“ПСЖ” ҳужумчиси Лионель Месси икки ҳафтага дисквалификация қилинди. RMC Sport хабарига кўра, аргентиналик бош мураббий Кристоф Галтиер ва спорт директори Луиш Кампуш билан келишувга эътибор бермай, Яқин Шарққа учиб кетган.
Ўзи нима бўлган эди?
Лига 1 33-туридан ўрин олган “ПСЖ” – “Лорьен” (1:3) учрашуви якунланганидан бир неча соат ўтиб, Месси учиб кетиши керак бўлмаса-да, Саудия Арабистонига борган. Футболчи Галтье ва Кампушдан рухсат сўраган, лекин улар Саудия борган тақдирда жамоа азоларининг жаҳли чиқишини қайд этган. Учрашувдаги жамоанинг мағлубияти ҳам умумий вазиятга таъсир қилган.
Лекин Месси барибир қарорини ўзгартирмаган. Бироқ, Goal.com'нинг хабар беришича, Лео “ПСЖ”нинг қатарлик бошлиқларининг розилигини олган. Футболчи ўз илтимоси билан Кампуш ва Галтьенинг буйруғини буздими? Ундай бўлмаган тақдирда ҳам мураббий ва бош директорни ноқулай аҳволга солиб қўйди ва балки уларни жамоа олдида обрўсизлантирди. Лионель душанба кунига белгиланган машғулотни ҳам ўтказиб юборди.
Месси Саудия Арабистонига нима учун борди?
Лео Яқин Шарқда бир неча кунни ўтказади. Ушбу саёҳат аргентиналикнинг Саудия Арабистони туризм элчиси сифатидаги мажбуриятларини бажаришнинг бир қисмидир.
Месси қандай жазоланди?
Мессининг хатти-ҳаракати “ПСЖ” футболчиларига ёқмади. Баъзилар Леонинг рухсат этилмаган сафари клуб тизимига бўлган ҳурматсизлик деб баҳолади. Биринчи навбатда шахсий бизнес, кейин эса жамоа қарори футболчиларга ёқмагани аниқ. Хуллас, жазо ўзини узоқ куттирмади: “ПСЖ” футболчини икки ҳафтага дисквалификация қилди. Шу тариқа, аргентиналик футболчи “Труа” (7 май) ва “Аяччо” (13 май) билан ўйинларни ўтказиб юборади.
Парижликларнинг сўнгги ўйинларда мунтазам мағлубиятга учрагани ва “Марсел”дан атиги 5 очколик фарқни инобатга олсак, Мессининг икки турда йўқлиги чемпионлик йўлига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 35 ёшли юлдузнинг “ПСЖ” билан шартномаси мавсум охирида тугайди.
Балки буларнинг барчаси “Барселона”га қайтиш учундир?