Кириш Регистрация
30/11 00:45 Кальяри 1-0 Верона
30/11 01:00 Брайтон 1-1 Саутгемптон
30/11 01:00 Мальорка 2-1 Валенсия
30/11 18:00 Барселона - Лас-Пальмас
30/11 19:00 Комо - Монца
30/11 20:00 Брентфорд - Лестер
30/11 20:00 Кристал Пэлас - Ньюкасл
30/11 20:00 Ноттингем Форест - Ипсвич
30/11 20:00 Вулверхэмптон - Борнмут
30/11 20:15 Алавес - Леганес
30/11 22:00 Милан - Эмполи
30/11 22:30 Вест Хэм - Арсенал
30/11 22:30 Эспаньол - Сельта
01/12 00:45 Болонья - Венеция
01/12 01:00 Вальядолид - Атлетико

Усмон Тошев: "Бу ўйинда хоҳласак-хоҳламасак "Насаф" фаворит"

Баҳо:
+ | -

Қаршининг «Насаф» клуби чемпионлик учун дадил кураш олиб бормоқда. Бу йўлда уларнинг охиригача ҳаракат қилишларига шубҳа йўқ. Охирги турда Муборакнинг «Машъал» жамоаси устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.

Энди эса улар сафарда охирги ўринда бораётган «Андижон» меҳмони бўладилар. Бош мураббий Усмон Тошев эса ҳар бир учрашувда шогирдларидан натижани талаб қилиш билан бирга, мухлисларга ёқадиган чиройли футбол кўрсатишни ҳам талаб қилади. Айтиш жоизки, унинг дунёқараши бошқа ҳамкасбларидан бироз фарқ қилади. Куни-кеча у билан боғланиб бир қатор саволларга жавоб олдик.  

-          Усмон Қудратович, «Насаф» «Машъал» устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу йирик ҳисобдаги муваффақиятга ортиқча қийинчиликсиз эришдинглар деб ҳисобласак бўладими? Ёки сиз бу фикрга қўшилмайсизми?

-          Йўқ, мен бу фикрга қўшилмайман. Бу биз учун осон ёки қийин ўйин эди деб айта олмайман. Албатта, учрашув бошидаёқ тезкор гол урмоқчи эдик. Лекин бу ишни амалга ошира олмадик. Аммо рақиб дарвозасига тезкор голлар ура олмаган бўлсак-да, учрашув давомида учта чиройли тўпларни киритдик. Ўйлашимча, учта гол етарли бўлди. «Машъал» ҳам яхши жамоа. Шу сабабдан иккала клуб ҳам яхши ўйин кўрсатдилар. Аммо осон ёки қийин ғалабага эришдик деб айта олмайман. Бизда яна голли имкониятлар ҳам бўлди.

-          «Насаф» чемпионлик учун охиригача курашмоқда. Жамоада яна жонланишни кўряпмиз. Имконият эса сақланиб қолинган. Бу борада нима деган бўлардингиз?

-          Жамоада озгина пасайиш бўлганди, энди эса яна кучайдик деб ўйламайман. Биз ҳар бир ўйинга тайёргарлик кўриб ғалаба учун охиригача курашамиз. Айтишим керакки, жамоамизда пасайиш ёки кўтарилиш деган тушунча йўқ. Тўғри, ҳар ким турлича баҳо беради. Аммо шогирдларим қўлидан келганича ўйнашяпти. Руҳий томондан ҳам, жисмоний томондан ҳам ҳар бир беллашувга яхши ҳозирлик кўряпмиз. Айрим пайтлар бўладики, омад кулиб боқса 2-3та гол урамиз, бўлмаса битта гол билан кифояланамиз.

-          «Насаф» кейинги турни яна бир аутсайдерлардан бири - «Андижон»га қарши ўтказади. Ҳозирданоқ ҳамма ушбу ўйинда «Насаф»ни фаворит деб ҳисобламоқдалар. Бу фикрларга қандай қарайсиз?

