Лионель Месси «ПСЖ»ни тарк этиши мумкин, аммо «Барселона»га ўтиш ҳали тўлиқ келишувга ўхшамайди. Қуйида аргентиналикнинг яна қаерда бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр юритамиз.
Саудия Арабистонига рухсат этилмаган саёҳат Лионель Мессининг «ПСЖ»да қолиш истиқболига чек қўйган кўринади. Қайд этилишича, клуб раҳбарияти аргентиналик футболчидан жаҳли чиқиб, уни жамоа билан машғулотлардан четлатган ва ниҳоят шартномани узайтирмасликка қарор қилган. Хабарингиз бор, «Барселона» ҳақиқатан ҳам ўз афсонасини қайтаришни истайди, аммо оғир молиявий аҳвол каталонияликларга бу режани амалга оширишга тўсқинлик қилиши мумкин. Шу ўринда Месси Европанинг яна қайси клубига мос тушиши мумкин деган савол туғилади.
«Челси»
Лондон клубининг трансфер бозоридаги шов-шуви Тодд Боэлининг Лионель Мессини хоҳлашини кўрсатмоқда. Америкалик ўтган ёзда маркетинг мақсадида кўп жиҳатдан Криштиану Роналдуни қўлга киритишга ҳаракат қилган ва бу нуқтайи назардан Месси португалияликдан қолишмаслиги аниқ. Агрессив трансфер сиёсати «Челси»ни оғир молиявий аҳволга солиб қўйган бўлсада, «кўклар»да ҳатто жаҳон чемпиони учун ҳам пул бордек кўриняпти. Лондонликларнинг режаларини футбол нуқтайи назаридан муҳокама қилиш қийин, чунки жамоада ҳатто муқим мураббий ҳам йўқ, ҳолбуки, ҳозир жамоада ҳужумда муаммолар борлиги кўриниб турибди. Бундай вазиятда Месси уларни ҳал қилиши мумкинми? Тўғри, аргентиналикнинг ўзи «Стэмфорд Бридж»га ўтишни ва у ерда содир бўлаётган барча тартибсизликларга барҳам беришини тасаввур қилиш қийин.
«Манчестер Сити»
Анъанага кўра, келажакни муҳокама қилишда Месси ва Хосеп Гвардиоланинг яна учрашишини тасаввур қилиш мумкин. Мураббийнинг ўзи бир неча бор аргентиналик ҳақида хушомадгўй гаплар айтган. «Манчестер Сити»да Мессини қўлга киритиш учун етарли маблағ бўлишига шубҳа йўқ, «шаҳарликлар»да бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Шунчаки Лео энди «Манчестер Сити»га керак бўлган футболчига ўхшамайди. Хосеп Гвардиола Англиядаги фаолияти давомида кучли, эҳтимол, энг кучли жамоа тузди. «Шаҳарликлар»нинг ҳужумкор гуруҳи ичида Месси қаердан жой топиши аниқ эмас. Гвардиола Месси учун футбол структурасини тикласа керак.
«Ньюкасл»
Хау шогирдларининг Чемпионлар лигасига қайтишига бир қадам қолди ва бу турнирда иштирок этиш учун жамоани кучайтириш керак бўлади. «Ньюкасл» навбатдаги топ-клуб бўлишни хоҳлайди ва бу мақом учун албатта, ҳақиқий юлдуз билан шартнома имзолаши керак. Месси албатта бу клубга этибор қаратади ва бошқа ёрқин ижрочиларни «Сент-Жеймс Парк»га кўчиб ўтишга кўндириши мумкин. Шу билан бирга, Аргентина ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқани унутмаслик керак, бу трансферга ёрдам бериши мумкин. Сиёсий соҳани инобатга оладиган бўлсак, «Ньюкасл» эгалари учун футболчини «ПСЖ»даги қатарлик шайхлардан тортиб олиш анча қийин бўлади. Эҳтимол, Месси «Барселона»га қайтмаса ва Англия жамоаси Чемпионлар лигасига йўл олса, «Ньюкасл» варианти жуда реал кўринар...
«Атлетико Мадрид»
Бу вариант бир қарашда, анча хунук кўринади, лекин уни бутунлай ташлаб юбормаслик керак. «Атлетико» ҳар доим «Барселона»нинг собиқ футболчиларини сотиб олишни яхши кўрган. Давид Вилья, Луис Суарес ва бошқаларни эслаш мумкин. Месси икки йил олдин Каталония клубидан хафа бўлганди. Агар «Барселона» уни ҳозир қайтаришга қурби етмаса, бу туйғу янада кучайиши мумкин, у ҳолда аргентиналик футболчи қадрли клубининг хатосини исботлаши мумкин. Агар Месси қасос олмоқчи бўлса, «Атлетико»дан яхшироқ вариант йўқ. «Реал Мадрид»га аргентиналик ҳар қандай ҳолатда ҳам бормайди. Шу билан бирга ўша Суарес Мессига «матрасчилар» ҳақида кўп яхши нарсаларни айтган бўлса ажаб эмас, Леонинг ватандоши Симеоне ҳам бунда муҳим роль ўйнаши мумкин.