"Реал" футболчиси Жуд Беллингем футболдаги энг қиммат ёш ўйинчига айланди. Англия терма жамоаси аъзоси 21 ёшгача бўлган футболчилар ичида энг ёрқин юлдуз сифатида "Golden Boy" совринига жиддий даъво қилмоқда. Football Benchmark нашри берган маълумотларга кўра, "Реал" учун 85 миллион фунтга тушган футболчи, аслида 130.3 миллион фунтга арзийди. Бу эса Беллингемни ўзининг "Golden Boy"даги энг яқин рақиблари бўлган "Бавария" юлдузи Жамал Мусиала ва "Барселона" тарбияланувчиси Пабло Гавидан юқорига олиб чиқади.
Нарх масаласида ўз тенгқурлари ичида еткачи бўлишига қарамай, Беллингем "Golden Boy Index"сида Мусиаладан кейинги, иккинчи ўринда қайд этилади. Бунга асосий сабаб футболчиларнинг ўз клубида қозонган муваффақиятларидир. Совринга даъвогар 100 та футболчи рўйхатидан 14 ўринда "Ливерпуль" футболчиси Харви Эллиот ўрин олган. Унинг трансфер нарих 31.2 миллион фунтга баҳоланмоқда. Шунингдек, кенгайтирилган рўйхатда "Брайтон"дан 4 та футболчи номи келтирилган. Улар Леви Колвилл (45), Эван Фергюсон (44), Хулио Энсисо (48) ва Факундо Бунаноттедир (86).
Умумий оладиган бўлсак, 100 талик рўйхат ичида 13 та АПЛ футболчилар мавжуд. Бу эса бошқа лигалар билан таққослаганда, энг яхши кўрсаткич саналади. Улар ичида "Манчестер Сити" тарбияланувчиси Рико Льюис топ-20 таликнинг 17-ўринида турган бўлса, "Челси" жуфтлиги Левис Холл ва Карни Чуквуэмекалар юзталикдан жой олган (95 ва 98). Шунингдек, инглиз контингентида "Ливерпуль" юлдузи Стефан Байчетич ҳамда "МЮ" ҳужумчиси Алехандро Гарначолар бор (21 ва 32).
Шуни таъкидлаш керакки, "Golden Boy"ни ютиш орқали, Беллингем бундай мақомга эришган учинчи инглиз футболчисига айланади. Тарихда илк бор Уэйн Руни 2004 йилда энг яхши ёш футболчи деб топилганди. 2014 йилда эса Рахим Стерлинг шундай шарафга муносиб кўрилган.
"Golden Boy"нинг энг машҳур эгалари сифатида Лионель Месси (2005) Сеск Фабрегас (2006), Серхио Агуэро (2007), Поль Погба (2013) Килиан Мбаппе (2017) ва Эрлинг Холанд (2020)ни келтира оламиз. Уларнинг бари ўз фаолиятлари билан дунё футболининг ажралмас қисмига айланиб улгуришган.
ИСМАТОВ Ж.