Боку шаҳрида ўтказилаётган таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида бугун икки нафар ҳамюртимиз баҳсларда иштирок этмоқда.
Аёллар ўртасида 62 кг. вазн тоифасида Феруза Содиқова биринчи босқичдан озод этилган бўлиб, иккинча босқичда болгариялик рақибини мағлуб этганди. Тушдан кейинги жангларда эса ҳамюртимиз латвиялик Йоланта Талвидага қарши даянга чиқди ва катта қийинчиликсиз икки раунд якуни бўйича мағлуб этди. Энди Феруза ярим финал йўлланмаси учун венгриялик Вивиана Мартонга қарши жанг қилади. Ушбу баҳсда ғалаба қозонган спортчи ЖЧ медалини нақд қилади.
Эркаклар ўртасида 74 кг. вазнда таэквондочимиз тонгги дастурда — Молдова ва Филиппин вакилини икки раундда мағлуб этганди. Ҳозиргина у чорак финал йўлланмаси учун кореялик Канг Жэ Гвонгга қарши жуда қийин ва қизиқарли жанг ўтказди. Рақиб биринчи бўлимда 18-16 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи бўлим тугашига 2 сония қолганида ҳам ҳисобда ортда бораётган Жасур сўнгги сонияда ғалаба зарбасини берди ва 7-6 ҳисобида ғалаба қозониб, мувозанатни тиклади.
Жайсунов учинчи бўлимда ўзининг фаоллиги эвазига иродали ғалабага эришди. Айниқса, ҳисоб 6-6 бўлиб турганида ҳамюртимиз рақибнинг "стойка" алмаштирганидан унумли фойдаланиб, икки марта протектор зарба бериб, 4 очко олдинга ўтиб олди. Ватандошимиз жанг охирига қадар мазкур устунликни бериб қўймади — 13-9.
Жасур Жайсунов ярим финал йўлланмаси учун австралиялик Лео Голубичга қарши даянга чиқади.