз лига» президенти Пикенинг ўзи эса муҳташам «Камп Ноу»га вертолётда учиб келди. Умуман, 99354 сиғимли улкан аренанинг лиқ тўлишига озгина қолди. Бу - Медиалига!
Аввало, маълумот учун айтиш керак, турнирда иштирокчи жамоалар ўлчами қисқартирилган майдонда куч синашди. Яъни 7х7 шаклидаги футбол ўйини учун «Камп Ноу»да ўлчами 50Х30 метр бўлган майдонча тайёрланди. Дарвозалар кенглиги 6, баландлиги эса 2 метрга тенг. Шунингдек, пенальти дарвозадан 11 эмас, 9 метр узоқликдан тепилади. Энди финал ўйинидаги энг ёқимли лавҳа ҳақида: мухлислар ҳар бир голни жўр овозда SIUUU ҳайқириғи билан нишонлашди. Стадион тўла мухлис - бу Испания Медиалигасининг қисқа фаолиятидаги ягона юқори кўрсаткич эмас. Relevo нашри томонидан январь ойининг дастлабки кунлари берилган маълумотга қарасак, «чақалоқ» мусобақа ўйинларини ўртача ҳисобда 450000 мухлис онлайн тарзда томоша қилган. Энг юқори натижа эса «Порсиньос» (бу клуб таркибида Роналдиньо, Рауль Тамудо ва Чичарито каби машҳурлар тўп суришди) ва «Сайанс» (Жоан Капдевиланинг жамоаси) ўртасидаги учрашувда қайд этилди - 780000 мухлис. Шунингдек, «Барселона» - «Эспаньол» (610000) ва «Вальядолид» - «Реал» (548000) қарама-қаршиликларида Медиалигадаги ўртача кўрсаткич (450000)дан юқорироқ натижа қайд этилди. Мисол учун, «Атлетико» - «Эльче» ўйинига 338000, «Вильярреал» - «Валенсия» тўқнашувига эса 311000 мухлис гувоҳ бўлди. Жуда таъсирчан кўрсаткичлар, тўғрими?
Хўш, Медиалига қандай лойиҳа? Шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Пике турнирида футбол юлдузлари, блогер ва журналистлардан тузилган 12та жамоа иштирок этди. Уларни Икер Касильяс, Серхио Агуэро, Жерар Ромеро (испаниялик блогер-журналист) каби ижтимоий тармоқларда катта обуначилар гуруҳига эга машҳур шахслар бошқаришди. Ўйинчилар ўтган йилнинг 27 декабрь куни драфт (ўзига хос танлов жараёни) ёрдамида тақсимланишди. Ҳар бир жамоада 12 нафар футболчи бўлса, улардан 10 нафари драфт жараёни орқали олинади. 11-футболчини клуб президенти таклиф этса, 12-ўйинчи мунтазам равишда алмашиб туради. Дастлабки учрашувлар Барселонада, 7х7 форматига мўлжалланган сунъий қопламали ёпиқ павильонда якшанба кунлари ташкил этилди. Гуруҳ босқичи ортидан «плей-офф» баҳсларига мурожаат қилинди. Ўйинлар вақти ҳам анча қисқа - 20 дақиқалик икки бўлим. Агар асосий вақтда кучли томон аниқланмаса, дарҳол пенальтилар сериясига навбат берилади.
Илк турнир юлдузлар билан ҳам эътиборга тушди. Дейлик, Икер Касильяс ва Серхио Агуэро Медиалига тарғиботига катта улуш қўшишди. Собиқ кипер ҳам, ҳужумчи ҳам клуб президенти мақомида қатнашди: Касильяс «1К» клубига раҳбарлик қилган бўлса, Агуэро Kunisports жамоасини назорат остига олди. Евро-2008 ва ЖЧ-2010 турнирлари ғолиби Жоан Капдевила эса «Сайанс» таркибида тўп сурди, «Эспаньол» афсонаси Рауль Тамудо «Порсиньос» либосини кийди. Шунингдек, машҳур Роналдиньо ва мексикалик Хавьер Эрнандес (Чичарито) Тамудо жамоадошлари сифатида кўриниш беришди. Айтиш керак, фаолиятини «Лос-Анжелес Гэлэкси»да давом эттираётган Чичарито турнирга MLSдаги қишки танаффус вақти ташриф буюрди. Ташкилотчилар навбатдаги мусобақага Испания терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Фернандо Льорентени ҳам жалб этиш ниятидалар. Бироқ унинг қайси клубни танлаши ҳозирча маълум эмас.
Умуман, лойиҳа аста-секин такомиллаштирилмоқда. Жерар Пике 19 март куни «Кингс лига» 2024 йили Лотин Америкасида меҳмон бўлишини эълон қилди. «Агар барчасини тўғри йўлга қўйсак, Медиалига фаолияти давом этади. Ҳамма гап шундаки, лойиҳа ҳозирча фақат Испанияда машҳур, бошқа ҳудудларда турнир ҳақида билишмайди, ҳисоб. Лигани қай тариқа кенгайтириб бориш, қайси мамлакатларга сафар уюштириш хусусида пухта ўйлаб кўриш лозим. Дейлик, кейинги йили спорт, шоу ва оммавий ўйин-кулгини ўзига жамлаган лойиҳамизни намойиш этиш мақсадида Лотин Америкасига сафар уюштирамиз», - деди Пике El Pais нашрига берган интервьюсида. Айни чоғда Бразилия сафари масаласида музокара жараёни кетмоқда. Қолаверса, у ерда тузиладиган медиаклубларга Роналдиньо ва Неймар каби катта юлдузларни жалб этиш режалаштирилмоқда. Қисқаси, Пике лойиҳаси футбол ҳаётидан ортда қолмоқчи эмас.
Содиқ СОБИР тайёрлади