Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Жалолиддин Машарипов: «Буюклар кўпроқ қийналган оилалардан чиқишади...»

Баҳо:
+ | -

ЖАЛОЛИДДИН МАШАРИПОВДАН ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ТЎЛА БОЛАЛИГИ ВА ҲОЗИРГИ ҲАШАМАТЛИ ҲАЁТИ ҲАҚИДА ОШКОРА ИНТЕРВЬЮ.

Бу йигит замонавий ўзбек футболи етакчиларидан биридир, шубҳасиз. YouTube тармоғидаги IntervyuTV канали муаллифи, блогер Феруз Муҳаммад бошчилигида ижодкорлар Криштиану Роналду билан битта жамоа - «Ан-Наср»да фаолият юритаётган «Ўзбек Мессиси»нинг Саудия пойтахти Ар-Риёдда жойлашган муҳташам уйида меҳмон бўлиб, ундан катта интервью олишди. Алоҳида айтиш керак, ўзбек футболи теварагида бундай ошкора суҳбатлар камдан-кам бўлади. Ҳарқалай, Ўзбекистон миллий жамоаси юлдузи барчани қизиқтирадиган мавзулар - турмуш тарзи, қийинчиликларга тўла болалиги, шахсий ривожланиш йўли, бизнес оламидаги ҳозирги ишлари, Саудиядаги ҳаёти ва фаолияти хусусида очиқ-ойдин гапириб берди. Журналистлар 3 қаватли муҳташам виллага кириб борар эканлар очиқ гаражда турган баҳайбат автомобилни кўришди ва ошкора суҳбат шу мавзу юзасидан бошланди.

- Жалолиддин ушбу автомобилнинг баҳосини айта оласизми?

- Бу - Nissan Patrol. Араблар жуда яхши кўришади, менга ҳам маъқул келди: катта, ичи кенг, баҳоси эса 100 минг доллардан баландроқ.

- Вилла ҳам анча катта экан. Унинг ҳажми, нархи қанча?

- Уйнинг ҳажми 790 кв./метр­га тенг, нархига келсак, 3 миллион доллардан қимматроқ.

- Уйга кираверишда деворда Ўзбекистон байроғи турибди...

- Ҳа, қаерга бормайин, мамлакатимиз байроғи мен билан бирга. Буни ўзим учун одатга айлантирганман, яшаш уйимда Ўзбекистон байроғи ҳилпираб туришини хоҳлайман.

- Ҳозир кўплаб юртдошларимиз Россияда ишлаб, тирикчилик қилишмоқда. Эшитишимча, сиз ҳам вақтида ота-онангиз билан бирга  ўша томонларга борган экансиз. Ишлаш учун...

- Ҳа, Хоразмда туғилиб-ул­ғайдим. Табиийки, барча ота-оналар фарзандларини тўлиқ таъминлаш, уларга яхши шароитлар яратишни хоҳлашади. Ота-онам ҳам шу мақсадда Россияда ишлаб қайтганлар: отам қурилишда тер тўккан, онам эса арава билан кўчама-кўча кезиб, кийим-кечак сотган. Қисқаси, 7-8 ёшда озгина ёрдам бериш учун онамга қарашганман, фақат таътил пайти. Кўчага акам билан галма-гал, бир кундан чиқардик. Умуман, ота-отамнинг 13 йиллик умрлари Россия томонларда ўтган.

- Ота-онангиз 5-6 ойга узоққа кетишганида, сизлар кимнинг қаровида қолардинглар?

- Ўша вақтлар бувим билан яшаганмиз, ундан тарбия олганмиз.

- Болаликда ҳамма ҳам тўп тепган. Ҳаётга қарасак, моддий томондан барча шароитларга эга кўплаб болалар негадир «тепа»га чиқилошмайди. Сиз эса нисбатан оғир шароитда улғайиб, бугунги даражага кўтарилдингиз...

- Буюк одамлар кўпроқ қийналган оилалардан чиқишади - бу айни ҳақиқат. Ёшлигимдаёқ ота-онам иш қидириб Россияга бориш ташвишидан қутулишлари учун кучли футболчи бўлишим кераклигини англаб, шунга яраша ҳаракат қилдим. Оддий мактабда таҳсил олдим, кейин Янгибозор футбол-интернатига кирдим. У ерда 3-4 ой шуғуллангач, Жиззахда ташкиллаштирилган турнирга бордик. Хуллас, у ерда «Пахтакор» скаутлари ўйинимни кўриб, мени Тошкент­га олиб кетишди. Қолганини кўпчилик яхши билса керак. Умуман, бугунги даражага чиқишим аввало, Аллоҳдан. Ўйлайманки, бу - ота-онамнинг бизни ҳамиша ҳалол едириб-ичирганлари самараси.

- Сезилиб турибдики, болалик йиллари сизда моддий томонлама имкониятлар анча паст бўлган, шундайми?

- Ҳа, «Пахтакор»га етгунча оёғимга бутса киймаганман. Оддий кедада шуғулланардим. Ҳаттоки, битта кедани қайта-қайта тиктириб кийишимга тўғри келарди. «Пахтакор»да эса ҳаммаси ўзгарди: секин-секин бизга керакли атрибутларни беришди ва шундан сўнг фақат футбол ҳақида ўйлай бошладим.

- Демак, «Пахтакор»га ўтганингиздан кейин ота-онангизни ҳам узоққа бориб ишлашдан қайтаргансиз.

