Япония ўсмирлар терма жамоаси аъзолари япониялик тенгдошлари бериб юборган совғалардан руҳланиб, қитъа чемпионатининг финалигача етиб келишган, деб ҳисоблашади.
Япония терма жамоаси бошқа жамоалардан фарқли равишда Осиё чемпионатида барча 21 нафар футболчига ўйнаш учун тенг имконият бермоқда. Бош мураббий Хирофуми Йошитаке ротация сиёсатини амалиётга самарали қўллаб келмоқда. Масалан, Йошитаке Сурияга қарши чорак финалда тўп сурган 10 нафар футболчига дам берди ва бошқа футболчиларни майдонга туширди. Бу таркиб эса Ироқни 5:1 ҳисобида мағлуб этди.
Умуман олганда, 2 йил аввал ушбу жамоа шакллантирилаётганда Япониянинг 47 префектурасидан 150 нафар ёш футболчилар тўпланган. Кейинчалик бу рўйхат 100 ва 50тага қисқартирилди. 23 нафар футболчи эса Осиё чемпионатига ташриф буюрди. Теҳронга келмаган 127 нафар ўйинчи эса омад белгиси сифатида брелок-сувенирларини делегацияга бериб юборган.
Япония терма жамоаси маъмури Томоказу Икебенинг таъкидлашича, ушбу сувенирлар жамоага омад келтираётганига футболчилар ишонишади ва ҳар бир ўйинда улар захира ўриндиғига илиб қўйилади. Япония терма жамоаси гардероби ичида эса 2та катта плакатлар бор ва уларга "эзгулик" ва "дўстлик" сўзлари ёзилган. Шунингдек, кийиниш хонасиша Япония байроғи илиб қўйилади. Унга 150 нафар футболчининг исмлари ёзилган.
"Футболда машаққатли меҳнатдан ташқари омад ҳам керак. Ўйинчилар тенгдошлари бериб юборган совғалар орқали тиланган омадни ҳис қилишмоқда ва бу совғалар мусобақани ютишда ёрдам беришига ишонишади. Биз олдимизга қўйилган дастлабки мақсадга эришдик (ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилди) ва энди навбат бош совринга", дейди Икебе.