Ўзбекистонда футболни оммалаштириш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳамда мамлакатимизда футболни янада ривожлантиришга оид масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ФИФА президенти бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.
Бугун Жанни Инфантино ФИФА кўмагида Тошкент вилоятида қад ростлаётган Ўзбекистон Терма жамоалари марказини кўздан кечириш учун қурилиш майдонига ташриф буюрди. ФИФА раҳбарига мазкур базадан ўрин олган объектлар, хусусан, 4 та гибрид футбол майдони, 280 ўринли меҳмонхона, ёпиқ бассейн, илмий-методик марказ, тиббий пункт, ресторан ва конференцзаллари лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Авваллари терма жамоалар учун база қуриш орзу бўлгани, эндиликда мана шу лойиҳа натижасида барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз, хусусан, миллий ва олимпия жамоаси ҳам шу ерда йиғин ўтказиш имконига эга бўлиши таъкидланди.
Бундан ташқари, ушбу марказни халқаро стандартлар асосида бунёд этиш, жиҳозлаш ва фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бир нечта давлатларнинг тажрибаларидан кенг фойдаланилаётгани қайд этилди.
Ташриф давомида футболчилар истиқомат қиладиган меҳмонхонанинг янги биносига биринчи пойдевор қуйиш тадбири бўлиб ўтди. Жанни Инфантино ушбу база кўп йиллар Ўзбекистон терма жамоаларининг муваффақиятига хизмат қилишига тилак билдирди. Шунингдек, Осиё кубогида зафар қучган Ўзбекистон U-20 терма жамоаси билан учрашув ташкил этилди. ФИФА Президенти ёшларимизни Осиё чемпионлиги билан самимий табриклаб, Аргентина майдонларида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида омад тилади.
Жанни Инфантинога ёшлар терма жамоасининг махсус футболкаси топширилди.