Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 2012 йилги Осиё чемпионати ярим финалида мусобақа мезбони – Эрон терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финал ўйини йўлланмасини қўлга киритди.
Эронга қарши ўйиндан сўнг Эрон ва араб телеканаллари вакиллари микст-зонада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг ноябрь ойида 16 ёшга тўладиган ҳужумчиси Акобир Тўраевга саволлар билан мурожаат қилишди.
«Эрон терма жамоаси ўйинини ўрганган эдик. Ярим финалда Эрон Австралияни жуда йирик, 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Лекин биз бундан қўрққанимиз йўқ. Бугунги ўйин жуда қийин бўлди, шундай бўлишини биз олдиндан билардик. Бироқ биз бир жамоа бўлиб, ғалабани қўлга киритдик», - деди Тўраев.
«Бухоро» футбол клуби аъзоси ҳисобланган Акобир Тўраев терма жамоа илк бор ўсмирларнинг 19 март – 2 апрель кунлари Туркияда ўтказилган йиғинида жалб этилган бўлиб, «Зенит»нинг ўсмирлар жамоасига қарши илк ўйинида дастлабки голини ҳам уришга муваффақ бўлганди. «Бухоро» ўринбосарлари сафидаги илк расмий ўйинини 13 сентябрь куни Ёшлар Биринчилиги 19-тури доирасида «Металлург»га қарши ўтказиб, мусобақадаги илк голини ҳам уришга муваффақ бўлган Тўраев терма жамоадаги илк расмий ўйинида ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Жанубий Корея ўсмирларига қарши Осиё чемпионати чорак финалида айнан Акобирнинг голидан сўнг ҳисоб очилганди.
«Эрон ўсмирлар терма жамоасининг ҳимоячиларидан қочиб кетиш қийинроқ бўлди, афтидан, улар ҳам бизнинг Жанубий Кореяга қарши ўйинимизни пухта ўрганиб чиққан кўринишади. Финал учрашувида албатта гол уриш учун ҳаракат қиламан», - деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасис ҳужумчиси Акобир Тўраев.
2012 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал учрашуви 6 октябрь куни бўлиб ўтади. Тошкент вақти билан 20:30да бошланадиган ўйин Теҳрондаги «Пас» стадионида ўтказилиши режалаштирилган.