"Ливерпуль" ўтган мавсумни кўнгилдагидек ўтказмагани сабабли якунда бешинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган эди. Шу сабаб клуб 2023-24 йилда Европа лигасида иштирок этади. Аммо мерсисайдликлар 2024 йилдан яна ЕЧЛга қайтиши керак. Бунинг учун эса Юрген Клопп айрим трансферларни амалга ошириши лозим. Унинг жамоасидан тўртта футболчи эркин агент сифатида кетадиган бўлди. Уларнинг ўрнини тўлдириш осон бўлмайди, албатта. Шундай экан, олдинда "Ливерпул"ни қайноқ ёз ва трансферлар ойнаси кутмоқда. Қуйида мерсисайдликларни ЕЧЛга қайтариши мумкин бўлган бешта янги номлар келтирилади.
Марк Гехи (ҳимоячи, "Кристал Пэлас")
Виржил ван Дейк ва Жоэл Матиплар қаримоқда. Жо Гомес эса ўзига билдирилган ишончни оқлай олмади. Шунинг учун жамоага марказий ҳимоячи зарур. Гехи бу ўринга мос келади. У "Челси"дан "Кристал Пэлас"га ўтиб, катта номга айланганди. Шунингдек, ҳимоячи доимий равишда Гарет Саутгейт томонидан Англия терма жамоасига чақирила бошлади. Гехи "Ливерпул"нинг мудофаасини сезиларли кучайтирган бўларди.
Иван Фреснеда (қанот ҳимоячиси, "Реал Вальядолид")
Аллақачон Европага ёш ва талантли футболчи сифатида танилган Фреснеда, катта клублар томонидан кузатилмоқда. Унга қизиққанлар ичида "Арсенал", "Барселона" ва "Ньюкасл" бор. 18 ёшли ҳимоячи ажойиб мавсум ўтказди. Фреснеданинг товон пули 17 миллион фунтга тенг. У "Ливерпул"да Александер-Арнольдга ўрин босар бўла олади.
Кефрен Тюрам (ярим ҳимоячи, "Ницца")
Франция терма жамоасидаги кучли рақобат шароитида ҳам Тюрам номи эътироф этилмоқда. У доимий уч ранглилар сафига чақирилади. Ўзининг Франция чемпионатидаги 114 та ўйини билан марказий ҳимояда ишончли вакилга айланган Тюрамга харидорлар кўп. Айтиш керакки, Франция афсонаси Лилиан Тюрамнинг икки ўғли бам ҳозир миллий терма жамоада ҳаракат қилади ва улардан бири Кефрендир. Унинг жамоадоши Ибраима Конате Тюрамни "Ливерпул"да кўришни исташини билдирган эди.
Габри Вейга (ҳужумкор ярим ҳимоячи, "Сельта")
Вейга учун ҳозирда "Челси" жиддий даъво қилмоқда. Унга "Ньюкасл" ва "МЮ" ҳам қизиқиш билдирган. 21 ёшли футболчи мавсум давомида 11 та гол урганди. Шу сабабли ҳозир унга "ёш Кака" дея ном берилган. Бу бекорга эмас. "Ливерпуль" Вейгани Макаллистер билан тандемда ўйнатиб, катта натижаларга эришиши мумкин.
Федерико Кьеза (вингер, "Ювентус")
"Ливерпул"да етарлича ҳужумчилар бор. Аммо Фирминонинг кетиши, олтита ҳужумчилар орасида бўшлиқ юзага келтиради. Клопп буни яхши тушунган ҳолда ҳужумчи ҳам излаши керак. Кьеза бу ўринга мос. Унинг мослашувчанлиги, исталган жамоага ёрдам беради. "Ювентус"дан кетиш тараддудида юрган футболчига харидорлар кўп. Кьезанинг Италия терма жамоасида муҳим фигура эканини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
ИСМАТОВ Ж.