Кириш Регистрация
21/11 18:00 Пахтакор 0-2 ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе - Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик - Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон - Динамо
23/11 17:30 Лестер - Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол

Мишель Платини: «Ўзбекистон – футбол мамлакати»

Баҳо:
+ | -

11 октябрь куни Тошкентга УЕФА президенти Мишель Платини бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Делегация аъзолари Тошкент шаҳрига етиб келиши билан «International Tashkent» меҳмонҳонасига жойлашишди. Соат 15:30да Мишель Платини бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Футбол федерациясига ташриф буюрди ҳамда ЎФФ президенти Мираброр Усмонов билан учрашди.

УЕФА делегацияси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида ЎФФ президенти Мираброр Усмонов УЕФА президенти Мишель Платини бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташриф буюрганидан бағоят мамнун эканлигини таъкидлаб ўтди: «Ўзбекистонга ташриф буюрганингиздан хурсандман. Бу ташрифингиз катта таассуротлар билан эсда қолади деган умиддаман».

Шундан сўнг ЎФФ президенти шахсан УЕФА президенти Мишель Платинига мурожаат қилди: «Жаноб Платини, сизга катта мамнуният билан шуни айтаманки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол ва унинг ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 3 йил ичида биз барча талабларга жавоб берадиган 7та футбол стадиони, профессионал футбол клублари қошида 12та футбол мактабларини қурдик. Бизнинг клубларимиз Осиё Чемпионлар лигасида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Яқинда эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Эронда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. 19 ёшдаги ёшлар терма жамоамиз эса ноябрь ойида БААда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўл олади. Мазкур терма жамоамиз қитъа чемпионатида муносиб иштирок этишади ва жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишади деб, умид қиламан. Шу ўринда, албатта, миллий терма жамомиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Хабарингиз бор, айни дамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун кураш олиб бормоқда. 16 октябрь куни терма жамоамиз Қатар терма жамоасигa қарши сафарда баҳс олиб боради. Мазкур ўйинда ғалаба қозона олсак, жаҳон чемпионатига чиқиш учун якунда имкониятларимиз янада ошади. Шу ўринда бутун Ўзбекистон халқи миллий терма жамоамизнинг саралаш баҳсларини омадли тарзда ўтказиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишини чин дилдан истайди», - деди Мираброр Усмонов.

ЎФФ президенти ўз мурожатида давом этар экан, яна қуйидагиларни қўшимча қилди: «Жаноб Платини, бугун юртимизга ажойиб инсонлар ташриф буюришди. Озарбайжон футбол Федерацияси бош котиби Элхан Мамедов билан жуда яхши танишмиз. Бизнинг федерациямизни озарбайжонлик ҳамкасбларимиз билан жуда яхши йўлга қўйилган ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Шу ўринда сизнинг маслаҳатчингиз - жаноб Паскаль Торрес халқаро семинар ва турли тадбирларни ўтказишда ўзининг амалий ва назарий ёрдамини бериб келаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Яна бир бор қайтараман, биз сизларни Ўзбекистонга қилган ташрифингиздан ғоятда мамнунмиз», - деди ЎФФ президенти Мираброр Усмонов.

Ўз навбатида УЕФА президенти Мишель Платини ҳам ўз ташрифи чоғидаги дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди ва қуйидагиларни таъкидлади: «Муҳтарам Мираброр Усмонов! Аввало, бутун делегациямиз номидан шунчалик илиқ муносабат ва меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз Ўзбекистонда, жуда чиройли ва серқуёш мамлакатда бўлиб турганимиздан ҳурсандмиз. Мен Ўзбекистон футболи ҳақида анча тасаввурга эгаман. Сизнинг мамлакатингизда футбол жадаллик билан ўсиб бораётгани ва бунда ҳукуматнинг ҳиссаси катта эканлигини айтиб ўтмоқчи эдим. Албатта, бундай эътибор келажакда ўз мевасини беришига шубҳам йўқ. Афсуски, бу ерда узоқ вақт қола олмайман. Ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюришга ваъда бергандим ва мана, орадан бир йил ўтиб, ўз ваъдамни устидан чиқдим. Бундан эса, жуда хурсандман. Сизнинг сўзларингизни эшитганим ва Ўзбекистон Футбол Федерацияси жойлашган бинони кўздан кечириб шундай фикрга келдимки, Ўзбекистон бу - футбол мамлакатидир. Ўзбекистон терма жамоасининг айни пайтда жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, бу мамлакат ўз минтақасида футболи энг ривожланган мамлакатдир».

