Табиийки, энг юқори натижалар вақт ўтиши билан ўзгариб туради мунтазам. Бугун ҳам айнан шундай ўзгарувчан натижа-фактларнинг айримларига эътибор бурамиз goall инфографикалари ёрдамида.
***
ЁҚИМСИЗ АЙЛАНМА
Эрик тен Хаг ғазабда, ахир «МЮ» Давид де Хеа ва Гарри Магуайр хатолари ортидан жорий еврокубоклар билан хайрлашди ярим финал остонасида. Шу тариқа «Олд Траффорд» эгасига боғлиқ ёқимсиз анъана давом этадиган бўлди.
***
ҒАЛАБАСЕВАР ХОРВАТЛАР
ЧЛнинг охирги 10 йиллик тарихига қарасак, ҳар мавсум ғолиблари қаторида Хорватия футболининг лоақал бир вакилини кўрамиз, албатта. Қойил. Оддий айтганда, хорватияликларнинг турнирдаги ғалабали сериялари 10 йилни ташкил этмоқда. Уларда бу серияни янада чўзиш имконияти етарли. Ҳарқалай, бу мавсум Лука Модрич («Реал»), Марцело Брозович («Интер») ва Анте Ребич («Милан») ЧЛ ярим финалига чиқишди. Ҳозирда улардан лоақал бири Истанбул финалига ўтиши ҳам тайин. Ахир ярим финалда Брозович ва Ребич жамоалари ўзаро ҳисоб-китоб қилишади.
***
СЕВИМЛИ РАҚИБ
Футбол тарихида муайян рақибга қарши ўйинларда энг кўп гол урган футболчилар рейтингини ҳам Лионель Месси бошқариб турибди. Аргентиналик юлдуз Испаниядаги фаолияти давомида бечора «Атлетико» дарвозасини нақ 32 марта нишонга олган. «Атлетик»нинг собиқ ҳужумчиси Гильемо Горостиса эса вақтида «Барселона» дарвозасини 29 бора «ўқ»қа тутган экан.
***
5 ЙИЛДА 80 НАФАР ФУТБОЛЧИ
Европанинг кучли чемпионатларида охирги 5 йилда энг кўп футболчидан фойдаланган клублар рўйхатини «ПСЖ» бошқариб бормоқда. Парижликлар бу муддат ичида нақ 80 нафар футболчини майдонга туширишди. «Барселона» кўрсаткичи бирозгина пастроқ - 79 нафар футболчи.
***
БОШ «ЖОКЕР» - АСЕНСИО
Марко Асенсио «Реал»да кўпинча захирадан майдонга тушаётганини инобатга олсак, унда ЧЛ тарихидаги энг яхши «жокер» сифатида ўзига тегишли турнир рекордини янгилаш имкони катта. Тўғри, турнирда захирадан тушиб энг кўп гол урган футболчилар рўйхатида испаниялик футболчини Карим Бензема қувиб ўтиши мумкин. Лекин францияликнинг захирада қолишидан кўра, бошланғич таркибга кириши эҳтимоли каттароқ.
***
ҚОЙИЛМАҚОМ РОДРИ!
«Манчестер Сити» ва «Реал» ўртасидаги охирги икки тўқнашув (ЧЛ чорак финали)да катта ҳажмда иш бажарган ва гол ҳам урган Родри ҳаётда ўта камтар. Ижтимоий тармоқларда ҳали саҳифа очмаган испаниялик футболчи хайрия ишларига ҳам бефарқ эмас.
***
НАҚ 40 ФОИЗЛИК КЎРСАТКИЧ-А...
«Ливерпуль» дарвозабони Алиссонни замонавий футболдаги асосий пенальтишунос сифатида таърифлаш мумкин. Диққат қилинг, бразилиялик кипер жами «дуэл»ларнинг 40,6 фоизида ғолиб чиққан. Унинг бу борадаги асосий таъқибчиси - ҳамюрти «Фламенго» жамоаси дарвозабони Диего Алвес.