-          Мен учун фаворит ёки аутсайдер деган нарса йўқ. Мана, Россия Кубоги баҳсларини кўрган бўлсангиз, премъерлига жамоалари қуйи лигадаги клубларни қийинчилик билан мағлубиятга учратдилар. Ҳаттоки, «Рубин» кейинги босқичга чиқа олмади. Ўйинга қандай тайёргарлик кўрган бўлсангиз шундай ўйнайсиз. Олий лигамизда 14та жамоа бор. Улар бир-биридан қолишишмайди. Албатта, биз юқори ўринда, «Андижон» эса охирги ўринда боряпти. Бундай ҳолатларда хоҳласак-хоҳламасак «Насаф» фаворит ҳисобланади. Шунинг учун астойдил тайёргарлик кўриб фаворитларга хос тарзда ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биз биринчи ўрин учун курашяпмиз. Шунинг учунбунга мос равишда ўйнашимиз керак.

-          «Бунёдкор», «Пахтакор» каби ўйинларга футболчиларнинг ўзлари ҳам табиий равишда тайёргарлик кўрадилар. Яъни, уларга ортиқча гапиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Чунки руҳий жиҳатдан ҳам ўз-ўзидан тайёргарлик кечади. Аммо аутсайдерларга қарши беллашувларга жамоани муносиб тайёрлаш сиз мураббийларга қийин бўлмайдими?      

-          Йўқ, қийин эмас. Доим футболчиларга кўрсатма бериб гапирамиз. Ҳар бир ўйинга бир хил равишда муносиб тайёргарлик кўриш лозим. Барибир истасак-истамасак бундай ҳолатларда футболчиларнинг руҳиятида бироз бўлса-да ҳотиржамлик бўлади. Биз мана шуни йўқотиш учун ҳар бир футболчи билан гаплашамиз нима қилиш кераклигини тушунтириб, ўша нарсани йўқотишга ҳаракат қиламиз. Агар футболчи ҳақиқий профессионал бўлса ва профессионализм равишда тайёргарлик кўрса унга ким билан ўйнашнинг фарқи йўқ. Чунки у доимо юқори ҳолатда тайёргарлик кўра олади. Охирги ўриндаги жамоани ютсангиз хам, юқори ўриндаги жамоани ютсангиз ҳам фақат уч очко беради. Шунинг учун ҳамма бу ҳолатни яхшилаб тушуниб ишлаши керак.

-          Доимо рақибнинг кучига етарлича баҳо бериш керак. Буни сиз яхши биласиз. Айтайлик, бўлажак рақиб - «Андижон» ҳақида нималарни айта оласиз?

-          «Андижон» хусусида бирон нима айта олмайман. Бошқа клублар ҳақида ҳам ҳеч нима демайман. Чунки ҳар бир жамоани раҳбари, мураббийлари бор. Улар ўз жамоасига жавоб берадилар. Мени эса «Андижон»га баҳо беришим нотўғри бўлади. Боз устига биз уларга қарши ўйнаймиз. Шу боис ортиқча гапнинг кераги йўқ.

-          Бу йилги мавсум борган сари ўз якунига етиб боряпти. Мураббий сифатида бу мавсумда кутилган ёки кутилмаган натижаларни кўряпсизми?

-          Бошқаларга кўп ҳам эътибор қаратмайман. Лекин жамоаларнинг қандай натижа кўрсатганлиги билан қизиқиб тураман. Бирор-бир клубни олдиндан ютади ёки ютқазади деб айта олмайман. Ҳамма ҳам ютишни хоҳлайди. Олий лигада 14та жамоа бўлгани учун ўйинлар кам. Шу боис ҳамма вазиятлардан фойдаланиб ғалаба қозонгиси келади.

-          Ўзи, бу йилги чемпионат сизга ёқяптими?

-          Албатта ёқяпти. Ўйлашимча, ўйинлар савияси кучайган. Футбол юртимизда ривожланяпти. Баъзида биринчи лига ўйинларини кўриб қолсам, ўсиш борлигини сезаман. Кимдир у дейди, кимдир бу дейди. Аммо менимча ичи қора инсонлар айтишади. Аммо ким нима десин-у, Ўзбекистонда футбол ўсяпти. Ҳаттоки ёшлар лигасида ҳам ўсиш кузатиляпти.

