Ҳориж чемпионатларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари ўз клублари сафида расмий ўйинларда майдонга тушишди.
РОССИЯ
Россия премьер-лигасида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ичида фақатгина Санжар Турсунов ўтган турда майдонга туширилган. Владикавказнинг «Алания» клуби шарафини ҳимоя қилаётган ярим ҳимоячи, 20 октябрь куни премьер-лиганинг 12 турида сафарда «Краснодар» клубига қарши учрашувнинг 63-дақиқасида майдонга тушди. 2:0 ҳисобида «Краснодар»нинг 2:0 ғалабаси билан якунланган учрашувда, С.Турсунов маайдонда 28 дақиқа ҳаракат қилди.
Россия 1-дивизионида иштирок этадиган Нижнекамскнинг «Нефтехимик» клуби аъзоси Вагиз Галиулин мазкур турда 90 дақиқа вақт давомида ўз жамоаси сафида ҳаракат қилди. Галиулин жамоаси ўз майдонида «Енисей» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
ҚОЗОҒИСТОН
Қозоғистон премьер-лигасининг 25-тур учрашувлари мазкур чемпионатда тўп сураётган бир қатор легионер футболчиларимиз учун омадли келди. Жумладан уч нафар Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари - Марат Бикмев, Темур Капдзе ҳамда Александр Гейнрихлар тўп сураётган «Актобе» клуби бу турда сафарда «Сункар» жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Актобе»га ғалаба келтирган ягона гол эса, учрашувнинг 10-дақиқасида миллий терма жамоамиз аъзоси Темур Кападзе томонидан киритилди.
Қозоғистон премьер-лигасида иккинчи ўринда бораётган Павлодарнинг «Иртиш» клуби ҳужумчиси Улуғбек Бақоев бу турда ҳам ўз жамоасига ғалаба келтирган ягона гол муаллифига айланди. Қозоғистон премьер-лигасининг 25-турида «Иртиш» клуби Бақоевнинг 51-дақиқада киритган ягона голи эвазига «Қайрат» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, Бақоевнинг Қозоғистон чемпионатидаги голлари сони 13тага етди ва ҳужумчи премьер-лига тўпурарлари жадвалидаги пешқадамлигини мустаҳкамлаб олди.
УКРАИНА
Днепропетровскнинг «Днепр» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларидан бири Виталий Денисов Украина чемпионатининг навбатдаги турида майдонга туширилмади.
САУДИЯ АРАБИСТОНИ
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров Саудия Арабистони Про-лигаси баҳсларининг якунига етган турида ўз жамоаси - «Аш Шабоб» клуби сафида ўйнамаган. Миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси бу сафар ўйин қайдномасига киритилмаган.
Саудия Арабистони Про-лигасининг бошқа бир клуби, «Ан-Наср» шарафини ҳимоя қилаётган миллий терма жамоамиз ҳимоячиси Шавкат Муллажонов 19-октябрь куни ўз майдонларида «Нажран» клубига қарши кечган учрашувда тўлиқ 90 дақиқа давомида тўп сурган. Мазкур учрашув 1:1 ҳисобида ўз якунига етган.
ХИТОЙ
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган бўлган футболчилардан бири Камолиддин Тожиев, Хитой чемпионатининг навбатдаги турида ўз жамоаси «Жиангсу» таркибида чемпионат пешқадами «Гуанчжоу» клубига қарши майдонга тушди ва учрашувда тўлиқ 90 дақиқа вақт давомида ҳаракат қилди. Мазкур учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилган.
Хитойнинг «Чангчун Ятай» клуби аъзоси ҳисобланган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Анзур Исмоилов ҳам, якунига етган тур учрашувида ўз жамоаси - «Чангчун Ятай» сафида сафарда «Шанхай Шенхуа» жамоасига қарши майдонга тушди ва тўлиқ 90 дақиқа вақт давомида майдонда тўп сурди.