Килиан Мадридга яқинлашиб бормоқда
Аммо Парижда ҳужумчи билан шартномани узайтириш бўйича янги схемани ўйлаб топишган. Килиан Мбаппенинг "ПСЖ"дан "Реал"га ўтиши билан боғлиқ вазият тез суръатлар билан ривожланмоқда. Сўнгги соатларда Париж клуби ва Франция терма жамоаси ҳужумчисининг келажаги билан боғлиқ бир қанча инсайдлар пайдо бўлди. 24 ёшли юлдуз Мадридга тобора яқинлашиб бормоқда. Журналист Француа Гальярдо бугун тушдан кейин твиттердаги саҳифасида "Реал Мадрид" Мбаппе билан шартномани июль ойининг биринчи ҳафтасида ёпиши ҳақида ёзди. Манбага кўра, Мадридга Килианнинг онаси ва агентларидан бири Файза Ламари ҳамда унинг компанияси ходимлари етиб келади. Испания пойтахтида клуб раҳбарияти ва футболчи вакиллари трансфернинг якуний шартларини келишиб олишади.
Айни вақтда Marca нашри 30 июнь, жума куни Мбаппенинг онаси ҳам "ПСЖ" президенти Носир Ал-Хелайфи билан музокара ўтказишини маълум қилди. Ушбу учрашувда томонлар вазиятни ривожлантириш вариантлари ва боши берк кўчадан чиқиш йўлларини муҳокама қилади. Нуфузли испан нашри хабарига кўра, Париж клуби бошлиқлари ультиматум қўйишган: ё Килиан ҳозирда шартномасини узайтиради ёки ёзги трансфер ойнасида кетади. Агар сотиш масаласи ҳал этилса ва ҳужумчи учун аниқ нарх белгиланса, шундан кейингина Мадриднинг “Реал” клуби Франция чемпиони билан шартнома шартларини муҳокама қилишни бошлайди. Шу кунгача “қаймоқранглилар” раҳбарияти “ПСЖ”даги ҳамкасблари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишмаяпти, бироқ Мбаппенинг онасига Ал-Хелайфи билан белгиланган трансфер нархи бўйича келишиб олиш вазифасини қўйган. Инсайдер Алекс Женеро Мбаппенинг агентлари ва "ПСЖ" раҳбарлари ўртасидаги музокаралар тафсилотлари билан ўртоқлашди. Иккала томон ҳам Килиан 2024 йилда текинга кетмаслигига келишиб олди. Бугунги учрашув санаси эса тасодифан танланмаган: 30 июнь - ҳужумчи шартномани 2025 йилнинг ёзига қадар узайтириш вариантини фаоллаштириши мумкин бўлган охирги кун.
Олдинроқ The Athletic агар франциялик футболчи бир йилдан сўнг эркин агент сифатида Мадрид клубига ўтса, "Реал" Мбаппега 130 миллион евро миқдорида бонус беришга тайёрлигини ёзганди. Аммо, афтидан, бу содир бўлмайди. "Қаймоқранглилар"нинг катта бонуси билан Килиан 2024 йилнинг ёзигача Парижда қолса, 200 миллион евро ишлаб олиши мумкин, чунки у кейинги мавсумда "ПСЖ"дан 70 млн евро миқдоридаги “содиқлик бонуси” олиши керак эди. Marca хабарига кўра, "ПСЖ"да муқобил вариант бор, бу француз клубининг ўзига, ҳам Мбаппега мос келиши керак. Парижликлар футболчига шартномани икки ёки уч йилга узайтиришни таклиф қилишади ва уни 2024 йилнинг ёзида "Реал"га сотишга ваъда беришади. Бундан ташқари, улар оғзаки ваъда беришади, чунки Францияда шартномага футболчини сотиб олиш тўғрисидаги бандни киритиш тақиқланган. Шундай қилиб, "ПСЖ" Килиан учун пулни бир йилдан кейин олади ва уни текинга йўқотмайди. Яна бир нарса - Мбаппенинг онаси оғзаки ваъдаларга ишонадими ёки йўқми? Испания ОАВ “Реал Мадрид” тузоққа тушиб қолмаслик учун ҳеч қандай қадам ташламоқчи эмаслигини яна бир бор таъкидламоқда, 2022 йилнинг ёзида, Мбаппе охирги лаҳзада Парижда қолишни танлаганида бу кўпчиликни шокка туширганди. Мбаппенинг келишини кутаётган “қаймоқранглилар” раҳбарияти Анчелоттининг топ ҳужумчилар йўқлигидан норози бўлишига қарамай, “Эспаньол”дан келган Хоселуни бўлажак мавсумда асосий ҳужумчига айлантирмоқчи. Карим Бензема кетганидан кейин бу муқобил вариант сифатида кўринди.