-          Сиз мураббий сифатида доимо чиройли футбол тарафдори бўлиб келгансиз. «Насаф»да эса сизнинг зиммангизга жиддий вазифа юкланган. Шунга яраша талаб ҳам кучли. Бу ерда ишлаётганингиздан бери кучли босимни ҳис қиляпсизми?

-          Қанақа босим? Майдон ўша-ўша, футболчилар ўша-ўша! Агар мураббийда босим бўлса, у ҳеч қачон ишлай олмайди. Худога шукурки, клубимиз раҳбарлари футболни яхши тушунадиган одамлар. Албатта, ҳар қандай жамоада ишлайдиган мураббийга талаб бўлади. Унга қараб футболчиларга вазифа қўйилади. Умуман айтганда, мен босимга эътибор бермайман. Ҳар куни ўз ишим билан шуғулланаман. Четдан ким нима деяпти, мен уларга қулоқ солмайман. Одам бекор, ишсиз қолса гапиради, ёзади. Агар иш билан банд бўлса, ҳар ким ўз иши билан шуғулланади. Шундай нақл бор, «аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ». Лекин бизда одамлар бошқачароқ баҳо берадилар. Лекин мен уларга эътибор бермайман. Раҳбарлар ва футболчилар менга ишонадилар. Мен ҳам уларга ишонаман.

-          Шу кунгача бош мураббий сифатида бирор-бир жамоа билан совринларни қўлга киритмагансиз. Бу йил эса «Насаф» билан совринли ўринлардан бирини қўлга киритишга жуда яқин турибсиз. Бу ҳолатни қандай ҳис қиляпсиз?

-          Мен бунга эътибор қилмаяпман. Совринли ўринлардан бирини қўлга киритамиз ва бу вақт ҳам ўтади. Насиб бўлса, чемпион ҳам бўламиз ва бу вақт ҳам ўтиб кетади. Шундай пайт келадики, одам ўзига савол беради, мен бу ҳаётда нима қилдим деб?! Ўша пайтда одам ўзига жавоб бериши керак. Сиз футбода ишлайсизми, ҳокимятдами, милициядами бунинг фарқи йўқ. Ҳаётга яхшироқ қараш керак. У жуда ҳам қизиқ. Албатта, чемпион бўлсак, совринли ўринни қўлга киритсак, ҳар бир мураббийга, футболчига, мухлисга ёқади. Биз бунга эришиш учун ҳаракат қиламиз. Футболда натижа керак. Лекин ундан ҳам зарурроқ бўлган нарсалар ҳам бор.

-          «Насаф»даги футболчилар кўп нарсага қодир. Масалан, иккинчи даврада келиб қўшилган Владимир Шишелов барчада илиқ таассурот қолдиряпти. Айнан у келганидан кейин яна бир тажрибали ҳужумчи Шуҳрат Мирҳолдиршаев таркибда кўринмай қолди.

-          Унинг белида жароҳати бор эди. Фақатгина тузалиши бироз қийин кечди. Лекин Шуҳрат жамоамиз билан 5-6 кундан бери машғулотлардан иштирок этяпти. Балки «Андижон» билан учрашувда майдонга тушиши ҳам мумкин. У тажрибали футболчи. «Машъал»га қарши ўйинда 18таликдан жой олди.

-          Айрим клубларда алмаштириб бўлмас ўйинчилар бўлади. Яъни, уларнинг асосий таркибдаги ўрни кафолатланган. «Насаф»да ҳам шундай футболчилар бор деб айта оласизми?

-          Бизда 20та футболчи бўлса, ҳаммаси яхши ўйинчилар. Бир-бирига мос келадилар. Албатта, сиз айтган футболчилар бўлади. Кимдир у жиҳатдан, кимдир бу жиҳатдан бир-биридан кучлироқ. Лекин уларнинг номларини айтмоқчи эмасман.         

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

 

Манба: andijon-pfc.uz
Киритилди: 10:55, 02.10.2012.
Ўқилди: 3635 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.