«Одатда, бизнинг ташкилотимиз ўз ҳудудидаги футболи ривожланмаган мамлакатлар учун моддий ёрдам бериб келади. Ўз навбатида, бошқа қитъада жойлашган мамлакатларга ҳам у ёки бу йўналишдаги жабҳаларда ўз маслаҳатларини бериб боради. Аммо Ўзбекистонга келиб шу нарсага амин бўлдимки, сизлар ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмассизлар. Умуман биз сизларга эмас, айрим масалаларда сизлар бизга ёрдам бера олишингиз мумкинлигини айтишим мумкин. Масалан, ҳакамлик масаласида. Ўзбекистонда жаҳоннинг энг яхши ҳакамларидан бири борлигини биламан. Бу эса бутун мамлакат учун катта ютуқ. Умуман олганда эса барчага маълум - УЕФА катта имкониятларга эга ва дунёнинг энг қудратли ташкилотларидан бири ҳисобланади. Агар сизларда маркетинг ривожи, инфратузилмалар ёки бошқа йўналишларда бизга саволларингиз бўлса, ташкилотимиз доимо сизларга ёрдам ва маслаҳат беришга тайёр», - дейди Мишель Платини.

Мартабали меҳмоннинг нутқидан сўнг ЎФФ президенти Мираброр Усмонов Платинига яна бир бор мурожаат қилиб, келажакда Ўзбекистон ва Европа қитъаси мамлакатлари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш борасида тилак билдирди.

«Албатта, Ўзбекистон футболи ҳақида бундай ижобий фикрларни эшитиш ёқимли. Бугунги кунда, футболимиз олдинга катта қадам ташлади. Аммо, бир тилагим, аниқроғи таклифим бор. Агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритса, УЕФА бизга Европанинг етакчи терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувларини ташкил этишда кўмак кўрсатишини хоҳлардим», - деди Мираброр Усмонов.

Ўз навбатида Мишель Платини ҳам ЎФФ президентининг ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. «Бу сиз тарафдан берилган жуда яхши таклиф. Бу таклифни УЕФА албатта инобатга олади. Биласиз, Европада тақвим жуда тиғиз ва терма жамоалар билан бу борада келишиш бироз қийинроқ масала. Аммо, биз албатта, таклифингизни кўриб чиқамиз ва бу масалада амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу борада сизлар билан ҳамкорлик қилишдан ҳурсанд бўламиз, агар лозим бўлса, Европада йиғин ўтказадиган бирорта Лотин Америкаси терма жамоаси билан ҳам алоқага чиқишга уриниб кўрамиз», - дея таъкидлади Мишель Платини.

Шундан сўнг Мишель Платини бошчилигидаги УЕФА делегацияси аввалига «Пахтакор» стадионига, кейин эса янги қуриб битказилган «Бунёдкор» футбол мажмуасига ташриф буюришди. «Бунёдкор» футбол мажмуасини кўздан кечирган УЕФА делегацияси шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтадиган учрашувга йўл олди.

Эслатиб ўтамиз, УЕФА делегациясининг Тошкентга ташрифи 12 октябргача давом этади.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 20:43, 11.10.2012.
Ўқилди: 7153 марта.
Фикрлар: 21 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.