2012 йилнинг 4-11 октябр кунлари Улан-Батор шаҳрида (Мўғилистон) оғир атлетика бўйича катталар ва ёшлар ўртасида Осиё кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Қитъада спортнинг ушбу тури кенг тараққий этган давлат вакиллари иштирокида ўтган мазкур нуфузли мусобақада мамлакатимиз полвонлари муваффақиятли иштирок этиб, кўплаб совринли ўринларни қўлга киритишди.
Жумладан, ёшлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда Азамат Шарипов (-85 кг) даст кўтаришда 105, силтаб кўтаришда эса 130 кг. натижани қайд этиб, учкураш якунларига кўра олтин медалга сазовор бўлди.
Вазни 94 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Авез Идиев даст кўтаришда 127 кг, силтаб кўтаришда эса 160 кг. натижа кўрсатиб, у ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Оғирлик вазни 105 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида яна бир ҳамюртимиз Сардор Дўстмуродов энг юқори натижани қайд этди. Сардор даст кўтаришда 150 кг., силтаб кўтаришда эса 190 кг. тошни ўзига бўйсундириб, биринчи ўринни эгаллади.
Шу тариқа, ёшлар ўртасида кечган мусобақаларда уч маротаба Давлатимиз байроғи сарбаланд кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.
Катталар ўртасида кечган мусобақаларда уч нафар спортчиларимиз кумуш медал совриндори бўлишди. Баҳром Мендибоев (-69 кг) даст кўтаришда 125 кг, силтаб кўтаришда эса 158 кг. натижани қайд этган бўлса, Улуғбек Алимов (-77 кг) даст кўтаришда 145 кг, силтаб кўтариш машқида эса 175 кг. тошни ўзига бўйсундира олди. Энг юқори 105 кг. оғирлик вазнда баҳсларга киришган яна бир юртдошимиз Жаҳонгир Зиннатов даст кўтаришда 140 кг, силтаб кўтаришда эса 180 кг. натижани кўрсатди.
Мана шундай юқори натижаларга эришган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугун соат 19:15 да Сеул – Тошкент йўналиши бўйлаб Ватанимизга қайтиб келадилар.
Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати