Хабарингиз бор, жорий мавсум ўртасида “Насаф” ўринбосарлари бир неча йиллар жамоа таркибида тўп тепиб мухлислар ишончини қозонган кейинчалик жамоа асосий таркибида ёрдамчи ва бош мураббий лавозимларида фаолият юритган ёш мутахассис Рўзиқул БЕРДИЕВга топширилди. Таъкидлаш жоизки, айнан иккинчи даврадан бошлаб ёш футболчиларимиз ўйинларида ижобий ўзгаришлар кузатилди ва жамоа аъзолари кетма-кет ғалабларни қўлга киритишди. Ўринбосарларимиз устози клуб матбуот хизмати ходимининг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.
-Рўзиқул ака, аввало ёшлар жамоаси ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз?
- Бизни сафимизда 16-20 ёшгача бўлган футболчилар тўп тепишади. Шу футболчиларимизнинг кўп қисми “Насаф” футбол мактаби тарбияланувчилари ҳисобланишади. Шунингдек, режаларимизда яна кўплаб ёш иқтидорларни таркибимизга жалб қилиш. Биласиз, Қашқадарё вилоят биринчигида кўплаб жамоалар иштирок этишади. Мураббийлар штаби билан шу жамоалар ҳамда футбол мактаби ёшлари иштирокидаги ўйинларда ёш иқтидор эгаларини ҳам кузатиб борамиз.
-Сиз мавсум бошида асосий жамоани бошқардингиз, умуман иккала жамоани таққослаганда қандай фарқларни сездингиз?
- Албатта, агарда асосий таркиб ва ёшлар таркибини солиштирадиган бўлсак, бу жамоалар ўртасида жуда катта фарқ бор. Яъни, ёшлар билан кўпроқ тер тўкишга тўғри келади. Сабаби улар билан ҳар бир жабҳада иш олиб бориш талаб этилади. Ёшларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрлай олиш зарур. Асосий таркиб футболчилари эса, етарлича тайёргарликка эга бўлишади. Улар билан кўпроқ тактикалар устида иш олиб борилади.
- Ёшлар жамоасидан асосий таркибга номзод футболчилар борми?
- Бор албатта, фақатгина уларга мураббий томонидан ишонч билдирилиши керак. Ёш футболчиларга имконият яратиб беришдан асло қўрқиш керак эмас. 2-3 нафар ёшларни тажрибали футболчилар билан ёнма-ён тўп тепиши, уларга катта тажриба мактаби бўлади. Ёшлар акалари олдида янада тобланиб, ўсишга эришади.
- "Насаф" ёшлари жамоасининг олдига қўйган асосий вазифаси ёки мақсади нималардан иборат?
- Бизларни олдимизга турган асосий вазифамиз ёш футболчиларни тарбиялаб, асосий жамоамизга керакли кадрларни етказиб беришдан иборат. Бизни олдимизга юқори ўринларни олиш вазифаси қўйилмаган. Ёш футболчиларни асосий таркибга тайёр ҳолатда етказиб беришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
- Сизни ўзингизга ўхшаган бирорта шогирдингиз борми?
- Шогирдларимни барчаси ўзимга ўхшайди (кулади). Мен шогирдларимга ҳар доим шу гапни такрорлайман, сен шу касбни танладингми, демак, энди сен кўп меҳнат қилиб, фақат ва фақат ишлашинг керак. Яхши футболчи бўлиб етишиш бу осон иш эмас. Футболчиларимнинг барчаси меҳнаткаш ва тиришқоқ болалар. Агарда, улар меҳнат қилишдан чарчамай, ўз устида ишласа, ўйлайманки, биз хоҳлаган керакли футболчилар бўлиб етишади. Умид қиламанки, мендан ҳам зўр бўлиб етишишади шогирдларим.
-Асосий таркиб футболчиларини ёшлар таркибида ҳаракат қилишига қандай қарайсиз?
- Энди буни яхши ва ёмон томонлари бор. Биринчидан, ўша асосий таркибдаги бир неча футболчилар деярли ўйнамай қолишади. Шунинг учун, уларга ўйин амалиётини яратиб бериш мақсадида ёшлар таркибида тўп тепиш имкони берилади. Лекин, ўринбосарлар таркибида ҳаракат қилганда бор кучи билан ҳаракат қилиши талаб этилади. Аммо шундай футболчилар ҳам борки, улар ёшлар таркибида бор кучи билан ҳаракат қилишмайди. Бу жиҳатни профессионал бўлмаган футболчиларга ишлатиш мумкин. Футболчи ким билан ўйнаши ёки қайси жамоа таркибида ҳаракат қилмасин, ўша жамоа манфаати йўлида бор кучи билан ҳаракат қилиш лозим. Футболчи ўз ишини севиши ва қадрлаши керак. Ҳақиқий профессионал бўлиши лозим.
Шаҳбоз БЕҒАМОВ суҳбатлашди.