- Шундай. 2013 йили асосий таркибда майдонга туша бошладим, маошим ҳам кўтарилди. Биринчи йилги маошни йиғиб, «Каптива» сотиб олгандим, чунки автомобиллар «жинни»симан. Шунинг учун ҳам аввало, уй эмас, машина харид қилганман. Тўғри, орада уйга ҳам пул жўнатиб турардим, чунки оиламизда йиғилиб қолган қарз бор эди. 2016 йилга келиб, ота-онамни Россия сафаридан қайтардим. Бу вақтда барча харажатларга етарли даражада пул топа бошладим.

- Ота-онангиз сизни «Пахтакор»га олиб кетишларига қандай реакция билдиришганди?

- Эсимда, Тошкентга боргандан кейингина хабар бергандим ва табиийки, яқинларим ҳайрон қолишган. Аслида пойтахтда ҳам бошида анча қийналганман. Дейлик, ҳар куни Чилонзордаги мактаб-интернатидан «Пахтакор» стадионига қатнаш талаб этиларди, менда эса йўлкирага ҳам пул йўқ эди. Ҳаттоки, автобус кондукторлари бизни таниб қолишган, кўпинча пул олишмасди. Қолаверса, бошида озиқ-овқат таъминоти ҳам зўр эмасди, ҳали ҳаммаси аста-секин яхшиланганини ҳақида бежиз гапирмадим. Дарвоқе, шундай оғирликлар таъсирида уйдагиларга ортга қайтишни ҳам айт­ганим эсимда. Лекин бахтимга, «Пахтакор»даги биринчи мураббийим Дмитрий Ким қатъий туриб, мени олиб қолганди.

- Қизиқ, ўша пайт «Пахтакор»нинг асосий футболчилари шароити қандай эди?

- Зўр! Қибрайдаги базага борганимизда, асосий жамоа футболчиларини кўрардик. Масалан, Анвар Солиев, умуман, барча футболчилар қимматбаҳо автомобилларда келишарди. Очиғи, шуларни кўриб, менда катта футболчи бўлишга аҳд янада кучайган.

- Атиги 1 ёш катта акангиз ҳам футбол билан шуғулланган, лекин сиз учун профессионал фаолиятдан воз кечган экан. Шу тўғрими?

- Ҳа, акам «Насаф»да шуғулланарди ва иқтидори бўйича мендан кучли эди. Лекин мен Тошкентда, у Қаршида, Хоразмда эса синглимиз қолганди. Биламизки, қиз бола улғайган сари унга қатиққўлроқ бўлиш талаб этилади. Шуни  ўйлаган акам менга йўл берганди: «Жалол, сенга ишонаман, ҳали катта футболчи бўласан. Мен эса уйга қайтаман, синглимизга кимдир қараши керак». Демак, келиб чиқяптики, у мен учун футболдан воз кечган. Аллоҳга шукр, ҳозирда акамнинг ҳаёти яхши, катта бизнес билан шуғулланади.

- Туркияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги ЖЧ стартига 20 кун қолганида жиддий жароҳатланган, шунга қарамай, укол ёрдамида майдонга тушган экансиз. Кейинги фаолиятингиз хавф остида қолишидан чўчимаганмидингиз?

- Жаҳон чемпионатидан олдин Испанияда ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этилди. Қайсидир ўртоқлик учрашувида оёғимни синдириб олдим. Бунинг ортидан дастлаб Осиё кубогини ўтказиб юбордим. Кейин кичик мундиалга боролмаслик хавфи туғилди. Биламизки, бундай турнирлар ёш футболчилар учун ўзига хос ярмарка ҳисобланади. Қисқаси, бундай имкониятни қўлдан бой беришни истамадим ва оғриқ билан бўлсада, укол ёрдамида ўйинларда майдонга тушдим. Лекин бундай ёндашув зараримга ишлади. Чунки жароҳат таъсирида ўз ўйинимни кўрсатолмадим, аксинча, кўпчиликда ёмон таассурот қолдирдим. Асосийси, ЖЧдаги тажриба кейинчалик жуда асқотди - барчасидан тўғри хулоса чиқардим. Яъни ортга қайтгач, Қибрайдаги базада кунига икки маҳал қўшимча шуғулланишни одатга айлантирдим. Бинобарин, ўша пайт кўплаб тенгқурларим халқ назарига тушиб улгуришганди. Хуллас, улардан ортда қолмаслик учун ўз устимда тинмай ишлашга ўтдим.

- Узр, бу савол бироз ғалати туюлиши мумкин, лекин берамиз, барибир: оёғингиздаги кроссовка, қўлингиздаги соат, бошингиздаги кепка ҳашаматли кўринмоқда. Уларнинг баҳосини айта оласизми?

- Бемалол: кроссовка - 1500 доллар, соат - 4000-5000 доллар. Кепка эса чамаси 500-600 доллар...

- Шунча қимматбаҳо нарсаларни кийиш шартми?

- Тушунинг, Осиёнинг энг кучли клубларидан бирида катта футболчилар билан бирга ўйнаяпман. Агар оддий кийинсам, клуб рейтинги, имиджига ўзим хоҳламаган ҳолда путур етказиб қўйишим мумкин. Демоқчиманки, клуб талабидан келиб чиқиб, шундай кийинишим шарт.

Давоми "Интерфутбол" газетасининг кейинги сонларида.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 19:00, 09.06.2023.
Ўқилди: 2419 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.