Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Шавкат Муллажонов Қатар терма жамоасига қарши ЖЧ-2014 саралаш ўйини олдидан Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканалига интервью берди.
16 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 5-тур ўйинлари доирасида Қатар терма жамоасига қарши майдонга тушади. Доҳада бўлиб ўтадиган ўйин арафасида маҳаллий «Ал-Жазира» телеканалига интервью берган Шавкат Муллажоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари ушбу ўйиннинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши ҳис қилиб туришибди.
«Агар биз ушбу ўйинда ғалаба қозонсак, 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун имкониятларимиз ошади, бироқ салбий натижа қайд этиладиган бўлса аҳвол қийинлашади. Шундай экан, терма жамоа аъзолари ушбу ўйинда 100 фоиз куч билан ҳаракат қилиб, финалда ўйнаётгандек тўп суришади», - деди Муллажонов.
Айни вақтда ўйин атрофида энг кўп муҳокама қилинаётган жиҳат – ўйиннинг Қатар вақти билан 15:25да бошланишидир. Дастлабки режага кўра, «Ас-Садд» стадионида ўтказиладиган ўйин 18:00да (Тошкент вақти билан 20:00да) бошланиши керак эди. Бироқ Қатар тарафининг илтимосига кўра, ФИФА ўйин вақтини 2 соату 35 дақиқа вақтлироққа сурди.
«Айни вақтда фаолиятимни Саудия Арабистони чемпионатида давом эттирмоқдаман. Вақтида, бир ярим йил давомида Қатар чемпионатида ҳам тўп сурганман. Бироқ шу вақтгача бирор бир ўйиннинг 15:25га белгилангани ҳақида эшитмаган эдим. Қатарликларнинг ўзлари ҳам бу вақтда футбол ўйнашмайди, шунинг учун ҳам Қатарга қарши ўйинимиз шу вақтга белгиланганини билиб, ҳайрон қолдим», - деди Шавкат Муллажонов.
Бугунги кунда Саудия Арабистонинг «Ан-Наср» клуби аъзоси ҳисобланган Шавкат Муллажонов 2011 йилги Осиё Кубогидан сўнг Қатар чемпионатидаги фаолиятини бошлаган эди. Футболчи 2012 йилнинг июль ойига қадар Қатарнинг «Ал-Аҳли» жамоаси шарафини ҳимоя қилган.
26 ёшли Шавкат Муллажонов миллий терма жамоадаги фаолиятини 2010 йилнинг 11 август куни, Албания терма жамоасига қарши ўйин билан бошлаган бўлиб, ўтган давр ичида 20 ўйинда терма жамоа шарафини ҳимоя қилган.