Лионель Месси "Интер Майами"да фаолиятини бошлаш имкониятидан жуда мамнун эканлигини тан олди.
Месси Аргентина терма жамоасидаги собиқ жамоадоши Макси Родригес ва аргентиналик футбол афсонаси Хуан Рикельме билан хайрлашув ўйинларида иштирок этиш учун ўзининг туғилган шаҳри Росариога қайтди.
"Бундай ўйинда ўйнаш имкониятини қўлга киритганимдан жуда хурсанд бўлдим, Рикельме Аргентина ва "Бока Хуниорс" учун жуда катта аҳамиятга эга. Энди мен бир неча кунлик таътилга чиқаман, кейин эса янги шаҳарга кўчиб ўтишни бошлайман. Янги жамоа. Мен жуда ҳаяжондаман", - деди Месси Goal.com билан суҳбатда.
Рикельме 2015 йилда фаолиятини якунлаган. 2019 йилдан буён у "Бока Хуниорс" вице-президенти лавозимида ишлаб келмоқда.
"Интер"да Месси 10-рақам остида ҳаракат қилади. Унинг янги жамоадаги дебюти 21 июль куни Мексканинг "Круз Асуль" жамоаси билан ўйинда бўлиб ўтиши кутилмоқда.