Бекободлик шоир Ашурали Боймурод пойтахтимизда янги қуриб битказилган футбол кошонасидан илҳомланиб, чиройли шеър битибди. Ушбу шеърни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ўзбек мўъжизаси
Сен Шарқнинг гавҳари - ўзбек гавҳари,
Бағрингда товланар футбол заргари,
Мардларни бошлайвер ғалаба сари,
Зафарлар бўлмаса турмоғинг бекор,
Зафарлар майдони бўлгин, "Бунёдкор".
Ким чаққон эрурки, рақибдан ўзган,
Ларзага келарсан гол деган сўздан,
Аллоҳим асрасин ҳар ёмон кўздан,
Сен шуъла сочгайсан, гўзал, бетакрор,
Зафарлар майдони бўлгин, "Бунёдкор".
Дарвозанг ортида Ватан турибди,
Бу кун ўзбегимга толе кулибди,
Футбол яшнасин, деб қаср қурибди,
Ишқибоз танангда оқувчи мадор,
Зафарлар майдони бўлгин, "Бунёдкор".
Қалдирғоч парвози мосдир майдонга,
Довруғинг таралгай бу кун ҳар ёнга,
Энди чиқсак бўлар биз ҳам жаҳонга,
Чорлайвер мухлисни, токи имкон бор,
Зафарлар майдони бўлгин , "Бунёдкор".
Ашурали БОЙМУРОД (Бекобод)