ЕЛ финалидан кейинги пенальтилар серияси 3та «дуэл»дан 2тасида ғолиб чиққан Ёсин Бунунинг қаҳрамонлиги ва Гонсало Монтьель уринишида VAR тизими аралашуви билан эсда қолди.
Яъни аргентиналик футболчининг биринчи зарбасидан сўнг «Рома» кипери Руи Патрисиу тўпни қайтарди, бироқ ҳакам у дарвоза чизиғидан эртароқ чиққанини кўрсатиб, Монтьелга иккинчи имкониятни берди ва Гонсало ғалаба голини урди. Аммо финалдан сўнг кўпчилик яна бир жиҳат - Жозе Моуриньо томонидан пенальти тепиш учун танланган футболчиларга алоҳида эътибор қаратди. Бинобарин, «Рома» устози Андреа Белотти, Жоржиньо Вейналдум ва Стефан ал Шаарави каби ижрочилар қолиб, пенальти масаласида айтарли тажрибаси йўқ шогирдларига ишонч билдирди.
«Рома»дан серияда қатнашган футболчиларнинг бу борадаги статистикасига қарасак, Жозе Моуриньо кичик ҳийла ишлатишни ўйлагани ойдинлашади. Дейлик, Брайян Кристанте профессионал фаолиятида 3та пенальтидан 2тасида самара чиқаролмаган (у охирги мавсум «нуқта»га атиги бир бора яқинлашганди) бўлса, Жанлука Манчини ва Рожер Ибаньес илк марта «дуэл»га киришишди. Демак, португалиялик мураббий бу билан «Севилья» таҳлилчилари ва Ёсин Бунуга «сюрприз» улашишни ўйлаган бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, бундай ўйинлар олдидан таҳлилчилар ва дарвозабонлар одатда рақиб жамоа сафида пенальти тепадиган футболчиларни алоҳида ўрганиб чиқишади. «Беназир» эса «нуқта»га ҳеч қачон ёки деярли яқинлашмаган йигитларни танлади. 100 фоиз тушунарлики, у бунда «Севилья» дарвозабони бошини «айлантириш»ни ўйлаган.
Тўғри, ушбу назарияга қарши аргумент ҳам бор: эҳтимол, «Рома»дан 4-5-зарбаларни пенальти тепиш тажрибасига эга футболчилар амалга оширардилар агар андалусияликлар дастлабки 4та уринишда ҳам гол уришмаганида. Чунончи, ўша вақт Белотти, Вейналдум ва Никола Залевски майдонда эдилар. Асосий натижа шуки, Жозе Моурнинг ушбу тактик ҳийласи натижа бермади - «Севилья» дарвозасини қўриқлаган марокашлик кипер «Рома» ҳимоячилари қандай тепишларини билмасада, ўзини йўқотиб қўймади. Оқибатда «Рома» ЕЛ кубогидан ташқари, ЧЛ йўлланмасидан ҳам қуруқ қолди, Моуриньо эса фаолиятида илк марта еврокубоклар финалида мағлубиятни тан олди.
***
Фаолияти давомида еврокубоклар финалида 6-марта иштирок этган ва биринчи марта Жозе Моуриньо ўзига аталган медални ҳаммадан олдин қабул қилиб олди ва уни «Пушкаш Арена» трибунаси томон улоқтирди. «Беназир»га кераксиз «буюм» эса «Рома»нинг ёш мухлисига насиб этди. Медаль унда севимли жамоаси мағлубияти аламини маълум даражада «кесган»дир...