Ўзбекистон U-19 қизлар терма жамоасининг Осиё чемпионати саралаш 2-босқичидаги рақиблари номи маълум бўлди.
Ольга Ким қўл остидаги Ўзбекистон U-19 қизлар терма жамоаси 2012 йилнинг 2 декабрь куни 2013 йилги Осиё чемпионати саралаш 2-босқичи ўйинларини бошлайди. Мусобақанинг финал босқичи йўлланмаси учун курашда ўзбекистонлик футболчи қизларга «А» саралаш гуруҳида Таиланд, Эрон ва Иордания терма жамоалари рақиблик қилади. Саралаш баҳслари Вьетнамнинг Хо Ши Мин шаҳрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон U-19 қизлар терма жамоаси саралашнинг 2-босқичидаги дастлабки ўйинни 2 декабрь куни «Тонг Нат» стадионида Эрон терма жамоасига қарши тўп суради. 4 декабрь куни Ольга Ким қизлари Иорданияга қарши тўп суришса, 6 декабрь куни саралашнинг гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйин таиландлик футболчи қизларга қарши ўтказилади.
Агар Ўзбекистон U-19 қизлар терма жамоаси гуруҳ босқичини 1-ўринда якунлашса, Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмаси учун саралашнинг «В» гуруҳи ғолибига қарши ўйинда майдонга тушади. 9 декабрь куни бўладиган саралашнинг финал учрашувида «А» гуруҳи ғолиби «В» гуруҳи иштирокчиларидан бири – Вьетнам, Хитой Тайпейи, Ҳиндистон ёки Мьянмага қарши Осиё чемпионати финал босқичига бериладиган ягона йўлланма учун майдонга чиқади.
19 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичида жами олти терма жамоа иштирок этади. Мусобақанинг қолган беш иштирокчиси номи маълум бўлиб улгурган – 2011 йилги Осиё чемпионатида кучли бешликдан ўрин олган Япония, Шимолий Корея, Хитой, Жанубий Корея ва Австралия терма жамоалари 2013 йилги мусобақага тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган.
Бир гуруҳдан жой олган барча жамоалар ўзаро майдонга тушишади ва 5 тур якунига кўра энг кўп очко тўплаган жамоа мусобақа ғолибига айланади. Мусобақа чемпионидан ташқари, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритган терма жамоалар Қизлар ўртасидаги U-20 жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-19 қизлар терма жамоаси октябрь ойида ўтказилган саралашнинг 1-босқичида Ҳиндистон терма жамоасига мағлуб бўлган эрса-да, 1-турда Бангладешдан устун келгани сабаб, 2-саралаш босқичи йўлланмасини қўлга киритган эди.
U-19 Осиё чемпионати-2013 саралаш 2-босқич
«А» саралаш гуруҳи, 1-тур учрашувлари
2 декабрь, якшанба
14:00. Таиланд – Иордания («Тонг Нат» стадиони)
17:00. ЎЗБЕКИСТОН – Эрон («Тонг Нат» стадиони)
4 декабрь, сешанба
14:00. Иордания – ЎЗБЕКИСТОН («Тонг Нат» стадиони)
17:00. Эрон – Таиланд («Тонг Нат» стадиони)
6 декабрь, пайшанба
14:00. Таиланд – ЎЗБЕКИСТОН («Тонг Нат» стадиони)
14:00. Эрон – Иордания (Армия стадиони)
9 декабрь, якшанба
17:00. «А» гуруҳи ғолиби – «В» гуруҳи ғолиби («Тонг Нат» стадиони)
Ўйинлар Тошкент вақти билан кўрсатилган.