Бугун Қозоғистон чемпионатида 25-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Чемпионат тугашига 1 тур қолганида Виктор Кумиков бошчилигидаги "Шахтёр" клуби мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Шунингдек, ўзбекистонлик футболчилар тўп сурадиган "Актобе" ва "Иртиш" клублари ҳам ўз ҳисобларига навбатдаги 3 очкони ёзиб қўйишди.
"Иртиш" бугун "Қайрат"ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона гол Улуғбек Бақоев ҳисобига ёзилди. Ҳамюртимиз мавсумдаги 13-голини ўйиннинг 51-дақиқасида киритди. Ушбу ғалабадан кейин "Иртиш" ҳисобидаги очколар сони 48тага етди. Ундан кейинги ўринни 45 очко билан "Тобол" эгаллаб турибди. 44 очкодан тўплаган "Тараз", "Актобе" ва "Астана" жамоалари ҳисобида эса биттадан захира ўйин бор.
Бугун "Актобе" сафарда "Сункар" устидан минимал ҳисобда ғолиб келди. Қувонарлиси, ўйиндаги ягона гол Темур Кападзе ҳисобига ёзилди. Бу Темурнинг Қозоғистон Премьер-лигасидаги тўртинчи голи бўлди. Бикмаев ва Гейнрих ҳам асосий таркибда майдонга тушишди ва Александр 70-дақиқада ўз ўрнини жамоадошига бўшатиб берди.
Юқорида айтилганидек, "Актобе" 44 очко билан 2-ўрин учун кураш олиб бормоқда.