Таиландда ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида чорак финал баҳслари якунига етиб, ярим финалчилар номи маълум бўлди. Чорак финал босқичининг сўнгги ўйини Саудия Арабистони ва Ўзбекистон U17 терма жамоалари ўртасида кечди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқаларида йигитларимиз 2та хавфли вазиятни юзага келтиришди. Дастлаб Мирзаев қанотдан белгиланган жарима зарбасини бевосита дарвоза томон йўллади. Рақиб посбони тўсин остига кираётган тўпни юқорига уриб юборди. Орадан кўп ўтмасдан футболчиларимиз тўп билан саудияликлар жарима майдонига кириб боришди. Вакилларимиздан бири яқин масофадан дарвозага аниқ зарба бера олмади — тўп устун ёнидан ўтиб кетди.
Баҳснинг 18-дақиқасида эса Саудия оддий вазиятда пенальти ишлашга муваффақ бўлди. Ҳимоячимиз Озод Ўктамов шарт бўлмаган жойда жарима майдонимиз ичида рақиб футболчисини ортдан итариб йиқитди. Дарвозабонимиз Муҳаммадюсуф Собиров рақиб ҳужумчиси Навоф ал-Бишрий томонидан йўлланган пенальтини қайтариб, қаҳрамонлик намойиш этди. Посбонимиз биринчи бўлимда саудияликларнинг яна бир ҳужумини бартараф этди.
Бизнинг ҳужумчимиз Шодиёр Шодибоевда иккита яхши имконият бўлди — у икки марта рақиб дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқди. Биринчи бўлимдаги вазиятда ҳимоячи зарба йўлига ғов бўлган бўлса, иккинчи бўлим бошида Шодиёр зарба бергунча ҳимоячилар ундан тўпни ўғирлаб кетишди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқалари эса Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари учун омадли келди. Дастлаб 78-дақиқада Оллаберган Каримов Лазиз Мирзаев билан "девор" ўйнаб қанотдан жарима майдонига кирди. У сўнгги чизиқ ёнида дарвоза олдига узатма бераётганида тўп саудиялик посбони Маҳмуд ал-Бурайҳнинг оёғига тегиб, тўрга бориб тушди.
Учрашувнинг 84-дақиқасида эса Ўзбекистон бурчакдан тўпни ўйинга киритди. Амирбек Саидов бош билан тўп йўналишини ўзгартирди. Ҳимоячимиз Дилшод Абдуллаев эса оёғи тўпни дарвозага буриб юборди — 0:2.
Ўсмирларимиз сўнгги дақиқаларад ишончли ҳаракат қилиб, рақибнинг хавфли вазият яратишига имкон беришмади.
Шу тариқа, Ўзбекистон U17 терма жамоаси Индонезияда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ўсмирларимиз Осиё кубогининг ярим финал баҳсини 29 июнь куни Жанубий Кореяга қарши ўтказади.
U17 Осиё кубоги. Чорак финал
САУДИЯ АРАБИСТОНИ - ЎЗБЕКИСТОН - 0:2 (0:1)
Голлар: Маҳмуд ал-Бурайҳ (78-автогол), Дилшод Абдуллаев (84)
Ўзбекистон: 21.Муҳаммадюсуф Собиров, 5.Азизбек Тўлқинбеков, 6.Озод Ўктамов, 7.Лазиз Мирзаев (С), 8.Беҳруз Шукуруллаев, 13.Беҳруз Жуматов, 14.Шодиёр Шодибоев, 16.Муҳаммадали Раимов, 17.Оллаберган Каримов, 19.Шерзод Абдулбориев, 23.Дилшод Абдуллаев