Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев навбатдаги рақибига аниқлик киритилди.
Matchroom компанияси Марлон Тапалесдан учралган мағлубиятдан сўнг реванш сўраб, WBA ташкилотига мурожаат йўллаган. Шунингдек, Марлон Тапалеснинг жамоаси ҳам 25 июль куни WBC ва WBO камарлари учун бўлиб ўтадиган Наоя Иноуэ ва Стивен Фултон баҳси ғолибига қарши мутлақ чемпионлик жангида иштирок этишни сўраган.
WBA қарорига кўра, Муроджон Аҳмадалиев навбатдаги жангини япониялик Томоки Камедага қарши “элиминатор” мақомида ўтказиши белгиланган. Баҳс ғолиби эса ҳозирда Марлон Тапалесга тегишли бўлган камар учун мажбурий даъвогарга айланади. Шу билан бирга Тапалесга кейинги даъвогарни эркин танлаш имкониятини тақдим этилган. Филиппинлик боксчи Фултон — Иноуэ жанги ғолибига қарши рингга чиқмоқчи.
Аҳмадалиевнинг рақиби япониялик Камеда фаолияти давомида 43 та жанг ўтказиб, 40 та ғалабага эришган. Томоки ҳозирда WBA рейтингида биринчи, IBF ва WBO рейтингида 9-ўринда бормоқда.
Муроджон апрель ойида филиппинлик Марлон Тапалесга қарши жангда мағлубиятга учраб, WBA ва IBF камарларини бой берганди.