Май ойида "Лион" - "Монпелье" ўйини ўта ҳам драматик тарзда кечди: тўққизта гол, мезбонлар учун фантастик камбэк ва иккита покер: бу охирги марта 1974 йилда содир бўлган эди, ўшанда Карлос Бьянки "Реймс" учун бешта гол урган, Делио Оннис эса "Монако" учун тўртта гол муаллифига айланган. Лига 1 учун бутун мавсумдаги биринчи покер "Монпелье" ҳужумчиси 20 ёшли Элье Ваи томонидан амалга оширилди. 15 дақиқада! Клуб турнир жадвалининг ўрталарида (12-ўрин) мавсумни якунлади.
Мавсум охирида Ваи голлари сонини 19 тага етказиб олди ва Лига 1нинг энг яхши саккизта тўпурарлари қаторига кирди, Мбаппедан 10 та гол кам! Аммо Эльенинг ишлари тўсатдан пайдо бўлиб қолгани йўқ, форвард ҳар мавсумда ўсиб бормоқда. У 17 ёшида "Мец"га қарши баҳсда дебют қилди ва иккинчи ўйиндаёқ у "Монако" дарвозасига гол урди ва клуб тарихидаги иккинчи энг ёш тўпурарга айланди. Биринчи мавсумни учта гол билан якунлади ва ўзини истиқболли футболчи сифатида кўрсатди, бир йилдан сўнг 10+2 ҳисобини қайд этди. Демак, ҳозирги натижа тизимли ўсиш мевасидир (Франция чемпионатининг 33 турида 19+6).
Ваининг асосий сифати - бу вазиятларни сифатли якунлаш. Уч мавсум оралиғида у XG модели бўйича кутилганидан кўпроқ тўртта гол урган. Ўртача ҳар тўртинчи зарба гол билан тугади ва 50% дан ортиқ зарба нишонга аниқ теккан.
Яна бир муҳим афзаллик - бу тезлик. Тўғридан-тўғри деярли Мбаппе даражасида: бу мавсумда Ваи 35,28 км, Килиан эса 36 км/соат тезликка эришди. Элье бўш жойни қандай топишни, шериклари учун ўз вақтида йўл очишни билади. Гол ҳар қандай жойдан келиши мумкин. Элье Ваи Килиан Мбаппедан кейин 20 ёшгача бўлган футболчилар орасида Лига 1да 20+ гол урган биринчи ўйинчи. “Мен рекордларни янгиламоқчи эмасман. Агар шундай бўлса, бу жуда яхши бўлади, лекин ўхшамай қолса, мен ишлашда давом этаман. Ҳозир одамлар мен ҳақимда кўп гапиришади ва бу ижобий ҳолат. Лекин мен қандайдир рекорд ўрнатганим учунгина тўхтаб қолмайман”, деди футболчи.
Бироқ Ваида камчиликлар ҳам бор. "Монпелье" қисқа пас ўйнашни афзал кўради, Элье эса деярли курашларда қатнашмайди ва ҳар бир учрашувда ўртача 16 та пас беради, уларнинг аниқлиги 68% ни ташкил қилади. Яккама-якка кураш санъати - яна бир оғриқли нуқта, у ўртача ҳар бешинчи курашда ғалаба қозонади, бўйи 178 см. Аммо ёш футболчи учун асосий жиҳат ҳаддан ташқари кўп содир бўладиган эмоционалликни енгишдир: бу мавсумда у саккизта сариқ ва битта қизил карточка олишга муваффақ бўлди.
Топ клублар Элье учун курашмоқда. Иқтидорга асосий даъвогарлар - "Арсенал", "Ювентус" ва "Милан". Январь ойида Footmercato лондонликларнинг қизиқиши ҳақида ёзганди, аммо ҳозирча вазият ҳеч қандай тарзда ривожланмаган. L'Equipe хабарига кўра, италияликлар кўпроқ қизиқиш билдиришган ва футболчининг атрофидагилар билан илк алоқаларни ўрнатишган. Tuttomercatoнинг қўшимча қилишича, бу вазиятда Рафаэль Леаунинг сотилиши жараённи сезиларли даражада тезлаштириши мумкин. Туринда Ваи Душан Влаховичга мумкин бўлган муқобил вариант сифатида кўрилмоқда. Transfermarkt француз футболчисини 25 миллион еврога баҳоламоқда.