Ўзбекистон қизичбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Хасанова 23 май, сешанба куни 39 ёшида вафот этди. Бу ҳақида федерация расмий сайти маълум қилди.
“Ўша куни Аида хусусий клиникаларнинг бирида косметологик операция қилинган. Бироқ соғлиғи ёмонлашгани боис, касалхонага ётқизилган. Кечқурун реанимацияда вафот этган”, — дея хабар беради Газета нашри.
Маълумот учун, Аида Ҳасанова 1983 йил 4 августда Тошкент шаҳрида туғулган. Аида ўзбек қиличбози ва қиличбозлик бўйича халқаро ҳакам бўлган. Хасанова кўп карра мамлакат чемпиони, 2001—2006 йилларда Марказий Осиё чемпиони, 2005 йилда Англияда ўтказилган халқаро турнирнинг олтин медали совриндори.
2014 йилда Аида Ўзбекистон тарихидаги қиличбозликнинг барча уч қурол тури бўйича биринчи халқаро ҳакамга айланган. Ўша йилдан бошлаб у Халқаро қиличбозлик федерацияси - FIE ҳаками бўлиб, халқаро чемпионат ва турнирларда ҳакамлик қилишни бошлаган. 2015 йилда Жаҳон ва Осиё чемпионатларида илк бор финалда ўзбекистонлик ҳакам сифатида иштирок этган.
2017 йилдан буён Ўзбекистон қиличбозлик федерациясида бош ҳакам лавозимида ишлаб келган.